Бош саҳифа / Жамият / Фидойилар, қандайсиз

Фидойилар, қандайсиз

ёхуд мактаб, маориф хусусида айрим мулоҳазалар

Мактаб, маориф, халқ таълими тизимининг жамият ҳаётида тутган ўрнини бошқа ҳеч нима билан қиёслаб бўлмайди.

Сабаби, бугунги кунда ўқитувчи – устозлар қўлида таълим ва тарбия олган ўқувчи-ёшлар эртанинг, порлоқ келажагимизнинг муносиб давомчиларидир. Зеро, эртанги куннинг меваси, ҳосили бугун ёш ниҳоллар қай йўсинда парвариш қилинишига боғлиқ.

Қайноқ ёз фасли поёнига етиб, куз келиши билан юртимиз мактабларида янги ўқув йили бошланади. Мактаб муассасасининг янги ўқув йилига тайёргарлиги жуда ҳам муҳим жараёнлардан биридир, десак хато бўлмайди. Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлигини билиш мақсадида жойларда бўлиб, кўрганларимиз хусусида ўз нуқтаи назаримизни билдиришни лозим топдик.

Жарқўрғон туманидаги 1-мактаб шаҳар марказида жойлашган. Мактабга ёндош ерда туманнинг асосий ўйингоҳини ҳисобга олмаганда, ўйингоҳ мавжуд эмас. Мактаб кутубхонасига кўз югуртирарканмиз, гарчи кутубхонада 2 нафар ходим фаолият юритса-да, тайёргарлик, озодалик мақтагулик даражада эмас. Кутубхоначилар бундан 3 йил аввал президентлик сайловлари бўлиб ўтганидан хабарлари йўқ, шекилли, деворда ҳалиям эски сурат ва лавҳалар осиғлиқ турган экан.

Мактаб ҳовлисида 2 та юқори кучланишли трансформатор бор. Турли хил бегона ўтлар босгани етмагандай, атрофи ҳимоя тўсинлари билан ўралмаганлиги унинг хавфлилик даражасини оширади.

Чиқиндихонаси бетартиб, ҳожатхонадаги қувурлар ёрилиб, таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

36-мактабда айни пайтда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг январь ойида 640 ўринли мактаб биноси тендер танловига кўра, капитал таъмир учун 2 миллиард 135 миллионга баҳоланган. Аммо маблағ етишмаслиги туфайли таъмир ишлари 2 этапга бўлиниб, сумма қисқартирилган. Мактабнинг 380 ўринли қисми қайта 1 миллиард 128 миллионга баҳоланиб, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Қолган 260 ўринли мактаб биносида маблағ йўқлиги важидан таъмирлаш ишлари тўхтаб турибди. “Олим Қурилиш Транс” ташкилоти раҳбари Тўрақул Кўчкиновнинг айтишича, “Ҳали шартномалар имзоланмаган, маблағ йўқ”. Қиш мавсуми ташрифи арафасида мактаб биносининг таъмир ишлари тўхтаб қолганлиги ачинарли, албатта. Мактаб жамоаси билан суҳбатлашганимизда айрим ўқитувчилар синфхоналар полининг сифатсиз бўёқлангани, ҳожатхона қурилиши охирига етмаганлигини айтишди. Суҳбатимизга гувоҳ бўлиб турган қурувчи Т. Кўчкинов бу камчиликларни тузатишга ваъда берди. Куни кеча мактаб директори билан телефон орқали суҳбатлашганимизда барча камчиликлар бартараф этилганлигини таъкидлади.

Август ойининг сўнгги ҳафтаси кундуз соат 11:00 лар чамаси 17-умумтаълим мактабида бўлиб, тайёргарлик ишлар билан танишдик. Аксига олиб, психолог Муҳайё Бойназаровадан бошқа ҳеч кимни учратмадик. “Сурхон – Барака” Б МЧЖ қурилиш ташкилоти томонидан 468 миллион сўм эвазига бошланғич синф корпуси мукаммал таъмирланаётган экан. Борган пайтимиз ёғда жизиллаб қоврилаётган таомдан бир бўлак қовурғани олиб иштаҳа билан еяётган қурувчиларнинг иш юритувчиси бизга пешвоз чиқди. Таъмир ишлари кетаётган бино атрофида турли хил қурилиш материаллари ва чиқиндилар ивирсиб ётарди. Қарағайга осиғлиқ турган қурилиш паспортида қурилиш муддати 120 кун эканлиги қайд этилган. Аммо қачон бошланиб, қачон тугаши ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас. Бунинг устига иш юритувчи айтган 468 миллион билан қурилиш паспортидаги 482 миллион суммаси бир-бирига тескари.

Муҳайё Бойназарованинг айтишига қараганда, бугунги кунда мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси етишмайди. Асосий бинода таъмир ишлари 2018 йилда тугалланган бўлса-да, ҳалигача кимё, биология, физика фанлари кабинетида лаборатория жиҳозлари етишмас экан. Мактабдаги тартибсиз ҳолатдан ажабланган туман ХТБ услубчиси Фахриддин Менглиев, “Ўтган ҳафта туман халқ таълими бўлимида ушбу ҳолатлар муҳокама қилинган эди, ҳеч қандай ўзгариш бўлмапти,” дея ачиниш билдирди. Янги ўқув йили бошланиш арафасида қурилиш-таъмирлаш ишларининг ниҳоясига етмаганлиги бизни ажаблантирди.

Ангор туманида 2,-5,-10,-19,-22-мактаблар маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан, 18,28-мактабларда “Обод қишлоқ” дастури асосида таъмир ишлари олиб борилди. Август ойининг сўнггида таъмир ишлари 2-мактабда 96, 5 ва 10-мактабларда 90, 19-мактабда 91, 5,-20-мактабда 75, 22-мактабда 95, 18-мактабда 50,-28-мактабда 60 фоизга бажарилган. Хусусан, 20ҳамда 22-мактаблар таъмирининг якунига етмай қолган қисми учун маблағ молиялаштирилмаган.

34-умумтаълим мактабида Чори Ҳамраев раҳбарлик қилади. Мактаб ҳовлиси катта бўлганлигиданми ёки раҳбариятнинг ўз вазифасига совуққонлиги важиданми, ҳарқалай, ободончилик ишлари ўлда-жўлда эканлиги маълум бўлди. Айрим синфхоналарда электр лампалари йўқ ёки ёнмайди. Директор хонасидаги бетартиб ҳолат ҳовлида ҳам ўз аксини топган. Мактаб ҳовлисида ҳар ер, ҳар ерда ароқдан бўшаган шишалар уюлиб ётибди.

24-мактаб чиқиндихонасидаги чиқиндилар олиб чиқиб кетилиши ўрнига, шу ернинг ўзида ёқиб юборилган. Унда-бунда ётган ароқ шишаларини бу ерда ҳам кузатиш мумкин.

26-мактаб дарвозаси иш куни бўлишига қарамасдан таппа-тақ ёпиқ экан. Бир пас кутиб турдик. Яқин атрофдаги уйлардан мактаб маъмуриятини сўраб-суриштирдик, аммо ҳеч кимдан жўяли жавоб ололмадик. Мактаб дарвозаси берк, ҳовлиси эса сув сепгандек жимжит эди.

Бугунги кунда мактаб ва таълим тизимини ривожлантириш борасида мамлакатимизда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Замонавий ва кўркам бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Ёшларимиз бурунгидан фарқли равишда ёруғ ва чароғон синфхоналарда таҳсил олишмоқда. Айниқса, ўқитувчиларнинг меҳнати муносиб тақдирлангани ҳолда кўплаб имтиёзлар яратилиб, ойлик маошлари кўтарилганлиги таҳсинга лойиқ. Шундай бир шароитда кучингга куч, ғайратингга ғайрат қўшилиб, енг шимариб ишлагинг ва яна ишлагинг келаверади. Аммо юқорида номлари зикр қилинган мактаб муассасаларида мавжуд ҳолат киши кўнглини хира қилади. Масъулият ва бурч унутилган ерда, ривожланиш, тараққиёт бўлмайди. Таъбир жоиз бўлса, айрим туманларда мактаб муассасаларидаги раҳбарларнинг ўз бурчига масъулиятсизлиги сабаб ушбу соҳада баъзи бир сусткашликлар юзага келмоқда.

Азиз юртдош, токи, келгуси авлод бизни маломат қилмаслиги учун Ватан ва халқ олдида шарафли бурчимизни унутмаслигимиз лозим! Эскича иш услубига таяниб ишлашнинг даври ўтди. Бугун соҳага ҳақиқий фидойилар керак!

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE