Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Фермер даласидан уй қурмоқчи эди…

Фермер даласидан уй қурмоқчи эди…

Суғориладиган ерлар бебаҳо. Шу боис ҳар қаричи ҳисобда. Бугун вилоятимизнинг унумдор ерлари асосий қисмида давлат эҳтиёжлари учун ғўза ва ғалла парваришланаяпти. Яқин-яқингача жамоа ва ширкат хўжаликлари тасарруфида бўлган унумдор майдонлар фермер хўжаликларига тақсимлаб берилди. Бу — фермерлар ўша ерни ўз хоҳишича тасарруф қилади, дегани эмас.

Бошқача айтганда, суғориладиган унумдор далалар фермер хўжаликларига узоқ муддатга ижарага берилган ва давлат буюртмасида белгиланган зироатларни етиштиришга мўлжалланган. Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонунида ҳам фермер ўз ихтиёри билан заминни ўзлаштириши, рухсатсиз иморатлар қуриши, талон-тарож қилиши мумкин эмаслиги, аксинча йил сайин заминнинг унумдорлигини ошириб бориши, алмашлаб экиш талабларига риоя қилган ҳолда ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаши, сув ва шамол эрозиясидан сақлаши, давлат буюртмасига мос экинлар етиштириб, мўл ҳосил етиштириши таъкидланган.

Афсуски, айрим фермерлар ҳамон туман ҳокимлиги ва бошқа давлат идораларининг рухсатисиз хўжалик тасарруфидаги заминдан ўзбошимчалик билан фойдаланишга, талон-тарож қилишга уринмоқдалар. Масалан, республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Қумқўрғон тумани бўлими ходимлари томонидан Н. Мирзаев номли сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган унумдор ерлардан фойдаланиш аҳволини ўрганиш бўйича ўтказилган мониторинг жараёнида баъзи фермер хўжаликлари раҳбарлари хўжалик ихтиёридаги ерни ҳеч бир рухсатсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаганликлари аниқланди. Хусусан, “Абдулла Олим” фермер хўжалиги бошлиғи Фарҳод Мусурмонов ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги тасарруфидаги 114-контурдаги даладан ғалла ҳосили йиғиб олингач, турар-жой қуриш учун 10х4 метр ҳажмдаги ерни эгаллаб, пойдевор ташлаган. Худди шундай ноқонуний ҳолатга “Фазлиддин Пахтакори” фермер хўжалигида ҳам дуч келдик. Жаноб фермер Комил Мусурмонов хўжалик тасарруфида бўлган 146-контурдаги даладан турар-жой қуриш учун 10х3 метр ҳажмдаги заминда бетон пойдевор қуйиб қўйибди. “Чори Холмуродов пахтакори” фермер хўжалиги заминида эса бошқача ҳолат содир этилган. Фермер хўжалигининг 189 қ-контуридаги даласидан “Ёш ғайрат” маҳалласида яшовчи фуқаро Хўжааҳмад Кўчкинов 0,02 сотихини эгаллаб, 5х3 метр ҳажмли иссиқхона барпо этиш учун чор атрофни 0,80 сантиметр баландликдаги пахса девор билан ўраб олган. Ушбу ноқонуний ҳолатлар юзасидан инспекция ходимлари томонидан далолатномалар расмийлаштирилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 60-моддасига асосан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди. Қумқўрғон туман маъмурий судининг қарорига кўра, фермер хўжаликлари раҳбарлари Фарҳод Мусурмонов ва Комил Мусурмоновга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари — 1. 843 минг сўм миқдорида, фуқаро Хўжааҳмад Кўчкиновга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари — 552.900 сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланди ҳамда жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Шунингдек, инспекция томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерни фермер хўжалигига қайтариш ҳамда ноқонуний қурилган пойдевору пахса деворни айбдорлар ҳисобидан буздириш ҳақида даъво аризалари киритилди.

Хулоса шуки, унумдор ерлар халқники, фақат элнинг фаровон турмуш кечириши учун давлат эҳтиёжларини ўйлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга рухсат этилади. Элни боқиб турган заминни ноқонуний ва ўзбошимчалик билан ўзлаштираман деганлар, муқаррар жазога тортилади.

Ш. МИРЗАҚУЛОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат
мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги
таъминланиши устидан назорат қилиш
инспекцияси Қумқўрғон туман бўлими
бошлиғи вазифасини бажарувчиси,
2-даражали юрист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan