Бош саҳифа / Жамият / Гижжа – хавфли хасталик

Гижжа – хавфли хасталик

Ҳозирги кунда одам организмида текинхўрлик қилиб яшайдиган гижжаларнинг 270 дан ортиқ тури маълум. Улардан 40 турдагиси кишиларнинг доимий ҳамроҳи ҳисобланади. Ўзбекистонда уларнинг 10-12 хил тури учрайди. Шулардан 5-6 хили энг кўп тарқалган ва сезиларли зарарланиш ўчоқларини ҳосил қилади.

Гижжалар нафақат ошқозон ичак қисмида, балки нафас олиш, жигар, талоқ, мускул, қон, мия, кўз ва бошқа аъзолар ҳамда тўқималарда ҳам яшайди. Инсоннинг гижжалар ҳаёт кечиролмайдиган бирор бир аъзоси йўқ. Уларнинг тухум ва личинкаси қандай шароитда ривожланиши ва юқишига қараб геогельминтлар, биогельминтлар, контагиоз гельминт турларига бўлинади

Гижжалар организмдаги витаминлар, углеводлар, оқсил ва минерал моддаларни сўриб олади, организмда кам қонлик ва витаминлар етишмаслигига олиб келади. Жуда кўп касалликларни жумладан, тутқаноқ, паришонхотирлик, терига оқ доғлар тушиши, аппендицит, энурез, отит, квинке шиши, бронхит, бронхиал астма, дерматит, бронхопневмония ва бошқа касалликларни келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида организм иммунитети пасайиб, ўткир касалликлар сурункали шаклга ўтиб кетади. Организм касалликка чалинувчан бўлиб қолади.

Гижжалар одам ички организмида жуда кўп асаб ўчоқларини зарарлайди. Импульслар марказий нерв системаси ва кейин рефлектор йўли билан бутун организмга таъсир кўрсатади. Гижжа ўзи жойлашган аъзодан ташқари бошқа тана аъзолари  фаолиятини бузади. Шу боис гижжа касалликлари – бутун организм хасталиги дейилади.

Бу касалликдан сақланиш ва олдини олиш учун, аввало ариқ, завур, сой сувларидан ичимлик сифатида фойдаланмаслик ва қайнатиб ичиш зарур. Бозорлардан ветеринария назорати муҳри бўлмаган гўшт сотиб олманг. Яхши қайнатилмаган ёки яхши қовурилмаган  гўшт истеъмол қилиш мумкин эмас. Шунингдек, ёш болаларнинг ит ва мушуклар билан ўйнашига йўл қўймаслик, болалар ётоқхонасига киритмаслик керак. Бир сўз билан айтганда, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилишни унутманг.

Оиладагиларнинг гижжа касаллиги ва унинг олдини олишдан хабардорлигига алоҳида эътибор беринг ва яқинларингизнинг ушбу касалликка чалинганидан гумон қилсангиз, зудлик билан мутахассис шифокорларга мурожаат қилинг.

Юқоридаги тавсияларга қатъий амал қилсангиз, хонадонингизда гижжа пайдо бўлмайди, ҳеч кимга юқмайди ва юққан бўлса, ундан халос бўласиз.

Т. ОРТИҚОВ,
Шўрчи туман ДСЭНМ олий тоифали врачи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE