Бош саҳифа / Жамият / Гап “МЕЗОН”дами?..

Гап “МЕЗОН”дами?..

Хоҳ кундуз, хоҳ тунда, шаҳар марказини ёки маҳаллаларни айланинг, тўда-тўда бўлиб юрган эгасиз, дайди итларга кўзингиз тушади. Итлар атрофда бемалол сайр қилиб, яна бирида кўзни яшнатиб турган майсазору йўловчи йўлаклари бўйлаб чўзилиб ҳордиқ олишаётган бўлишади. Уларнинг яқинидан ўтгани ҳаддимиз сиғмай, манзилимизни олис қилса-да, айланиб ўтишни маъқул кўришимиз ҳам бор гап.

(Хизмат сафари билан туманлардаги маҳаллаларда бўлганимизда ҳам кўплаб шу каби кўнгилсиз манзараларнинг гувоҳи бўлдик…)

Ҳозир айни, халқ тили билан айтганда, итларнинг маст бўлиб, “улуғадиган” ойи. Шу билан бирга, кўчада дайдиб, бўш юрган итлар бошқа итларнинг “ҳудуди”га кириб қолишса, талашади. Бундай ҳолларда қутуриш касаллигининг ортиши ва одамларга юқиш хавфи янада кўпаяди. Таассуфлар бўлсинки, дунё миқёсида даволаш учун миллиардлаб долларлар сарфланадиган  бу касалликнинг ҳали ҳамон давоси топилганича йўқ. Бу борадаги масъуллар ғафлат уйқусидан уйғониб, ўз вазифаларига сидқидилдан киришишлари учун албатта, қаттиқроқ туртки керакка ўхшайди.  Акс ҳолда, юқорида айтиб ўтилган каби кўнгилсиз манзараларга ўрин қолмаган бўларди.

Бундан ташқари, дайди юрган итларнинг ҳар жойга ташлаб кетаверадиган экскремент (ахлати) даги микроб (паразит) ва бактериялар ўйинқароқ, жой танламас, жуда қизиқувчан фарзандларимиз соғлиги учун ҳам нечоғлик хавфли эканлигини айтмаса ҳам бўлади!

Шу ўринда, Вазирлар Маҳкамасининг “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2011 йилдаги қарорининг баъзи бир бандларини эслатиб ўтишни лозим топдик. Ушбу қоидага кўра, кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, эгасиз итлар, мушукларни тутишни ташкил этиш, шунингдек уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этиш шаҳар (туман) ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимларининг асосий вазифалари этиб белгиланган эди. Хўш, мазкур бўлимлар томонидан шу вақтга қадар бу борада қандай ишлар амалга оширилди? Юқорида таъкидлаб ўтилган кўнгилсиз манзаралардан маълумки, ҳеч қандай!

Жумладан, шаҳар ички ишлар бўлими томонидан аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш юзасидан назоратини кучайтириш ҳамда ушбу қоидалар бузилишига йўл қўйган шахс ларни жавобгарликка тортиш бўйича қандай таъсирчан чора-тадбирлар кўрилди?

Худди шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли ветеринария бўлимларига итларни ўз вақтида эмлаш вакцинация қилиш учун уларни сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар берилиши юзасидан доимий назорат ўрнатилмаганлиги сабабли (…матбуотдаги ҳисобот учун қилинадиган “Қутуришдан огоҳлик” даъвати борасидаги бот-бот чиқишларни инобатга олмаганда)  итларни қутуришга қарши мажбурий эмлашнинг белгиланган муддатларда ўтказилиши таъминланмаганлиги ит сақловчи фуқаролар билан бўлган суҳбатларимиздан маълум бўлди.

Шунингдек, мазкур қарорда итларнинг эгаларига белгиланган тартибда итларни рўйхатга олиш гувоҳномаси берилиши, вакцинация қилингач, бу ҳақда итларни рўйхатга олиш гувоҳномасига тегишли белги ҳам қўйиш лозимлиги белгиланган. Бу гувоҳномани ва жетон шаклидаги рўйхатга олиш белгиси итнинг бўйинбоғига маҳкамланади. Бўйинбоғга маҳкамланган жетонда итнинг лақаби, ит эгасининг манзили, телефон рақами кўрсатилиши керак.

Шу жумладан, итларни сақлашга нисбатан қўйиладиган асосий талабларга кўра, санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш, фақат боғланган ҳолда сайр қилдириш, атрофи ўралган ҳудудда сақлаш, очиқ жойларда сайр қилдирилганда ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари — эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак.

Қоидада, кўчаларда ва бошқа жамоат жойларида етовсиз юрган итлар ва мушуклар, ҳатто бўйинбоғи, жетони ва тумшуқбоғи бўлган тақдирда ҳам уларнинг зоти ва вазифасидан қатъий назар, тутиб олиниши шарт, деб кўрсатиб ўтилган.

Хўш, бизда-чи?..

Худди шунингдек, итлар ва мушукларнинг умумфойдаланишдаги жойларни (кириш жойларини, зинапоя майдончаларини, лифтларни, болалар майдончаларини, йўлкаларни, йўлакларни, кўкаламзорлаштирилган ва ободонлаштирилган ҳудудларни ва ҳоказоларни) ифлос қилишига йўл қўймаслик, улар қолдирадиган экскрементларни дарҳол йиғиштириб олиш учун ўзи билан анжом олиб юриш, тегишли ҳудудга киришда ит борлиги тўғрисида огоҳлантирадиган тахтача ўрнатиш талаб этилган.

Ушбу қоидалар бузилган тақдирда эса белгиланган тартибда ички ишлар органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиши ва итларнинг эгалари белгиланган тартибда жавоб беришлари қатъий бандлар асосида белгилаб қўйилган.

Биз бу соҳага  масъул ташкилотлар раҳбарларидан юқорида қайд этилган қарорга кўра тегишли жавоб кутиб қоламиз.

Эркин НОРСАФАР,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE