Бош саҳифа / Жамият / Фермернинг “оҳи”ни ким эшитади?

Фермернинг “оҳи”ни ким эшитади?

Таҳририятимизга Қумқўрғон тумани “Янгиер” маҳалласида яшовчи фуқаро Акмал Абдуллаевдан шикоят хати келди.

Унда 70 ёшли отахон Имомқул Абдуллаевга нисбатан туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан йўл қўйилган адолатсизлик ҳақида ёзилган. Келинг, яхшиси, мактубнинг қисқача мазмуни билан таништирамиз:

“Отам Имомқул Абдуллаев қарийб 50 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланади. 2007 йилдан буён эса пахта ва ғалла етиштиришга мўлжалланган 84 гектар майдонга эга “Дўсан Сарбон” фермер хўжалигини бошқариб келган. Аммо, 2016 йилнинг ёз ойи об-ҳавонинг иссиқ келиши, зараркунанда ҳашарот турларининг кўпайиши оқибатида аксарият фермер хўжаликларида ҳосилдорлик яхши бўлмади. Натижада Сафар Бойматов номли СИУ ҳудудидаги кўпчилик фермер хўжаликлари давлатга ғалла, пахта топшириш режасини кўнгилдагидек бажара олишмади. Улар орасида отам И.Абдуллаевнинг “Дўсан Сарбон” фермер хўжалиги ҳам бор. Шу сабабли 2016 йил 22 сентябрь куни Сафар Бойматов номли СИУ ҳудудидаги пахта қабул қилиш пунктига туманнинг собиқ ҳокими А.Эргашев, собиқ прокурори У.Қосимов ва ўша вақтдаги вилоят ҳокимининг тумандаги вакили Ж.Холмуродовлар фермерларни тўплаб, 2016 йилги давлатга ғалла ва пахта топшириш режасини бажара олмаган ўттизга яқин фермерлардан “планни бажармагансизлар” деб, тазъйиқ ўтказиб, ер майдонини қайтариб олиш ҳақида ариза ёздириб олишган. Орадан вақт ўтиб, отамга ғалла экишга тайёргарлик кўраверинг, деб 2016 йил 27 октябрда Қумқўрғон дон қабул қилиш шохобчасининг 0041 083 рақамли товар транспорти юк хатига асосан “Таня” элита навли 6 520 килограмм буғдой уруғини “Холмат Лапасов” фермер хўжалиги номидан чиқариб беришди, ғалла экиш учун техник тадбирларга эса “Дўсан Сарбон” фермер хўжалигининг маблағи эвазига ёқилғи олдик. Отам ўзининг фермер хўжалигига қарашли техникалар ёрдамида буғдойни экиб, кўкартирди.

Бироқ шу йилнинг 15 ноябрь куни тўсатдан туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ф.Жумаев келиб, “Дўсан Сарбон” фермер хўжалигидан 84 гектар ер майдони қайтариб олиниб, “Насиба Суюнова” фермер хўжалигига берилганини айтди. Аммо, фермер хўжалигимизни тугатиш ҳақида ҳеч қандай далолатнома тузилмади, бошқа кишига бериш учун тендер савдолари ўтказилмади. Бу ҳақида далилларни тўплаб, тегишли ташкилотларга, ҳатто вилоят адлия бошқармаси, вилоят хўжалик суди ҳамда Олий хўжалик судига ҳам ариза билан мурожаат қилдик. Аммо уларнинг қайтарган жавобларидан, ишни ўрганиш тартибидан қониқмадик. Чунки мазкур давлат органларининг барчаси ишни чуқур ўрганмай, отамдан фермер хўжалигини қайтариб олиш ҳақида ёздириб олинган аризани асос қилиб тураверишди. Ҳатто, охирги буғдой экиш тадбирларига фермер хўжалиги ҳисобидан сарфланган маблағ ҳам тўлаб берилмади. Отам 50 йилдан ортиқ умрини шу ерда пахта ва ғалла етиштиришга бағишлади, ўтган йиллар давомида режани энг юқори кўрсатгичда бажариб, кўпчиликка ўрнак бўлди, ҳалол ризқ топди. Наҳотки, у кишининг хизматлари мана шундай баҳоланса. Ахир бир йил режани бажара олмаган бўлса, кейинги йил имкон берилиши мумкин эдику. Ҳозирда бизнинг барча техникаларимиз мавжуд. Истардимки, адолат қарор топиб, еримиз қайтариб берилса, бундан кейин ҳам отам ва мен бел боғлаб, ғалла ва пахта етиштирмоқчимиз.”

 “Тазйиқ остида ёзган аризам оёғимга тушов бўлди”

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида дастлаб, И.Абдуллаевнинг ўтган йиллар давомидаги фермерлик фаолияти билан қизиқдик. Ер билан тиллашишнинг сирини пухта эгаллаган отахон кўп йиллар давомида, жумладан, 2011—2014 йиллар давомида давлатга пахта, пилла, ғалла топшириш режасини ортиғи билан биринчилардан бажариб, кўпчиликка ўрнак бўлган. Айниқса, ғўзани 50х70 схемасида янгича усулда экиб, 2013 йилда гектаридан 42 центнер, 2014 йилда 46 центнергача ҳосил олишга эришган. Ана шу хизматлари учун “Олтин фермер” мақомига эришиб, Биринчи Президентимиз И.Каримов томонидан “Damas” автомашинаси, 2011 йилда “Мустақилликнинг ўн йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “Фермер” журналида ҳам алоҳида (2016 йил март ойидаги сонида) эътироф этилган.

Суриштирувимиз жараёнида пахта ва ғалла режасини бажармагани учун фермерларга тазйиқ билан ариза ёздирилганини бошқа фермер хўжаликлари раислари ҳам тасдиқлашди.

— 2016 йил 22 сентябрда 20-30 га яқин фермер, жумладан мендан ҳам ерни қайтариб олиш ҳақида ариза ёздириб олишди, — дейди “Акром Сарвар” фермер хўжалигининг ўша вақтдаги раиси Музаффар Шукуров. — Шундан сўнг биз давлатга экин ишлари учун ажратилган маблағни қайтариб тўлаб, яна фаолиятимизни давом эттирдик.

— Ҳақиқатдан ҳам кўпчиликдан шундай ариза ёздириб олишди, — дейди “Абдулазиз Қурбонов” фермер хўжалиги раиси Оловхон Саломов. — Лекин, мазкур фермер хўжаликларига фаолиятини давом эттиришга имкон берилди.

Ҳақиқатдан ҳам фермерлар ариза ёзиб берган бўлишса, уларнинг аризалари қаерда, деган савол туғилади. Уларни топа олмаганимиздан кейин, бу аризаларнинг барчаси йўқ қилиб юборилган деган хулосага келдик. Фақат И.Абдуллаевнинг аризаси сақланиб қолгани эса бу ишлар кимнингдир манфаати учун қилинганини ифодалайди.

Мазкур ҳолат юзасидан И.Абдуллаевнинг мурожаатига жавобан вилоят прокуратураси “Дўсан Сарбон” фермер хўжалигини қонун талабларига зид равишда туман ҳокимлиги захирасига олинган деса, вилоят адлия бошқармаси эса сиз сўраётган ер участкаси айни пайтда бошқа фермер хўжалигига берилган, яхшиси судга мурожаат қилинг, дея масалага бошқача ёндашган. Буни қандай тушуниш мумкин? Вилоят прокуратураси англаган қонунга зид ҳолатни нега вилоят адлия бошқармаси инкор этган? Ёки улар қонунлари ҳар хил бўлган иккита мамлакатда яшашадими?

“Ими-жими”да ўтказилган танлов

Ҳужжатларда 84 гектар ер майдонини “Насиба Суюнова” фермер хўжалигига ижарага бериш олдидан тендер савдоси ўтказилди, деб кўрсатилган. Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низом 13-бандида ер майдонини ижарага бериш учун ўтказилган тендер танлови ҳақида ОАВда элон қилиниши, унда ер участкасининг ўлчами, жойлашган жойи, сифати ва бошқа тавсифлари, танлов ўтказилиши вақти, жойи кўрсатилиши кераклиги қайд этилган. Аммо ҳужжатларда кўрсатилган “Қумқўрғон садоси” газетасининг 2016 йил 24 октябрдаги 19-20-сонларида чоп этилган эълонда бундай маълумотлар йўқ. Қолаверса, агар танлов очиқ-ошкора эълон қилинганда эди, унда И.Абдуллаевнинг ўғли Акмал Абдуллаевнинг ўзи қатнашиши ҳам мумкин эди.

Қумқўрғон тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Абдумажид Эсоновдан “Насиба Суюнова” фермер хўжалигининг ҳужжатларини тақдим қилишини сўрадик, аммо у киши собиқ туман ҳокими А.Эргашевнинг 84 гектар ер участкасининг “Насиба Суюнова” фермер хўжалигига ижарага бериш тўғрисидаги қароридан бўлак ҳеч нарса кўрсата олмади. Ҳалигача ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасининг тузилмаганини эса фермер хўжалигининг банкдаги ҳисоб рақамида пули йўқлиги билан изоҳлади. Қизиқ, бир йил олдин фаолиятини бошлаган фермер хўжалигининг банк- даги ҳисоб рақами шакллантирилмагани мантиққа тўғри келармикан?

Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида”ги Низомда “вилоят ҳокими бошчилик қиладиган вилоят комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва туман ҳокимининг фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисидаги қарорини тасдиқлаш (ёки тасдиқлашни рад этиш) ҳақида қарор қабул қилади. Рад этиш тўғрисидаги қарор танловни ўтказиш шартлари бузилган тақдирда ва ер участкасини ижарага бериш тартибининг қўпол равишда бузилишлари аниқланган ҳолларда қабул қилинади” дейилган. Бизнингча ҳам танлов ўтказиш шартлари ва ер участкасини ижарага бериш тартибида хатоликлар мавжуд. Қолаверса, И.Абдуллаев каби тажрибали фермерларимизга нисбатан бундай муносабатда бўлиш қонунга ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмас. Аксинча, уларнинг тажрибасидан фойдаланиш, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш керакмасми аслида. Ишлайман, меҳнат қилиб, мўл-кўл ҳосил оламан, деган фермерга давлатимиз томонидан шунча имконият ва имтиёзлар берилаётган бир пайтда айрим раҳбарларнинг бу ислоҳотларни туб моҳиятини англамай иш тутаётгани жудаям ачинарлидир.

Нима бўлганда ҳам ушбу муаммонинг адолатли ҳал этилиши учун мутасадди ташкилот раҳбарларидан жавоб кутиб қоламиз.

Ф.УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan