Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Фермернинг “ҳотамтой”лиги ортидаги муаммолар

Фермернинг “ҳотамтой”лиги ортидаги муаммолар

Жарқўрғон туманидаги илғор фермерлардан бири, тадбиркор деҳқон Абдулазиз Нормўминов бошлиқ “Олтинтепа янгиер” фермер хўжалиги далаларида бўлганимизда аъзоларининг бир қисми такрорий экинлар ҳосилини йиғиштириш билан банд эди.

Бошқа бир картада эса ташкилотлардан келган бир гуруҳ ҳашарчилар пахта теришаётган экан.

— Бу йилги режамизни пешқадамлар сафида ортиғи билан бажардик, — дейди ёш, ишбилармон фермер Абдулазиз. — Далаларимизда ҳали пахта кўп. Қолган ҳосилимизни режасини бажара олмаган қўшни фермер хўжалигига ҳадя қилдик, ўзлари одам қўйиб, ҳашарчи жалб этиб, териб топширишаяпти.

Худди шундай фикрни Қизириқ туманидаги “Истара ғолиби” фермер хўжалиги етакчиси Чори Амировдан ҳам эшитдик. Бу жамоа ҳам ҳосилнинг биринчи, иккинчи терими ҳисобига пахта тайёрлаш режасини бажарган. Даладаги қолган пахтани (бир тонна бўладими, ўн тонна бўладими) ёз бўйи яхши ишламаган, даласида ғўза серҳосил бўлмаган, шу боис режасини бажара олмаган қўшни фермер хўжалиги аъзоларига териб олишга рухсат берибди.

Фермер хўжаликларининг бири-бирига бу тарз даги “ҳотамтой”лиги, ғамхўрлиги фақат шу икки жамоада содир этилган ҳол эмас. Вилоятдаги бошқа фермер хўжаликларда ҳам бу мавсум шундай “ҳотамтой”лик кўп юз берди.

Бир қарашда бу ҳол фермер хўжаликларининг ҳамжиҳатлигидан, бир-бирини қўллашидан, бир мақсад сари интилишидан дарак. Режасини бажарибди, ортган ҳосилини нима қилса ўзи билади-да, дейишингиз мумкин. Тўғри, деҳқончилик шундайки, бир йил ҳосил мўл бўлса, табиий офат ёки зараркунандалар таъсиридан кейинги мавсум далада режани қоплайдиган даражадаги ҳосил етиштирилмаслиги мумкин. Шунда аввалги йил ёрдам берган фермер хўжалиги унга режасидан ошган пахтасини ҳадя этиб юбориши мумкин. Лекин фермер хўжаликларининг “ҳотамтой”лигининг ўзига хос салбий жиҳати ҳам бор. Чунки фермер хўжаликлари далаларига бошқа-бошқа нав чигитини экишади. Дейлик, “Олтинтепа янгиер” фермер хўжалиги экин майдонига ўрта толали ғўзанинг “Бухоро-102” навини ўстирган бўлса, қўшни фермер “Порлоқ” нави чигитини эккан. Ҳадя қилинган пахта эса барибир “Порлоқ” нави ҳисобига ўтиб кетади. Албатта, “ҳотамтой” фермер пахтасини қўшни фермерга ўз-ўзидан ҳадя қилмайди. Икки фермер хўжалиги етакчиси орасидаги олди-берди келишувини исботлаш қийин. Ўзаро келишилади. Бир ҳақиқат аёнки, ҳеч ким маҳсулотини текинга бермайди. Чунки ҳадя қилаётган фермер хўжалиги бир тонна пахта топширса ҳам, гарчанд ҳосил учинчи, тўртинчи навга қабул қилинган тақдирда ҳам пахта заводи тоннасига фалон сўм тўлайди. “Ҳотамтой” фермер даласидан териб олинадиган пахта режасини бажармаган фермерга анча қимматга тушади. Сабаби — у “ҳотамтой” фермерга ўзаро келишув ҳақини беради, боз устига даладаги ҳосилни териб берадиган теримчиларга ҳам ҳақ тўлаши керак.

Аммо қимматга тушса ҳам, териб олиб, режасини бажаришга мажбур. Акс ҳолда қишлоқ хўжалиги соҳасига оид ҳар бир йиғилишда бажармаганлар рўйхатида танқид остига олинади, қолоқ жамоа ҳисобланади. Қолоқ фермер шу гап-сўзлардан қутилиш учун ҳам “ҳотамтой” фермернинг даласидаги ҳадя қилинган ҳосил олтинга тенг тушса ҳам териб топширади.

Энди ўша ҳадя қилинган ҳосилнинг зиёнини эшитинг: дейлик, “ҳотамтой” фермер даласига “Беш- қаҳрамон” навини, режасини бажариш учун “ҳадя” қилинган пахтани териб ўз ҳисобига топширган фермер эса ўрта толали ғўзанинг дейлик, “Наманган-77” нави чигитини эккан бўлиши мумкин. Йил якуни сарҳисоб қилинганда эса мутахассислар қайси нав қанча ҳосил бергани, ундан чиққан тола ва чигитини ҳисобга олиб, навнинг афзалликлари ҳақида хулоса беришади. Натижада “Бешқаҳрамон” нави пахтаси ҳам “Порлоқ” ёки “Бухоро-102” нави ҳисобига ўтиб кетади. Энг ёмони, келгуси йил ғўза навларини жойлаштириш режалаштирилаётганда ўша биз юқорида санаб ўтган нав хусусиятлари ва афзалликлари ҳисобга олиниб, кўпроқ далаларга айтайлик “Порлоқ” нави эмас, “Бухоро-102” ёки “Наманган-77” нави жойлаштирилади. Ҳолбуки, келгуси йил “Порлоқ” нави ўша кўрсаткич даражасида ҳосил бермаслиги, пахтаси мўл бўлмаслиги, белгиланган даражада тола ёки чигит чиқмаслиги мумкин. Бу ҳол деҳқонни алданиб қолишига олиб келади. Аслида бу йиғим-терим мавсумида пахтасини ҳадя қилиб юборган “ҳотамтой” фермернинг айбидир. Кўраяпсизми, пахтасини бажариб, “ҳотамтой” лик қилган фермернинг хатоси қандай салбий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Қисқаси, пахтачиликдаги бу ғирромлик келгусида албатта, ўз “мева”сини кўрсатади. Шунинг учун бундай “ҳотамтой”ликдан буткул воз кечмоқ даркор. Фермер режасини бажардими, токи чалкашликлар юзага келмаслиги учун даладаги қолган ҳосилни ҳам ўзи териб топширмоғи даркор. Фермерларимизни “ҳотамтой”лиги ёки қўшни фермерга нисбатан ғамхўрлиги худди нонни тановул қилиб, ушоғини ташлаб юборгандек гап. Йил бўйи пахта деб ишлаган, ҳосил етиштириш учун миллион-миллион сўм харажат қилган фермер ҳосилни бир, икки териб, қолганини термаслиги ёки қўшни, дангаса фермерга ҳадя қилиши келгусида катта хатоликларни юзага чиқаришини унутмайлик.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan