Бош саҳифа / Жамият / “Фемида”нинг иккинчи хақиқати…

“Фемида”нинг иккинчи хақиқати…

Болалик олами жуда беғубор, содда ва самимий бўлади. Унинг болаларча қараши ҳам шунга, самимият ва соддадилликка асосланган. Ўша дамларда журналист дейишса, кўз олдимга қадди -басти келишган, замонанинг энг зиёли, ҳар жабҳа ва соҳада илғор билим ва малакага эга ҳақиқатпараст инсони келарди. Ёзувчи ёхуд шоир дегудек бўлишса, бирини Навоий, бирини эса Бобур ҳазратларига менгзаганим рост. Булар энди, ҳаммаси, ўша давр, болалик оламининг содда дил, беғубор  ҳақиқатлари…

Ўша вақтларда мен ҳавас қилган касб-соҳаларидан яна бири бу — адвокатлик эди. Фильм ва бадиий асарлардаги ҳеч қандай тазйиқ, машаққат ва қийинчиликлардан тап-тортмасдан ҳимоясидаги шахснинг ҳуқуқи ва эркинликларини мардона туриб ҳимоя қилган адвокатнинг тимсоли  бола-ўсмир қарашларимдаги азалий ҳайратлардан бирига айланган эди.

Хўш, адвокат ким? Тасаввуримдаги азалий тимсол нечоғлик ҳақиқатга яқин? Нима учун айнан кўзлари боғланган қиз Фемида адолат рамзи ҳисобланади? Унинг ҳақиқати нималарга асосланган?

Ўзбекистон Республикасининг адвокатура тўғрисидаги қонунининг 1-моддасига кўра, адвокатура — Конституциямизга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади, деб белгилаб қўйилган.

Ушбу қонуннинг 7-моддасида эса, вазифаларига кўра, адвокат ўз профессионал фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига, касб этикаси сири ва қасамёдига риоя этиши,  юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ҳамда усулларидан фойдаланиши шартлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади, хўш, аслида, амалда ушбу қонунларга воҳамизда фаолият кўрсатаётган 184 нафар адвокат томонидан нечоғлик риоя қилинаяпти?

Шу каби саволларга жавоб топиш, соҳа вакиллари фаолиятига чуқурроқ назар ташлаш ва албатта азалий қизиқишларим мени вилоят Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аҳмад Қаюмовга юзлантирди.

—Президентимизнинг  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўтган ойларида ҳудудий бошқармамиз адвокатлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда  308 нафар тадбиркорга,
2250 нафар фуқарога бепул юридик маслаҳатлар берилди. Шунингдек, 4210 та жиноят ишларида, 672 та фуқаролик,  102 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларда, 61 та иқтисодий судларда иштирок этиб, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатилди.

Шу билан бирга, адвокатлар ҳайъати томонидан Термиз шаҳридаги Халқ қабулхоналарида ҳам навбатчилик ташкил этилган бўлиб, фуқароларнинг мурожаати амалдаги қонунчилик асосида кўриб чиқилмоқда ва маслаҳатлар берилмоқда.

— Адвокатга нисбатан касбий жиҳатдан қўйиладиган талаблар адвокат қасамёдида акс этган. Сиз, шу соҳанинг тажрибали мутахассиси сифатида адвокатликка даъвогарга қандай хислатларга эга бўлиш талабини қўйган бўлардингиз?

— Ҳалоллик ва хушмуомалаликни.

— Адвокат ҳимоясидаги шахснинг (хоҳ у юридик, хоҳ жисмоний шахс бўлсин) ноҳақ эканлигини била туриб ҳам уни ҳимоя қилиши мумкинми? Дейлик, шундай ҳолатларда адвокат касбий қоидалар этикаси асосида иш кўриши лозимми ёхуд виждон амрига қулоқ тутиши керакми?

— Адвокат ёрдам сўраган фуқаронинг мурожаатини эътиборсиз қолдириши ёки адвокатлик хизмати учун тўловни амалга ошириш имкониятига эга бўлмаганлиги сабаб рад этишга ҳаққи йўқ. Бу қонун йўли билан ҳам белгилаб қўйилган. Саволингизга келадиган бўлсак, фуқаро билан адвокат ўртасида тузилган ўзаро шартномага кўра, уни ҳимоя қилиши ва унга доир барча (қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар) маълумотларни сир сақлашга мажбур!

— Агар адвокат ҳимоясидаги фуқаро ноҳақ бўлса ҳамми?

— Ҳа! Унинг ҳимоясидаги шахс ноҳақ бўлган тақдирда ҳам уни ҳимоя қилиши шарт! У бунга мажбур! Аммо бундай ҳолларда адвокат ҳимоясидаги фуқарога оид маълумотларни сир сақлаш билан бирга, қонунга зид иш қилмаслиги ҳам лозим.

— Ҳаётини адвокатликка бағишлаган ва шу соҳада бир умр ишлаб келаётган мутахассислар билан бирга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият юритиб, вазифасидан озод этилганлар мутахассислар ҳам ишлашади. Нима деб ўйлайсиз, биринчи ишида қилган хатолари уларга кейинчалик ҳам “панд” бермайдими?

— Бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Аммо, аксарият ҳолларда кўпчилиги аввалги хатоларини тўғирлаш учун ҳам сидқидилдан ишлашади. Хато қилиш одамзодга хос. Менимча, ҳаммага ҳам иккинчи имкониятни бериб кўриш керак.

— Дейлик, улардан бири аввал судья, яна бири прокурор ва бошқа бирлари ички ишлар ходими, бўлган. Соҳасидан келиб чиққан ҳолда бири “баланд”дан келса,  бири “ичим”дагини топ, бошқаси эса “қаттиққўл”роқ. Узоқ йилги иш фаолияти давомида улар учун деярли кўникмага айланган бу каби “касбий таассурот”лар халал бермайдими?

— Аввалига бир-биримизни тушунмай қийналамиз, аммо соҳанинг ўз қатъий қонунлари, талаблари бор, кези келиб “қолип”га солиб қўяди.

— Адвокатнинг бир марта “янглишиши”ни тушуниш ва кечириш мумкин. Аммо бирор фирибгар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда қонунни бузиб, ўз мансабини суиистеъмол қилиб, унга янги жиноятларни амалга ошириш йўлида “йўл-йўриқ”лар кўрсатиш билан қўллаб-қувватлаб келишини қандай баҳолайсиз? Дейлик, яқинда фуқаролардан бири менга  уй-жой қуриш учун ер майдони сотиб олганлигини, аммо, кейин маълум бўлишича ер эгаси (аёл киши) ўндан тортиқ одамдан (айнан шу ерни сотмоқчи бўлиб) фирибгарлик йўли билан катта миқдордаги пулларни ўзлаштириб кетганини айт ди. Маълум бўлишича, унинг ортида анчайин тажрибали адвокат турган экан… Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Бизнинг соҳамизда ҳам кам бўлса-да учраб турадиган бундай ҳолатлар ўз номи билан фирибгарлик, деб аталади. Шу борада агар адвокат устидан шикоят келиб тушадиган бўлса, вилоят малака комиссияси томонидан обдон ўрганилади. Қилган хато ёки жиноятининг кўламига қаралади ва шунга яраша жазоланади: огоҳлантирилади, лицензия 6 ойгача ёки бир умрга бекор қилиниши ҳам мумкин.

— Аниқроқ далилларга асосланиладиган бўлинса?..

— Дейлик, 2012 йилдан буён ўз вазифаларини суиистеъмол қилган 8 нафар адвокат судланган, 2012 йилда 1, 2015 йилда 1, 2016 йилда эса 2 нафар  адвокатнинг лицензияси бекор қилинган.

Юқорида, биз, бежиз “Фемида”нинг иккинчи ҳақиқати ҳақида тўхталиб ўтмаган эдик: АДВОКАТ нинг ҳақиқати ҳам ушбу соҳа рамзи ҳисобланмиш бир қўлида тарозу, иккинчисида қилич тутган кўр қиз Фемиданинг икки ҳақиқатга бири адолат, иккинчиси ҳалолликка  асосланган бўлиши лозим!  Фемиданинг қай бир қўлидаги ҳақиқатни танлаш эса ҳар бир соҳа вакилининг виждонига ҳавола… 

Суҳбатдош: Эркин НОРСАФАР 

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Муаммолар ечим топди

Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Микрокредитбанк” томонидан ташкил этилган сайёр қабул ўз муаммоларини ечиш истагида бўлган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE