Бош саҳифа / Сиёсат / Фундук ёнғоқлари экилса…

Фундук ёнғоқлари экилса…

Ўзбекистон республикаси Президентининг “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида лалми ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва самарадорлигини янада ошириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган ёнғоқ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, бунинг учун замонавий ёнғоқ плантацияларини барпо қилиш таъкидланган.

Шу жиҳатдан олганда вилоятимизнинг лалми ерларида ёнғоқзорларни кўпайтирсак, элимиз қўшимча даромадли бўлади, ҳам лалми ерлардан самарали фойдаланилади. Воҳанинг тоғли ва тоғолди ҳамда шўрлик даражаси меъёрдан ошиқча ерларини ўзлаштириб, ёнғоқ, писта, бодом ва субтропик экинлар – лимон, апельсин, мандарин боғларини кенгайтириш мумкин. Бу боғлар келгусида халқимизни витамин, оқсилга бой мевалар билан қишин-ёзин таъминлаш имконини беради.

Шундай мевалардан бири – фундук ёнғоғидир. Фундук – ўрмон ёнғоғи ҳисобланиб, бутасимон ва дарахт ҳолида ўсади. Меваси бениҳоя фойдали, шифобахш ва тўйимли. Хуштаъмлиги ҳамда ҳидлилиги бўйича бодомни эслатувчи фундук меваси таркибидаги ёғ таъми, ранги узоқ вақт ўз хусусиятини йўқотмаслиги боис тиббиёт ва рассомчиликда кенг фойдаланилади. Ёғи тез қуриб қолмайди. Ёнғоқ мағзида 77-80 фоиз ёғ, 18-20 фоиз оқсил борлиги учун қандолатчиликда ҳам кенг фойдаланилади.

Фундук ёнғоғи дарахтининг пўсти, барги, новдаси таркибида 8-16 фоизгача танид моддаси мавжуд. Новдалари бир йилда 2-4 метргача ўсади ва у эластик, қайишқоқ ва эгилувчанлик хусусиятига эга. Ундан ҳар хил саватлар ва иҳота учун четанлар ясаш мумкин. Фундук баҳорда эрта гуллайди, гул чанги кўп бўлади, буни асаларилар тезда илғаб олади ва мўл асал йиғади.

Фундукнинг “Разнокистная”, “Обыкновенная”, “Манчжурская”, “Деревовидная” ва маданийлаштирилган “Черкас-2”, “Кудрявчин” (бурама), “Гибрияд”, “Мичурин”, “Санц” каби навлари бор. Фундук мевасининг диаметри 2-6 сантиметр бўлиб, шакли овал-юмалоқ, ранги яшил, оч-яшил, пўсти қалин-зич.

Фундукнинг бир тупидан 8-10 килограммгача мева олиш мумкин. Бир гектар майдонга 600 туп кўчати экилади. Ҳар гектар фундукзордан 2-3 тонна ҳосил олиш мумкин. Дарахти бутасимон, дарахт сифатида ўстирилади. Бўйи 2-4 метргача ўсади. Меваси август-октябрь ойида пишади.

Ўрмон ёнғоғи тупроқ танламайди. Тоғли, тошлоқ ҳудудларда ҳам ўсаверади. Чунки томир қисмида майда-майда замбуруғга ўхшаш шишлар (тугунча) мавжуд. Улар ердан фойдали элементлар ва сувни тезда қабул қилиб, ривожланади.

Ўрмон ёнғоғини экишдан олдин ҳар туп ниҳоли остига 1-1,5 килограммдан ўрмон тупроғини солиш шарт. Сабаби – ўрмон тупроғи таркибида ҳар хил минерал моддалар, тузлар ва микроэлементлар бисёр. Гуллаш даврида 0 даража совуқ ҳам таъсир этади.

Ўрмон ёнғоғи кўчатларининг икки йиллиги экилади. Томир қисмидан чиққан ёш новдани пархеш усули ва уруғдан кўпайтириш мумкин. Экишда беш-олти кўз қолдириб экилади. Ҳосилли новдаларни кўпайтириш учун ниҳолни чуқур экиш тавсия этилмайди, акс ҳолда ёнғоқ дарахти кеч ҳосилга киради.

Ўрмон ёнғоғини озиқлантириш тупроқ структурасига қараб амалга оширилади. Дарахт таги ўн беш-йигирма сантиметргача юмшатилади. То ҳосилга киргунича парранда гўнги, маъданли ва маҳаллий ўғит солиш тавсия этилади. Ҳосилли фундук дарахтига эрта баҳорда 10 килограммдан маҳаллий ўғит, калий, азот, фосфор бериб борилади.

Ҳосилни териб олишда мевалари ранги ўзгаришига қараб, яъни яшил-қизғиш ҳолга келганда новдасини сал силкитиб, қоқиб олинади. Меваси озгина нам- лигича қолса ҳам икки-уч кунда сифатсиз ҳолга келиб қолади. Шунинг учун ёнғоқ мевалари қуритиш майдонларида яхши қуритилиб, сўнгра халталарга солиб қўйилади.

Н.АстанаҚулов,
республика боғдорчилик, узумчилик ва виночилик
илмий-тадқиқот институтининг вилоятдаги
илмий тажриба станцияси ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хатосини тан олди

Дин инсонни гуноҳдан, ёмон ишлардан сақловчи, виждон поклигини таъминловчи кучдир. Диний билимларни яхши ўзлаштирган инсон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan