Бош саҳифа / Жамият / Фестиваль нега “Бойсун баҳори” деб аталади?

Фестиваль нега “Бойсун баҳори” деб аталади?

Ҳар гал “Бойсун баҳори“ фестивали олдидан турли тоифадаги одамлардан бир хил саволни эшитишга тўғри келади. Нега Вахшивор, Денов, Олтинсой, Шеробод ёки Сурхон баҳори эмас, айнан “Бойсун баҳори“ деб аталади? 

Бир томондан жуда тўғри савол!  ЮНЕСКО томонидан Бойсун туманининг танланишида ўзига хос мезонлар ва сабаблар бор. Бу эса бизга боғлиқ бўлмаган жиҳатлар. Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, бунинг сабаб ва моҳиятлари узоқ-узоқларга бориб тақалади. Минг йиллар илгари ҳам Бойсунда аҳоли халқ ҳунар- мандчилиги, заргарлик, сўзана ва каштадўзлик, терма ва ғажари гиламлар, жанда, алак, шойи, атлас, адрас тўқиш билан машғул бўлган. Қадимдан бахшичилик, достончилик, халқ созандалиги, чанқовуз, лапар, айтишувлар, мавсум, маросим, ҳайит ва байрам куй-қўшиқлари кенг ривожланган. Айниқса, ке-йинги асрларда халқ амалий санъати ва нодир миллий қадриятлар,  анъаналар ота-боболаримиз томонидан сай-қалланиб, жилоланиб такомиллашиб борган.

Ўтган асрнинг ўрталарига келиб халқ ҳунармандчилиги, бахшичилик, фольклор намуналарига бўлган қизиқиш янада кучайганлигини кўрамиз. М. Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрида мусиқа раҳбари бўлиб ишлаётган ёш ва қобилиятли санъаткор Абдуқаюм Абулхайев кутилмаганда 1967 йил ариза ёзиб, театрдан кетади ва  Бойсунда халқ дастаси ташкил этиш ташаббуси билан чиқади. Бу соҳада яхши тажрибага ва билимга эга бўлган марҳум Абдуқаюм ака туғилган юртига бориб, ўша йили тумандаги иқтидорли кексаю ёшни тўплаб, туман маданият уйи қошида  “Шалола“ фольклор этнографик халқ дастасини ташкил этади. Қисқа фурсатда “Шалола“нинг довруғи нафақат республикамизда, балки собиқ иттифоқ бўйлаб ёйилади. Бу халқ дастаси орасидан эл-юрт эътиборини қозонган санъаткорлар етишиб чиқади.

1972 йилда машҳур “Шалола“ халқ дастасига Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Хайрулло Насриддинов қўшилади. Сўнгроқ Бойсун туман шифохонаси қошида 1987 йил  иқтидорли санъаткор сайъ-ҳаракати билан  ташкил этилган “Ситора” ва   “Ширу шакар” болалар фольклор- этнографик халқ дасталари ташкил этилиши ўша давр учун янги воқеа бўлганди.

“Шалола” фольклор- этнографик халқ дастасининг янада машҳур бўлишига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ардоқли ҳофиз, драматург, марҳум Холиқ Хурсандовнинг ҳам ҳиссаси каттадир. У киши халқ дастаси репертуарини шакл ва мазмун жиҳатдан қайта ислоҳ қилишга киришади. Яъни, ҳар бир жамоа аъзоси саҳнага чиқиб у ёки бу халқ қўшиқлари, лапарларини ижро этганда, маросим рақсларига тушганда ўша давр руҳи ва этник  қиёфасини  томошабинлар янада  аниқ ҳис этиши учун қадимий либосларни музейлардаги нусхалари орқали тиклашга ҳаракат қилади. Натижада “Шалола“ дастаси аъзолари жанда чопон, алак яктак, босма чакмон, мўки, чориқ, тўқима бойсунча дўппи билан саҳнага чиқадиган бўлди. Бу эса унинг машҳурлигини янада оширди. Ўтган  асрнинг 80-йилларидан сўнг “Шалола“ халқ дастаси тўй ва маросимларда айтиладиган, ҳайит ва байрамларда куйланадиган 50 дан ортиқ унутилган халқ қўшиқларини қайта тиклаб, жаҳонга олиб чиқди. Элу юрт ҳурматига сазовор  бўлган “Шалола“ халқ дастаси собиқ иттифоқ республикаларидан ташқари Польша, Франция, Аф-ғонистон, Туркия, Англия каби кўплаб чет мамлакатларида бўлиб, Бойсун фольклор санъатини дунёга танитди.

Шундан сўнг, бу машҳур даста ва Бойсун фольклори ҳақида таниқли режиссёр Т. Юнусов томонидан “Унутилган қўшиқ“, Э.Давидов  томонидан “Бойсунда қор эриганда“  каби ҳужжатли фильмлар суратга олинди ва бутун дунё бўйлаб намойиш этилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни эслатиб ўтиш лозим. Сурхондарё фольклорининг ва халқ амалий санъатининг сайқалланишида, бадиий жиҳатдан замонавий ва жозибали жило топишида туман халқ таълими бўлими қошидаги “Ширу шакар“ ва “Қуралай“ болалар фольклор этнографик халқ дастасининг самарали фаолияти ижобий роль ўйнаганлигини яхши биламиз.

Иккинчи омил ЮНЕСКО ташкилоти юқоридагилардан келиб чиқиб, “Бойсун маданий муҳити“ номи остида “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари“ қаторида тан олди. Шундан сўнг, 2002 йилдан мазкур фестиваль ўтказила бошланди.

“Бойсун баҳори“ фес-тивалига бағишлаб халқ тарихи, маданияти, ҳунармандчилиги, миллий урф-одати, бой меросини ўрганиш мақсадида конференция ва илмий анжуманлар ташкил этилди. Натижада 50 дан ортиқ ёдгорлик аниқланди. Нуфузли ЮНЕСКО ташкилоти ҳомийлигида халқаро экспедиция аъзолари халқ орасида кенг тарқалган юзга яқин энг ноёб  ижрочилик санъати намуналарини ёзиб олишга эришди. Юқорида келтирилган рақам ва далиллар халқаро фольклор фестивалининг айнан “Бойсун баҳори“ деб аталишига замин яратди. 2008 йилдан бошлаб эса Бойсун ЮНЕСКОнинг умумжаҳон рўйхатига киритилди.

Шуни ишонч билан айта оламизки, Бойсун халқ фольклори ҳали тўлиқ рўйхатга киритилиб, мукаммал ўрганилмаган. Биргина мисол, Собиқ “Мачай“ давлат хўжалиги ҳудудидаги “Қирққиз“, Амир Темур ғор, 70-йиллар академик Ўткир Исломов томонидан ўрганилган Мачай қўрғони, Қоплондара, Хўжа Исмоил Вали, Ғўллоқ булоғи, Мачай дарёси бошланиш  қисмидаги 150 метрга яқин  бўлган мўъжизавий шаршара, Хўжамайхона булоғи тарихи ва бетакрор жозибасидан ҳали кўпчилик бехабар. Бундай обидалар, номоддий мерослар Бойсуннинг барча тоғли қишлоқларидан кўплаб топилади.

“Бойсун баҳори“ фестивали айрим сабабларга кўра 15 йил ўтказилмай қолди. Президентимиз Ш.Мирзиёев 2016 йил 17 ноябрда Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашувида “Бойсун баҳори“ халқаро фестивалини қайтадан тиклаш таклифини билдирган эди. Мана, 2 йилдирки бу жозибали фестиваль тантанали нишонланмоқда. “Бойсун баҳори“ халқимизнинг бой тарихини, миллий қадриятларини, маданиятини, моддий ва маънавий мероси боқийлигини таъминловчи ва уни бутун жаҳонга тарғиб қилувчи тарихий манба бўлиб қолиши шубҳасиздир.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Йигитга мардлик ярашар

Шўрчи тумани “Бахшитепа” маҳалласида яшовчи Бегимой Абдижабборова 72 ёшида Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan