Бош саҳифа / Спорт / Фидойилар бордир бу элда

Фидойилар бордир бу элда

Набижон Норбоев  ёшликдан шахматга қизиққан. Ўқувчилик давридаёқ бир неча марта вилоят чемпиони бўлган. Бир неча мавсумдан буён шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасига чиқиш учун биринчи лига баҳсларида иштирок этиб келаяпти.

Набижон ёшликдан ақлни пешлайдиган ўйинга қанчалик қизиққан бўлса, илм олишга, билимли мутахассис бўлиб етишишга ҳам шу қадар шашт билан киришган. Шу интилишу ҳаракатлари боис ТерДУнинг жисмоний тарбия факультетини битирди. Бироз муддат шу олийгоҳда ёшларга сабоқ берди. Бироқ, у ёшларга шахмат сирларини ўргатиш учун мураббийликни танлади. Ҳозир ҳам уни университетга ишга таклиф қилишаяпти. Хоҳласа ўрта мактаб, лицей ва коллежларда ҳам ўқитувчилик қилиши, камида бир миллион сўмдан ортиқ маош олиб ишлаши мумкин.

Бироқ ўтган йилда Набижонга катта ишонч билдиришди. Биласиз, Президентимиз фармонига кўра, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қайта ташкил қилинди. Шундан сўнг вилоятларда ҳам унинг бошқармалари тузилиб, спортнинг барча турлари бўйича федерациялар жорий қилинди. Республика жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раиси Термизга келганда вилоят шахмат федерацияси ижрочи директорлигига Набижон Норбоев номзодига  тўхталди. Вилоят ҳокими Э. Турдимов ва республика спорт раҳбари суҳбати бўлган Набижон Норбоев анчадан бери вилоятда шахмат федерацияси фаолияти тўхтаб қолгани, ҳеч ким ёрдам бермаслигини, шароит яратиб берилса, ишлашини айтди.

— “Биламан, — деди вилоят ҳокими Набижонга қарата, олий маълумотли мутахассис экансиз, хоҳласангиз ТерДУда, хоҳласангиз мактабда ҳам сизга иш, маош тайин. Лекин юртга фидойилар ҳам керак. Ҳозирча камроқ маош олиб турсангиз ҳам федерация ишини жонлантиринг, ҳамма шароитни яратиб берамиз…”

Вилоят биринчи раҳбарининг ўзига нисбатан ишончи Норбоевни руҳлантирди. Ишга чақираётган олийгоҳ ва ўрта мактаб раҳбарларининг таклифини рад этдию ишга киришди.

Ҳоким қабулида билдирилган таклифлар ерда қолиб кетмади. Вилоят ҳокимлигининг қўллаб-қувватлови туфайли шахмат федерацияси фаолияти яна жонланди. Термиз шаҳридаги “Баркамол авлод” марказидан катта зал ажратилди. Бу жойда ҳозир бир йўла 60 нафар киши шахмат ўйнаши мумкин. Ажратилган 25 миллион сўмга 30 та шахмат столи, монитор, бир нечта шахмат тахтаси ва соатлари харид қилинди. Ноутбук олиб берилди. Ҳозир у ерда 40 нафар ўғил-қиз уч гуруҳга бўлинган ҳолда шахмат сирларини ўрганишаяпти.

Термиз шаҳридаги теннис кортида ҳам республика шахмат федерацияси академиясининг филиали фаолият кўрсатмоқда. Бу жойда Норбоевнинг шогирди, тажрибали мураббий Инъом Шоймуродов раҳбарлигида 20 нафар ўғил-қиз   шахмат билан машғул. Бундан ташқари, Ангорда шахмат фидойиси Эркин Кўчкинов, Термиз туманида Зилола Асророва, Қизириқ туманида Қурбонмурод Бакиров, Денов туманида Комил Раҳматуллин каби мураббийлар шахматга ҳавасманд ёшларга ақлни пешлайдиган ўйин сирларини мукаммал ўргатишга ҳаракат қилишмоқда.

Ёшлар маҳоратини ўстириш, қобилиятларини шакллантириш мақсадида федерация ташаббуси билан жойлардаги тўгараклар иштирокчилар ўртасида тез-тез мусобақа ташкил этилаяпти. Ўтган йили Термиз шаҳрида шахмат фидойиси марҳум Арслон Матқодиров хотирасига бағишланган турнир ташкил қилинди. Шунингдек, 8-12 ёшли ўғил-қизлар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди ва унда 80 нафардан зиёд шахматчи қатнашди. Жорий йилнинг бошида 18 ва ундан катта ёшдаги эркак ва аёл шахматсеварлар мусобақаси уюштирилди.

Бу каби мусобақалар ўз мевасини бераяпти. Вилоятда маҳоратли шахматчилар сафи кенгаймоқда. Деновлик Муҳаммадали Абдураҳмонов, Азиза Турсуновалар 15 ёшлилар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида ғолиб бўлди. Оксана Слопогузова ва Раъно Абдухолиқова 14 ёшлилар ўртасидаги республика чемпионатида ғолиб бўлди.  Вилоят шахматчлари халқаро турнирларда ҳам иштирок этишаётир. Масалан, термизлик Замир Ҳамроев, Мухлиса Тончива, узунлик Диёрбек Турсунов рейтинг очколарини тўплаш ва маҳоратларини ошириш мақсадида 2017 йилнинг 4-19 декабрь кунлари Малайзия ва Сингапур давлатларида ўтказилган шахмат бўйича Осиё очиқ чемпионатида иштирок этишди. Термиз шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Умида Қурбонова республика миқёсидаги турнирларда беш марта ғолиб бўлди.

Федерация ташаббуси билан яқинда ўтказилган вилоят чемпионатида 11 нафар, жумладан, Термиз шаҳридан Иброҳим Давронов, Элбек Жўраев, Фотима Саиднабиева, Муштарий Турдиева, Умида Қурбонова, Наврўзбек Хушбоқов, деновлик Шерзод Тоҳиров, Севинч Қурбоналиева, Сарвар Абдухолиқов ва қизириқлик Муаттар Жўраева, Гулмира Хушбоқовалар саралаб олиниб, 8-12 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон чемпионатига юборилди. Шахматчиларнинг турнир ва мусобақаларга иштирок этишини таъминлашда ҳомийлар, федерация ижрочи директори ва вилоят молия бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Худойберганов муносиб улуш қўшмоқда.

Бугун ёшларга шахмат сирларини ўргатиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга, иқтидорлилар сафини кенгайтиришга улуш қўшаётган Набижон Норбоев, Комил Раҳматуллин, Инъом Шоймуродов, Муҳаммадали Абдураҳмонов ўзларининг шахматга оид билимларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор беришаяпти.

Дарвоқе, азалдан Сурхондарёдан номдор шахматчилар камолга етган. Бундан беш-олти йил илгари вилоят “Маҳалла” жамғармаси ҳамда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раҳбарларининг амалий ёрдами ва ғамхўрлиги туфайли сариосиёдан Бегали Саидов, термиздан Ирода Ибрагимова, Акбар Алибоев, Инъон Шоймурдов, ангордан Мафтуна Жонқулова, деновдан Бобур Сатторов, Райҳон Дониёрова каби иқтидорли шахматчилар камолга етишганди. Ирода Ибрагимова билан Мафтуна Жонқулова уч мавсум республикадаги энг номдор шахматчилар билан баҳслашиб, Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасига ўтиш мусобақаларида иштирок этишганди. Иқтидорли бу икки қиз икки карра мамлакат чемпиони бўлишган, ўз даврида Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этишган. Бугун вилоят ҳокимлиги томонидан шахмат ривожи йўлида анча-мунча амалий ёрдам кўрсатилаётган экан, шубҳасиз келажакда воҳада иқтидорли шахматчилар сафи янаям кенгаяди.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Шахматчилар оромгоҳда тўпланишди

Сариосиё туман ҳокимлиги ва вилоят шахмат федерацияси ташаббуси билан “Сардор Парвин” оромгоҳида анчадан буён анъанавий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan