ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ФЕРМЕРЛАРИГА МУРОЖААТИ

0
139

Ҳурматли фермерлар!

Жорий йилнинг 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш муҳокама қилиниб, мамлакатимизда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарб дор ойлиги” деб эълон қилинди.

Машаққатли меҳнат ва катта харажат эвазига етиштириладиган ҳосилни тўла сақлаб қолиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчилари, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва мутасаддилари, сувчи ва механизаторлар, аграр соҳа олим-агрономлари билан биргаликда, барча бўғиндаги депутатларнинг ҳам сафарбарлиги ва масъулиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Сабаби, бу йил баҳор фаслининг нисбатан салқин ва қуруқ келиши пахтачиликда жиддий муаммоларни келтириб чиқариб, ғўза ривожланиши ўтган йилнинг шу давридагига қараганда анча орқада қолмоқда. Бу эса экин парваришига жиддий эътибор қаратишни, айниқса, культиваторлардан самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларга қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни тақозо этади.

Тажрибали фермерлар, фидойи дала меҳнаткаткашлари ҳозирги ўта масъулиятли паллада сифатли бажарилган агротехника тадбирлари туфайли яратилажак мўл ҳосил, ундан келадиган даромаддан, энг аввало, ўзлари, қолаверса, жамиятимиз катта наф кўришини яхши билади, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур ҳис этади.

Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тақдирини замин билан боғлаган миришкор фермерларнинг ишга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди

Ахир, қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан “тарихий қарор” дея эътироф этилган мазкур ҳужжатга биноан, унумдорлиги паст, охирги 3 йил мобайнида гектаридан 15 центнердан кам ҳосил олинган ерларга пахта жойлаштирилмайдиган бўлди. Бундан ташқари, пахта ва бошоқли дон харид нархлари ўтган йиллардагига нисбатан қарийб 2 бароварга оширилиши баробарида, ушбу маҳсулотларни етиштирувчи фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдидаги қарзлари, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилди.

Шунингдек, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қиймати Давлат бюджетидан судбсидиялар ҳисобидан қопланиши белгилаб берилди.

 Давлатимиз раҳбарининг биз, фермерларга беқиёс ғамхўрлиги, камтарона меҳнатимизга юксак эътибори қалбимизга олам-олам қувонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклашини унутмаслигимиз лозим!

 Азиз фермерлар,
миришкор деҳқонлар!

Юртимизда эзгу ташаббус, хайрли амаллар ҳеч қачон беиз кетмайди, эътибордан четда қолмайди. Аксинча, давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Шундай экан, ҳар биримиз, ўз даламизда меҳнат қилиш учун ишчиларимизга қулай шарт-шароитлар яратиш пайида бўлиб, енгил конструкцияли дала шийпони, мўъжазгина арзон иссиқхона қурайлик, 50 бошдан парранда ва бир бошдан соғин сигир ҳамда 5 қутидан асалари боқишни йўлга қўяйлик. Бу орқали ишчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қўшимча даромад манбаини шакллантириш имконияти пайдо бўлади.

Бу ҳақда сўз юритилганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилинаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан парламент назорати институти жорий этилганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланмоқда. Шу боис давлат ва маҳаллий бош қарув органлари томонидан кичик хато ва камчиликларга йўл қўйиш, ишчилар билан меҳнат шартномасини тузишни кечиктириш асло ярамайди.

Қадрли фермерлар!

Кўпни кўрган, тажрибали фермерлар июнь-июль ойлари ғўза айни ривожланадиган, деҳқончасига айтганда, экин кечаю кундуз “ишлайдиган” бетакрор палла эканлиги, бу даврда қандай юмуш зарурлигини жуда яхши билишади. Сизу бизнинг вазифамиз эса ана шу тиғиз мавсумда бутун меҳримизни даламизга бериб, ҳар бир агротехника тадбирини ўз вақтида ва юқори савияда бажаришга эришишдир. Бунинг учун қуйидагиларга жиддий эътибор қаратиш зарур:

Биринчидан, ташкилий ишларни яна бир марта, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда пухта режалаштиринг!

Иккинчидан, халқимизнинг деҳқончилик бобида тўпланган кўп йиллик бой тажрибасига таяниб, илм-фан ютуқлари, инновацион агротехнологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратинг!

Сир эмас, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари юртимизда ҳам сезилмоқда. Жорий қиш фаслида ёғингарчиликнинг кам бўлганлиги оқибатида, айниқса, аксарият вилоятларда сув таъминотининг меъёридан камлиги кузатилаяпти. Ваҳоланки, бундай ноқулай об-ҳаво кейинги 100 йилда ҳам рўй бермаган экан!

Бундай ҳолларда тадбирли бўлиш талаб этилади, ўтган йилги натижалар билан чегараланиш, яна шу маррани кўзлаб иш тутиш ҳаётий эҳтиёжларимизга мутлоқо тўғри келмайди. Нега деганда, бугунги кунда пахтачилик ва ғаллачиликнинг нафақат саноат ривожидаги, балки аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги ўрнини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Бозорларимизнинг нон, гўшт, сут, тухум каби муҳим истеъмол товарлари билан тўлдирилишида мазкур тармоқлар роли катта.

 Шу маънода, табиат куч-қудратимиз, сабр-бардошимизни яна бир бор синовдан ўтказаётган жорий мавсумда бир тану бир жон бўлиб, ҳукуматимиз томонидан тавсия этилган энг қулай агротехника тадбирларини мақбул муддатларда амалга ошириб, ғалладан камида гектаридан 10 центнердан, пахтадан эса 3-5 центнердан қўшимча ҳосил етиштиришга эришайлик!

Фидойи фермерлар,
дала меҳнаткашлари!

Қишлоқ хўжалигига яроқли ер ресурслари ниҳоятда чекланган бўлиб, қурғоқчилик ва шўрланиш оқибатида унумдор экин майдонлари тобора қисқармоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига 15 сотих экин экиладиган ер майдони тўғри келаётган бўлса, аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига бу кўрсаткич 2030 йилда 12 сотихдан тўғри келиши кутилмоқда.

Бу эса сизу бизга ишониб топширилган давлатимизнинг беқиёс бойлиги — ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда эса бор куч ва ғайратимизни, билимимизни сафарбар этиб, замонавий агротехнологиялар, интенсив усулларни доимий қўллашимизни талаб этади.

 Гапнинг дангали, фермерлик ҳаракатининг замонавий бугунги босқичи талабларига жавобан, даласига меҳр қўйган, дала шийпонини иккинчи уйига айлантирган ва экинлари билан тиллаша оладиган фидойи фермерлар сафига қўшилинг!

Ўз тақдирини деҳқончиликдан айро тасаввур қила олмайдиган фермернинг жойи даласида эканлигини асло унутманг!

Пайкал четлари ва уватларига ҳам сабзавот, полиз экинлари экиб, бозорларимиз файзу баракасига муносиб ҳисса қўшинг!

Шуни мамнуният билан айтиш керакки, биз давлатимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида ўзгалар ҳавас қиларли даражадаги замонавий боғ ва токзорлар яратдик. Энди навбат ушбу боғ ва токзорлар ораларини бўш қолдирмасдан ҳосилдорлиги ҳам, даромади ҳам юқори бўлган экспортбоп маҳсулотлар етиштириб даромадни оширишга эришишдир. Бу борада “Томор қа хизмат” МЧЖ билан ҳамкорликда юқори натижаларни қўлга киритишингизга, ҳисоб рақамингизга валюта туширишингизга ишончимиз комил. Зотан, Президентимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда ҳар бир фермер хўжалигининг валюта ҳисоб рақамида маблағлар бўлишини таъкидлаган эдилар.

Давлат бизга нафақат ерни топширди, балки бой бўлишимиз учун зарур барча шарт-шароитни яратиб бермоқда. Бундай пайтда ҳисоб-китобини тўғри йўлга қўйган фермер нафақат ўзининг, балки давлатнинг бойлигига бойлик қўшади.

Айни дамда биз фермерлар ҳам бунга жавобан фидокорона меҳнат қилиб, ғалла майдонининг ҳар гектаридан 50 центнердан, пахтадан 30 центнердан кам ҳосил олишдек самарасиз натижа ўзбек деҳқонига мутлақо ярашмаслигини баралла айтишимиз керак. Орамизда бу кўрсаткичдан паст ҳосил кўтарадиган фермер бўлмасин!

Азиз фермерлар,
дала соҳиблари!

Деҳқончиликда танаффус бўлмайди, дала меҳнаткашлари йил — ўн икки ой тиним билмайди. Айниқса, ҳозиргидек ўта масъулиятли бўлган “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”да асло хотиржамликка берилиб бўлмайди. Ҳар дақиқани ғанимат билиб, ғўза устида парвонадек айланиб, бор меҳрини бериб парваришлайди. Ширин ташвишлар ғамида елиб-югуради. Бунининг замирида эса тўкин дас- турхон, фаровон турмуш, эртанги ҳузур-ҳаловат мужассамлигини яхши билади, албатта.

Шунинг учун:

– аниқ режаларни ҳаётга татбиқ этиб, мавжуд сув захираларидан тежаб-тергаб фойдаланишни унутманг;

– бу йилги об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда, сувчилар сонини кўпайтириб, вақтдан унумли фойдаланинг;

– ҳар гектар ерга 10 тоннадан маҳаллий ўғит бериш, 3 гектарга биттадан ҳандақ қазиш ва сув йўлларини тозалаш тадбирларини қисқа муддатларда якунига етказинг! Чунки тажрибадан маълумки, ушбу усул ҳосилдорликни 5-7 цент- нерга оширишга хизмат қилади;

– деҳқоннинг қаноти бўлган техника ва технологиялардан унумли фойдаланиб, уларни мавсумга шайлигини яна бир бор кўриб чиқинг ва тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйинг! Ён-атрофингиздаги ҳамкасбларингизга кўмакдош бўлинг;

– ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш ва ғўза парвариши ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича белгиланган тадбирларни тизимли ташкил қилинг;

– ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича тажрибали мутахассис ва олимларни далангизга жалб этинг!

Ҳурматли ҳамкасблар,
қадрли фермерлар!

Бугун халқимиз Сизнинг шижоатингиз, ғайрат ва матонатингизга кўз тикиб турганини бир зум бўлса-да, ёддан кўтарманг. Дастурхонимиз тўкин-сочин, бозорларимиз ноз-неъматларга тўла ва арзон, турмушимиз фаровон бўлиши бугунги машаққатли меҳнатингизга боғлиқ.

Юртбошимизнинг ишончини оқлаб, мамлакатимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни сидқидилдан ҳалол меҳнат қилишга чақирамиз!

Бу йилги қишлоқ хўжалиги йилида сиз азизларга сиҳат-саломатлик, ишингизга эса унум ва ривож, хайр-барака, улкан хирмон барпо этишингизда муваффақият ва зафарлар тилаймиз!

ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ
ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ
КЕНГАШИ,

ВИЛОЯТ ФЕРМЕР,
ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ
ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ
КЕНГАШИ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг