Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ғаллазордаги муҳим тадбирлар

Ғаллазордаги муҳим тадбирлар

2019 йил ҳосили учун вилоятимизнинг суғориладиган майдонларида асосан Краснодар селекциясига мансуб кузги буғдой навлари уруғи экилган.

Кейинги ойларда кузатилаётган илиқ ва нам об-ҳаво ғалланинг яхши туплаб ривожланиши билан бир вақтда ғаллазор орасида бегона ўтлар кучли ривожланиши ва касалликлар тарқалиши учун қулай муҳит яратмоқда.

Шу билан бир вақтда ғалла ривожи орқада қолган майдонлар анча. Экилган буғдой навларининг биологик хусусиятидан келиб чиқиб, ғаллазорни гектарига физик ҳолда 100-120 килограмм миқдорида азотли ўғитлар билан озиқлантириш ва суғориш шарт. Агар ушбу майдонлар озиқлантирилмаса, тупроқда озуқа моддалар ва намликнинг етарли бўлмаслиги оқибатида ғалла етарлича тупламайди ва ҳароратнинг кўтарилиши билан майсалар ривожланиши тезлашиб, найчалаш фазаси эрта бошланади. Озиқлантириш ва суғориш эвазига майсаларнинг туплаши яхшиланиши билан бир вақтда ўсимликнинг об-ҳаво кескин ўзгариши ҳамда бошқа стресс ҳолатларга нисбатан ҳам табиий чидамлилиги ортади.

Таҳлилларга кўра, вилоятнинг жанубий туманларидаги айрим ғалла майдонларида 10-15 фоизгача ҳар хил нав аралашмали уруғлар экилиши эвазига баъзи далаларда икки фаслли навлар ҳозирда найчалаш-бошоқлаш фазасида ривожланмоқда. Бу хил майсалар кичик ҳароратли совуқда тез нобуд бўлади ва айнан аралашма навли ғалла касалликлар тарқалишида асосий манба бўлиб хизмат қилади. Ўз навбатида ушбу майдонларда ҳосил миқдори табиий равишда 15-20 фоизгача камаяди. Айни пайтда аксарият ғалла майдонларида ёввойи сули, рапс, отқулоқ, шўра, қушқўнмас ва бошқа тур бегона ўтлар тез кўпаймоқда. Уларга қарши самарали курашиш учун ҳар бир контур кесимида ғалла майдонларини мониторинг қилиб чиқиш, гербицид ишлатиладиган майдонларни аниқлаш, уларнинг харитасини тайёрлаш ва талаб этиладиган гербицидлар захирасини ҳозирдан яратиш керак.

Гербицидларни кунлик ҳаво ҳарорати ўртача 10,12 даражадан юқори бўлганда (февраль ойининг иккинчи декадаси ва март ойида) қўллаш зарур. Чунки бу даврда қўлланилган гербицидларнинг самараси юқори бўлади.

Бу йилги об-ҳаво шароити ғалла майдонларида сариқ ва қўнғир занг касалликлари эрта уйғониши ва яхши ривожланиши учун қулай муҳит яратмоқда. Бу касалликлар кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида иккинчи йил ғалла экилган ва занг касаллигига мойиллиги юқори бўлган навлар экилган майдонларда февраль ойидан кузатув ишларини бошлаш ҳамда касаллик аниқланган жойларда зудлик билан ишлов ўтказиш шарт.

Ғаллани айниқса баргидан озиқлантириш (суспензия)нинг аҳамияти жуда катта. Шунинг учун вилоятдаги барча ғалла майдонларини февраль ойида камида 2 марта карбомидли суспензия билан гектарига 5 килограммдан, март ойида эса гектарига 7 килограммдан уч марта суспензия сепишни ташкил этиш лозим. Азотли ўғитни суспензия тариқасида қўллашда фақат карбомид ёки аммоний сульфатни ишлатиш тавсия этилади. Майсаларнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини ошириш учун таркиби микроэлементларга бой бўлган стимуляторларни қўллаш ҳам яхши самара беради.

Н. АБДУРАҲИМОВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

G‘alla o‘rimi arafasida

Dehqonga hosil yetishtirish qanchalik mashaqqatli bo‘lsa, uni yig‘ib olish ham sertashvish yumush. G‘allakorlarimiz kechagina dalaga …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan