Бош саҳифа / Жамият / Фирибгар ҳоким ўринбосари қўлга олинди

Фирибгар ҳоким ўринбосари қўлга олинди

Авом киши жиноят содир этса қонунни билмасликка йўямиз. Аммо, олий маълумотли, мансабдор шахс қинғир ишларга қўл урса борми, ҳайф бундай нокасга, охирини билса-да, ўзини тия олмаптида, деймиз беихтиёр.

Фахриддин Абдирасулов Қумқўрғон туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2018 йилнинг 13 июлида сел-тошқин оқибатида Қумқўрғон туманининг баъзи ҳудудлари талофат кўрди. Шу муносабат билан Ф. Абдирасуловни тумандаги “Элобод”, “Азларсой”, “Боғаро”, “Ариқошган” маҳаллалари ҳудудида жабр кўрган хонадон эгаларига компенсация тўловларини амалга ошириш бўйича комиссия раиси этиб тайинланди.

Ўз хизмат вазифасини, масъулиятни унутиб, Ф. Абдирасулов селдан зарар кўрганларга яшаш уйларини қайта таъмирлашга компенсация тўловларини амалга ошириш билан бирга, зарар кўрмаган уйлар учун ҳам хонадон эгаларига қурилиш ишлари учун тўловни амалга ошириб беради. Жами, 129 нафар фуқарога 3 миллиард 772 миллион 282 минг 651 сўм миқдоридаги маблағни ортиқча тўлаб, давлат манфаатига зарар етказади.

Бу ҳам етмагандек, нафси ҳакалак отган мансабдор туманда тадбиркорликка кенг йўл очиш ўрнига моддий манфаатдорликни устун билиб, тадбиркорларга сунъий тўсиқлар ярата бошлайди. 2018 йилнинг октябрь ойида “Аюб Барака Сервис” МЧЖ раҳбари М. Абдуллаевнинг тадбиркорлик объекти қуриш учун ер майдони ажратишни сўраб қилган мурожаатига, ер майдони йўқлигини, аммо қаловини топса, қор ҳам ёғишини айтиб, пора талаб қилади. Туман ҳокими билан яқин муносабатда эканини, 8000 кв. метр ернинг баҳоси 8000 АҚШ доллари эканини айтади. Тадбиркор талаб қилинган пулнинг ярмини талабгорга бераётган пайтда қонун посбонлари томонидан қўлга олинади.

Мазкур жиноятлар юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари натижасида айбланувчи Ф. Абдирасуловнинг жиноятлари фош этилиб, қонунда белгиланган жазосини оладиган бўлди. Эллик ёшнинг остонасидан ошиб, олти фарзанднинг отаси бўлган бу инсон энди фарзандлари ва ҳамқишлоқлари кўзига қандай қараркан? Ҳаром луқма ва нафсининг хунини панжара ортида ўтириб тўлар, лекин шаън ва ор, виждон масаласи очиқлигича қолаверади. Ўрганган кўнгил эса вақт ўтиб ўртанмаса бўлгани.

С. ЭШМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE