Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ғаллани тез ва сифатли экайлик!

Ғаллани тез ва сифатли экайлик!

Деҳқонларимиз омилкор ғалла етиштирувчи бўлиб қолишди. Чунки охирги йилларда буғдойдан юқори ҳосил олиш бўйича Европадаги етакчи мамлакатлар деҳқонлари даражасида ҳар гектар майдондан 60-70 центнердан дон йиғиб олишаяпти. Айниқса, 2019 йил ўрим мавсумида ғаллакорларимиз эришган муваффақият мақтовларга арзигулик.

Деҳқоннинг ердан мўл ва сифатли ҳосил етиштириши уруғлик ҳамда унинг сифатига боғлиқлиги ҳаммага аён. Бу масалада деҳқонларимиз хавотирланмасалар ҳам бўлади. Сабаби бошқа мамлакатларда етиштириб келинаётган “Крошка“, “Гром“, “Краснодар-99“, “Нота“, “Таня“, “Моск-вич“, “Память“, “Восторг“, “Старшина“, “Красота“, “Интенсив“, “Андижон-2“, “Яксарт“, “Ғазғон“ каби тезпишар ҳамда серҳосил буғдой навлари уруғи анчадан бери вилоятимиз далаларида экиб келинаяпти. Ушбу навларнинг талаби, агротехникаси ва юқори ҳосил етиштириш тажрибасини деҳқонларимиз ўзлаштирганига анча бўлди. Ҳар йили қайта ишлаш корхоналарида ушбу навларнинг уруғликлари сараланиб, тозаланиб ва ҳар хил касалликларга қарши дориланиб, сўнг экишга тавсия этилаётир.

Бошоқли дон экинларидан, хусусан, кузги буғдойлардан мўл ва юқори ҳосил етиштириш, аввало, ерни экишга ўз вақтида сифатли тайёрлашга кўп жиҳатдан боғлиқдир. Ер яхши текисланмаса, суғориш жараёнида далада сув кўллайди, уруғ сийрак кўкаради, оралиқ жойда ўт кўпаяди, даланинг баъзи жойларига сув етиб бормайди. Натижада, ҳар қанча ишлов ва ўғит берилгани билан кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Шунинг учун ғалла етиштиришга ажратилган майдонларни тайёрлашда, биринчи навбатда, сифатли шудгорлаш, ернинг паст-баланд бўлиб қолмаслигига алоҳида эътибор бериш лозим. Ерни камида 27-30 сантиметр чуқурликда шудгорлаш, ҳайдаш олдидан фосфорли ва калийли ўғитларнинг асосий қисмини солиш талаб қилинади.

Экиш олдидан далани қамиш, ажриқ, ғумай, қўйтикан ва бошқа ўтлар илдизидан тозалаш, сифатли текислаш, дала чети ва ариқ бўйлари, симёғоч атрофларини ҳам юмшатиб, тўлиқ гектар ҳосил қилиш фермер хўжаликлари аъзоларининг асосий бурчига айланмоғи лозим.

Кузги ғалла экишнинг энг қулай муддати сентябрь ойининг учинчи ўн кунлигидан бошланади, асосан октябрь ойида тўлиқ экиб бўлиниши ва жуда кечикканда ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида экиш ишларини якунига етказиш лозим. Буғдой уруғини имкони борича сеялкаларда экиш талаб этилади. Чунки сеялкаларда экилганда далага уруғлик бир хил меъёрда, бир хил кенглик ва чуқурликда тушади. Натижада, униб чиққан майса дуркун ўсади.

Деҳқонларимиз анча йиллардан бери уруғлик буғдойларнинг бир қисмини очиқ майдонларга шудгорлаб экишаётган бўлса, бир қисмини вақтни ўтказмаслик мақсадида ҳали ҳосили тўлиқ йиғиштириб олинмаган ғўза қатор орасига экишаяпти. Ғўза қатор орасини уруғ сочишдан олдин махсус юмшатгичлар билан сифатли юмшатиш талаб этилади.

Фермер хўжаликларининг иқтисодига зиён етказмаслик ва уруғликни ортиқча сарфламаслик мақсадида ҳар гектар майдонга белгиланган 250 килограмм уруғ экиш кифоя. Ғўза қатор орасига экилган уруғ камида 3-4 сантиметр чуқурликда кўмилишини таъминлаш муҳим. Очиқ майдонларда уруғ экиб бўлингач, дарҳол саёз эгатлар очилиб, зудлик билан суғорилиши лозим. Ғўза қатор орасига ҳам сув тараш талаб қилинади. Айрим фермерлар уруғ экилган далаларда эгат очишда қўпол хатоларга йўл қўйишади. Баъзи далаларда эгатлар чуқур олинади, экилган уруғнинг бир қисми усти очилиб қолади, бошқа бир далада уруғ тупроқ остига чуқур кўмилиб кетади. Оқибатда, уруғ сийрак кўкаради, ҳосилдорлик камаяди.

Такрор бўлса ҳам айтиш керак, бошоқли дон экинлари уруғини худди чигитдек намлаб экиб бўлмайди, ерга уруғ қуруқ ҳолда экилади. Дала анча вақтдан буён нам кўрмаган бўлса, уруғ кўкармай тураверади, бир қисмини қурт-қумурсқа, қушлар еб тугатади. Шунинг учун далага уруғ экиб бўлиндими, уни тезроқ суғориш ва эртачи кўкартириб олиш чорасини кўриш ўта муҳим вазифа.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, деҳқонларимиз келгуси йил ҳосили учун қарийб 100 минг гектар майдонга бошоқли дон экинларини экишади. Шунча майдонни сувлаш учун қанча вақт сарфланишини тасаввур қилинг! Шундай экан, суғоришни отряд усулида ташкил қилиш, сувчилар сонини кўпайтириш, уларга қулай иш шароити яратиб, уруғ экилган майдонларни пешма-пеш сувлашни ташкил этиш, суғорганда ҳам далани кўллатиб юбормай, қорапушта қилиб сувлаш талаб этилади. Акс ҳолда уруғ тўлиқ униб чиқмай қолиши ҳеч гап эмас.

М.Тожиев,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE