Бош саҳифа / Жамият / Газетхонлар сахифаси

Газетхонлар сахифаси

Газетамиз саҳифаларида туманлар ва олис қишлоқларда амалга оширилаётган ибратли ишлар тўғрисида хабарлар кўпаймоқда. Йилнинг биринчи чорагида муштарийлар томонидан 21 та хат йўлланган бўлса, ўтган тўрт ой мобайнида таҳририятимизга жами 275 та мактуб келиб тушди. Шундан 168 таси  чоп этилди. Улардан 38 таси шеър ва ҳикоялар, 21 таси шикоят хатлардир. Мактубларда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва ободлик ишларида фуқароларнинг фидойи меҳнати қаламга олинмоқда. Шунингдек, муштарийларимиз турли хил мавзуларга оид фикрлари, мулоҳазаларини ҳам қоралаб, бизга йўллашмоқда. Қуйида ана шуларнинг айримлари билан танишасиз.

Мактубларни ўқиб

Шўрчи тумани “Озод” маҳалла фуқаролари йиғини меҳнат фахрийси Абдимўмин Аллоёров давлат ҳокимияти органлари вакилларининг халқ билан мулоқот қилишини, ҳокимлар ва мутасадди раҳбарларнинг одамлар олдига келиб, уларнинг дарду ҳасратини эшитишини 65 йил кутганини ўз мактубида ёзган. Ниҳоят, бу йил ана шу орзунинг амалга ошганига шукрона келтирган. Шундай ватанда яшаётганимиз учун барча фуқароларни шу юрт учун фидойи бўлиб яшашга чақирган.

Музработлик ўқитувчи Равшан Қодиров ҳам мактубида тинчликнинг улуғ неъматлигини, осойишта юртда яшашнинг ўзи бир бахт эканини таъкидлайди. Ваҳоланки, унинг қадрига ўзга юртларда бўлаётган хунрезликлару вайронагарчиликлардан хулоса чиқарибгина етишимиз лозимлигини уқтиради. Худди шу мазмундаги мактублар деновлик Назокат Аввалова ҳамда ҳарбий хизматчи С.Шобердиевлардан ҳам келган. Вилоят ўлкашунослик музейи ходими Бобур Тошқобиловдан келган мактубда эса шонли ўтмишимиз ва мустақиллик йилларида олиб борилган оқилона сиёсат ҳақида батафсил тўхталиб ўтилган.

Термизлик Дилбар Нормуродованинг мактубларини ҳароратли ғурурнома дейиш мумкин. Чунки муаллиф айни пайтда ўзи фаолият олиб бораётган 11-умумтаълим мактабидаги ҳар жабҳада илдам, зукко ўқувчилар, уларнинг ютуқлари ҳақида фахрланиб қоғоз қоралаган. Жумладан, 10 яшар Муслима Алимуродованинг ҳали ёш бўлсада спортда эришаётган ютуқлари ёки Азиза Музаффарованинг бадиий ижод йўналишида турли танловларда ғолиб бўлганини уларнинг тинимсиз изланиши ва илмга чанқоқлиги билан изоҳлайди. Ва муаллима бундай ёшларнинг келажаги порлоқ бўлишидан умидланади.

— Маҳалламизда фидойи, ўз касбининг усталари кўп, — деб ёзади Қумқўрғон тумани “Жалойир” МФЙдан Зиядулла Мустафоқулов. — Устоз Зайнаб Жўраева ана шундайлардан бири. У ўз шогирдларини ота-онани ҳурматлаш, Ватанга, ўз халқига содиқ бўлишга ундаб, ҳаётда ҳамиша тўғри йўлни танлашга ўргатади. У кишидан маҳалламиз аҳли бирдек миннатдор.

Термиз туманидан Зарина Дилмуродованинг хатида ҳам ана шундай ўқитувчи Хуршида Мамаёқубова ҳақида ижобий фикрлар билдирилган. Қумқўрғонлик Тўра Раззоқ номидан ёзилган мактубда эса эл суйган санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг такрорланмас истеъдоди ҳақида илиқ фикрлар келтирилган.

Хатлар орасида айрим соҳа мутахассисларининг ҳам қораламалари жуда кўпчиликни ташкил қилади. Ажабланарлиси, уларнинг аксариятининг мавзуси бир хил. Мисол учун, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ходимлари И.Буранов, А.Хонов, П. Давлатоваларнинг мактубида ОИТС касаллиги ва гиёҳвандлик ҳақида деярли бир-бирига ўхшаш маълумотлар билан чекланилган. Аслида бу борада олиб борилаётган ишлар ёки бу иллатларга қарши курашишнинг янгича усуллари ҳақида таклиф ва мулоҳазалар билдирилса, яхши бўларди.

Албатта, ҳар бир мактуб ва унда билдирилган муносабат бизни қувонтиради. Демак, одамларимиз уйғоқ, атрофидагилар ва жамиятдаги воқеаларга бефарқ эмас. Бундан кейин ҳам биз муштарийларимиздан кўпчиликни ўйлантираётган муаммоли мавзулар ҳамда маҳалласи ёки қишлоғида тадбиркорлик, ҳунарманд чилик, боғдорчилик билан шуғулланиб бошқаларга ўрнак бўлаётган кишилар ҳақида ёзилган мақолалар, мактублар кутиб қоламиз.

ТАҲРИРИЯТ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE