Бош саҳифа / Жамият / Фермернинг тадбиркорлиги

Фермернинг тадбиркорлиги

32 оиланинг фаровон турмуш кечиришини таъминламоқда

Ерни сийлаган, қадрлаган деҳқоннинг ҳамиша иши бароридан келади. Буни Шўрчи туманидаги “Нурмат Хўжақулов” фермер хўжалиги жамоаси эришаётган ютуқлар ҳам  исботлаб турибди. Жамоа деҳқонлари бир неча мавсумдан бери хоҳ ғўза бўлсин, хоҳ ғалла бўлсин, ҳар гектар майдондан 40 центнердан ошириб ҳосил олиб келишаяпти.

Айтиш керакки, туманда фаолият кўрсатаётган 376 та фермерлик жамоасининг айримлари баъзи йиллар ҳосилдорликни 25 центнерга ҳам етказа олмаётган бир пайтда юқорида номи зикр этилган фермер хўжалигида мудом ҳосилдорлик ошиб бораётгани, шу ҳисобда режалар бажаралиб, даромад ортаётгани сири нимада?

Жамоа ерига бошқалар экаётган чигитни, ҳамма экаётган буғдойни қадайди. Лекин қўшни фермерларда ҳосилдорлик паст, бу жамоада эса юқори. Дейлик, жамоа 2014, 2015, 2016 йиллар ҳосилдорликни 40 цент- нердан оширгани учун “олтин фермер” мақомига эришган. Бу муваффақиятлар  замирида хўжалик етакчиси Хушбоқ Ишназаровнинг тадбиркорлиги ётибди. 26 йилдан бери деҳ- қончилик билан машғул бу инсон қандай экин етиштирмасин, асосан ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга, заминни кўпроқ маҳаллий ўғитлар билан тўйғазишга алоҳида ёндашади. Охирги йилларда ички зовурларни тозалаш ишларини тизимли ташкил этиш ва экин майдонларини сифатли ва чуқур шудгорлаш ҳамда текислаш натижасида хўжалик тасарруфидаги  далалар балл бонитети 50 баллдан 63 баллга кўтарилди. Раҳбарнинг саъй-ҳаракати билан анча вақт насослар билан суғорилган 25 гектар экинзор текисланиб, ариқ сувидан оби-ҳаёт келадиган даражага етказилди. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Анча маблағ эвазига қудратли техникалар жалб қилинди. Аммо бир  марта маблағ сарфланган бўлса-да, энди жамоа ҳар мавсум олдингидек насосни  юргизиш учун электр энергиясидан фойдаланмайди ва шу ҳисобига  ҳар мавсум 7-8 миллион сўмини бошқа мақсадларга ишлатаяпти.

Моҳир раҳбар дала ишининг асосий қисми техникалар билан бажарилишини билиб, ҳар йилги даромаддан камида  битта-иккита техника харид қилган. Бугун 11 та трактор, 15 та  агрегат ва мосламалар дала корига яраяпти. Ҳамма техникаси бор жамоа аъзолари зироатлар парвариши жараёнида ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида уддалашади. Айнан шунинг учун деҳқонлар далалардан мўл ва сифатли ҳосил олишаяпти. Жамоада уюшган Рўзи Худойбердиев, Чори Ишназаров, Равшан Тошмиров, Эшмирза Назаров каби механизатор ва Ҳайитали Нурматов, Икром Қурбонов, Эломон Раҳматов сингари сувчиларнинг ҳар бири бири-биридан тажрибали ва ташаббускор. Жамоанинг таянчлари ҳисобланган бу омилкор деҳқонларга раҳбарнинг кўрсатмаси кўпам шарт эмас — ўзлари экин парваришини эплайдилар. Деҳқонларнинг кўнгилланиб ишлаши бежиз эмас. Чунки ҳар бир зироат ҳосили мўл бўлса, ўзларининг манфаатдорлиги ошишини яхши билишади. Уларнинг ҳамжиҳатликда қилган баракали меҳнати туфайли хўжалик охирги уч йил мобайнида давлатга 764 тонна пахта, минг тоннадан ортиқ буғдой, 4 тоннадан зиёд пилла топширди. Хўжалик тасарруфидаги 88,8 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига йил сайин катта аҳамият берилаётгани ва далаларга кўпроқ гўнг солинаётгани туфайли қайси нав ғўза ўстирилмасин, ҳосилдорлик 40-42 центнердан пасаймаяпти, буғдойдан эса 60 центнердан хирмон кўтарилмоқда.

Фермер хўжалиги етакчиси Хушбоқ ака янгиликка ўч, ҳар бир ишда бошқалардан илдамроқ ҳаракат қилишга интилади. Шу интилиш туфайли далаларга фақат ғалла, ғўза ўстириш билан чекланмай, бошқа тармоқларни ривожлантиришга ҳам қўл урди. Аввалига деҳ- қончиликка чорвачиликни уйғунлаштирди. Жониворларни кўпайтиришдан олдин ёзги ва қишки бостирма қурди, ғалладан бўшаган майдонларга озуқабоп экинлар ўстириш баробарида чорва молларини қиш ойларида ҳам ширали ва витаминларга бой кўк ўт билан таъминлаш мақсадида то чигит эккунга қадар пахта етиштиришга мўлжалланган даланинг бир қисмига сули, рапс ўсимликларини ўстиришни ҳам йўлга қўйди. Бу тарздаги алмашлаб экиш икки тарафлама фойдали:  чорва моллари қишда ҳам кўк ўт ковшайди, ҳам бу озақубоп экинлар ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ таркибида азотнинг кўпайишига хизмат қилади. Шу тарзда бугун  фермер хўжалигида 123 бош қорамол, 90 бош қўй, 500 та парранда ва уч бош от парвариш қилинаяпти. Бу тадбиркорлиги билан жамоа элни гўшт, сут билан  таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. 60 оила асалари боқаётган фермер аъзоларига хуштаъм бол ҳам улашаётир. 3 гектар майдонда ўстирилаётган 3 минг туп олма дарахтлари ҳам ҳар йил шиғил-шиғил ҳосил тугмоқда. Мўъжазгина иссиқхонада етиштирилаётган зироатлардан ва пахта титиш цехи хизматидан қишлоқ аҳли баҳраманд.

Фермер хўжалиги етакчиси Хушбоқ Ишназаров жамоа аъзолари хизмати ҳисобига келаётган даромаднинг бир қисмини қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам аҳамият бераяпти. Унинг қилган энг савоб ишларидан  бири “Зарб- дор” маҳалласидаги катта ариқ устига кўприк қурди. “Совжиронбобо” зиёратгоҳини ободонлаштиришга мудом кўмаклашади. 34-мактабгача таълим муассасасини оталиққа олган.

Жамоага моҳирлик билан раҳбарлик қилаётган Хушбоқ Ишназаров анча вақт туман фермерлар кенгашини ҳам бошқарди. Ҳозир ҳам у 376 та фермер хўжалигига кўмакдош, доно маслаҳатчи. Туман Кенгаши депутати сифатида Шўрчининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига баҳоли қудрат улуш қўшаяпти.

— Шўрчида ҳам тажрибали боғбонлар, ишбилармон сабзаворкорлар кўп. Ҳар йили улар етиштираётган маҳсулотларнинг асосий қисмини қўшни  тумандаги тадбиркорлар арзон олиб  кетишапти, — дейди Хушбоқ Ишназаров. — Шуни ҳисобга олиб, яқин келажакда 200 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланадиган совутгичли омбор қуриш ниятимиз бор. — Шунда халқимизни қишда ҳам мева-чева, картошка, пиёз билан таъминлаш имкониятига эга бўламиз…

Ҳа, юртимизда меҳнат қилган қадрланади. Бу йил мамлакатимизда илк бор қишлоқ хўжалик ходимлари куни нишонланиши муносабати билан кўп қатори тадбиркор деҳқон Хушбоқ Ишназаров Президент фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шубҳасиз, бу мукофот жамоа аъзоларини янги зафарларга ундайди.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги ўқув йилидан хорижий тиллар ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади

021 йил 19 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan