Бош саҳифа / Газета ҳақида

Газета ҳақида

Воҳанинг олтин қомуси

Кунлар, ойлар, йиллар шамолдек ўтаверади. Авлодлар алмашаверади. Бугунгача “Сурхон тонги“ аталмиш муқаддас даргоҳга уч юз нафардан ортиқ ижодий ва техник ходим келиб кетган. Ўтган 85 йил ичида газета таҳририятини ўн тўққизинчи муҳаррир бошқармоқда.

Газета қадим-қадимдан жуда катта маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот, мафкуравий куч ҳисобланган. Ҳозир шаҳар чеккасида жойлашган Термиз туманидаги Паттакесар манзилгоҳида 1932 йил 15 апрелдан “Қизил чегарачи“ деган газета кичик ҳажмда чиқа бошлайди. Чегара ҳудудида бўлганлиги, Термиз стратегик аҳамиятга эга жанубий дарвоза эканлиги ҳисобга олиниб, биринчи бўлиб ана шу ҳудудда ўша даврнинг энг кучли мафкуравий қуроли — газета ташкил қилинганди. Унга биринчи муҳаррир этиб, Саидбоев тайинланади. У киши бу таҳририятни ўн уч йил давомида бошқаради. Ниҳоят, 1935 йил 18 мартдан “Қизил чегарачи“ ўрнига “Илғор Сурхон учун“ газетаси чиқа бошлайди. Газетага муҳаррир этиб тайинланган Рустам Абдураҳмонов негадир унинг “гувоҳнома“ сига эътибор бермайди. Аслида “Қизил чегарачи“ бу нашрнинг ўтмишдоши бўлганлиги учун унинг титули тагига “Газета 1932 йил 15 апрелдан чиқа бошлаган“ деб ёзилиши керак эди. Шу ҳисобда бу йил севимли нашримиз 85 ёшга тўлади.

Энди ўша пайтларда «Илғор Сурхон учун» таҳририятида ўз даврининг етук инсонлари ишлашганлигини эътироф этиш лозим. Вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётини ёритишда Олим Носиров, Абдулла Шарипов, Абдураҳмон Раҳматуллаев, Акром Қодирий, Зоир Муллажонов, Аҳмад Тиллаев, Нишон Қосимов, Дўстбой Янгибоев, Ҳалил Зуфаров, Қувондиқ Жўраев, Нарзулла Сафаров, Нур Давхонов, Қодир Ғуломов, Бозор Меликов каби забардаст ижодкорлар ишлашган. Гарчи улар журналист бўлишмаса-да, туғма истеъдод соҳиби, тажрибали қаламкаш бўлишган.

1941 йилга келиб газета ҳафтасига уч марта чиқадиган бўлади. Шунда иш ҳажми кенгайгач, янги ижодий кучларни жалб этишга тўғри келади. Шу муносабат билан жамоага Н. Эргашев, Юсуф Аслидинов, Аҳмад Мухтаруллин, Р. Тилакзода, М. Икромов, С. Абдуқаҳҳорлар келиб қўшилишган.  Ана шу йилларда газетага Зокир Тўрахонов, Мамарайим Қўчқоров, Ҳусан Умаров, Ҳалим Боқиев, Юсуф Сулаймонов каби инсонлар бош муҳаррир бўлишган. Иккинчи жаҳон уруши бошида бир муддат жамоани Ўроз Эрмонов бошқарган. 1941 йилда Сурхондарё вилояти ташкил топгач, газета нуфузи янада ортиб, беш минг нусхада чоп этила бошланган ва унга Темир Габидов бош муҳаррир этиб тайинланган.

Биз юқорида бежиз “Бу даргоҳга уч юз нафардан ортиқ инсонлар келиб кетишган” демадик. Урушдан сўнг  Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари қўшилади. Қашқадарёдаги барча вилоят ташкилотлари Термизга кўчирилади. Шу жумладан, Қашқадарё вилоят газетаси ходимлари ҳам Сурхондарёга  ишлаш учун кўчиб келишга мажбур бўлишади. 1959 йилда “Илғор Сурхон учун” газетаси “Ленин байроғи” номи билан  катта форматда чоп  этилади. Энди у ҳафтасига беш марта чиқар, ўқувчиси ҳам анча кўпайганди. Бош муҳаррир эса қашқадарёлик Йўлдош Умаров бўлади. Икки вилоят ижодкорлари жуда катта жамоани ташкил этади. Ўз даврида ижодий фаолияти билан мамлакат миқёсида танилган қашқадарёлик Самар Нуров, Мели Маҳмудов, Сувон Соқиев, Самар Қодиров, Суҳроб Рустамовлар билан бирга воҳадошларимиз Фарид Шаманов, Низомжон Парда, Кенжа Қодиров, Эргаш Муродов, Восит Воҳидов, Тошқўзи Муллаевлар астойдил ижод қилишган. Қўшилиш даврида  газетанинг жуғрофик қамрови кенглиги, мухбирлар сонининг кўплиги, мавзунинг ранг-баранглиги билан янги босқичга чиққан, десак тўғри келади. Газета тахламларини варақлаганда,  бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Хуллас, икки вилоят яна ажралгач, қашқадарёлик ҳамкасблар ҳам “Ленин байроғи” ни тарк этишади. Шу орада жамоага Абдулла Лутфуллаев раҳбарлик қила бошлайди. У киши бир муддат бошқаргач, газета жамоасига Саидмурод Жўрақулов раҳбар этиб тайинланади. Бу инсон газета тарихида энг узоқ — ўн саккиз йил муҳаррирлик қилган.

Олтмишинчи-етмишинчи йиллар  газетанинг энг юксалиш даври ҳисобланади. Бу вақтда “Ленин байроғи” таҳририятида Теша Сайдалиев, Норқул Ҳайитқулов, Болта Ёриев, Исомиддин Отақулов, Хуррам Мақсадқулов, Тансиқбой Тумишев, Ботир Менглиқулов, Раҳматулла Абдураҳмонов, Менгзиё Сафаров, Зоир Мамажонов, Раҳматжон Аҳмаджонов, Холмамат Маматқулов, Муҳиддин Мерганов, Ҳамид Раҳмонов, Аҳмад Эргашев, Турғун Худойназаров, Чори Алимов, Чори Шомуродов, Олимжон Усанов, Тожиддин Раззоқов, Холмўмин Худойқулов, Азамат Ребяжев, Турсунпўлат Қўшоқов, Саломжон Менгноров, Муҳаммаджон Раҳмонов каби энг сара журналист-ижодкорлар тўпланишганди.

Шуни унутмаслик керакки, газета вилоят ҳаётида жуда катта мавқега эга минбар бўлган ва шундай бўлиб келмоқда. Саксонинчи йиллардан сўнг газета сифат ва мазмун, бадиий, ижтимоий-сиёсий савия жиҳатидан ҳам ўсганлигини кўрамиз. Шу даврга келиб газета 45 минг нусхада чоп этилади. Энг муҳими, ҳар бир даврда жамоага янги кучлар келиб қўшилишган. Тошкентдаги нуфузли матбуот нашридан келган Худойберди Эшонқулов, Аннақул Шоймардонов, Чори Тўхтаев, Маҳмуд Абулфайизов, Усмонали Норматов, Жовли Хушбоқов, Алимардон Бўронов, Аннақул Жабборов, Хайрулла Султонов, Каромат Бегашева, Жамила Эргашева, камина ва Эгам Дўстлар келишган бўлса, тўқсонинчи йилларда жамоани Маҳкамтош Абраева, Азизали Алибоев, Холмуҳаммад Тоғаймуродов, Алишер Поёнов, Шамсия Худойназаровалар тўлдиришди. Кейинги йигирма олти йил ичида жамоамизга биттагина журналист Сайёра Аллаева келиб қўшилди.

Сафар ОМОН

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE