Бош саҳифа / Спорт / Ғалабага эришиш сирини биласизми?

Ғалабага эришиш сирини биласизми?

Одатда бўйнига шода-шода медалларни илган спортчи-ёшларни кўриб, уларга ҳавасимиз келади. “Қанийди, менинг ҳам фарзандим шундай ютуқларга эришиб, кўзимни қувонтирса”, деган эзгу ният кўнглимиздан ўтади. Уларга чин дилдан ҳавасимиз келади. Аммо бу ютуққа эришиш учун қанча машаққат чекиш лозимлигини кўпда билавермаймиз.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, спортнинг каратэ тури бўйича 9 карра Ўзбекистон чемпиони, 3 карра Осиё чемпиони Садриддин Сайтматов ҳам ана шу машаққатларни матонат ва тиришқоқлик билан енгиб ўтган спортчилардан. 21 ёшли спортчининг ютуқларини, ғалабаларини санайверсангиз, саноғидан адашасиз. Бугун унинг медалларининг сони 100 га яқин.

— 10 ёшидан бошлаб Термиз шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказидаги каратэ тўгарагига қатнай бошлаган, — дейди онаси Хуршида Менгатова. — Ҳеч қанча вақт ўтмай, 10 ёшидаёқ ўз вазн тоифаси бўйича Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, чемпион бўлди. Мураббийлари ўғлимдаги спортга бўлган кучли меҳрни, ундаги тиришқоқлик ва шижоатни кўриб, алоҳида эътибор қаратишган. 14 ёшида каратэ бўйича жаҳоннинг энг кучли спортчилари рўйхатига кирган. Албатта, бунинг учун тинимсиз ва машаққатли меҳнат, фарзандимдаги қатъият ва кучли ирода асқотди.

Ёш Садриддин Қатар, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган жаҳон чемпионатларида, Франция, Таиланд, Португалия, Голландия, Хитой, Туркия, Австрия, Япония, Озарбайжон, Испания давлатларида бўлиб ўтган қатор мусобақаларда иштирок этиб, совринсиз қайтмаган.

2014 йилда “Халқаро тоифадаги спорт устаси” унвонига сазовор бўлган. 2017 йилда Германияда бўлиб ўтган Жаҳон каратэ федерацияси конгрессида 60 килограмм вазн тоифасида “Дунёнинг энг яхши спортчиси” дея эътироф этилган.

Чемпионнинг эзгу бир нияти бор. Термиз шаҳрида каратэ мактабини ташкил этиб, унда воҳадошларининг фарзандларига ўз тажрибаларидан сабоқ беришни ният қилган.

         — Бу бўйича “Каратэ клуб” лойиҳасини ҳам ишлаб чиққанман, — дейди Садриддин Сайтматов. — Лойиҳамда ёзги ва қишки спорт заллари, сузиш ҳавзаси, ётоқхона, ошхона ва ювиниш хоналари ўрин олган. Унда олимпиа ўйинлари таркибига киритилган каратэнинг WKF йўналиши бўйича ёш спортчилар шуғулланишади. Мақсадим эса, воҳанинг янги чемпионларини етиштиришдир. Фақат бунинг учун менга ер майдони ҳамда бино ажратилишида ёрдам берилса, ушбу лойиҳамни амалга оширишимда асқотарди.

Киши ҳаётда оқар сув бўлиши керак. Бу инсон ҳамиша тинимсиз изланишда, ҳаракатда эканлигини билдиради. Садриддин Сайтматов ҳам ана шу ақидага амал қилиб яшайди. У мағлубият дамларида ҳам, муаммолар қуршаганда ҳам тушкунликка тушмайди ва ҳеч қачон ҳаракатдан тўхтамайди. Балки ғалабаларининг сири ҳам шундадир.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мусобақалар олдидан

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Термиз шаҳрида “Ёшлик спорт жамоалари” Республика мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE