Бош саҳифа / Жамият / Фазилатли раҳбар эди

Фазилатли раҳбар эди

Атоқли давлат арбоби, моҳир ёзувчи, Шароф Рашидовнинг ўзим гувоҳ бўлган фазилатларидан айрим эпизодларни келтирмоқчиман. 1964 йил 14 октябрда ҳарбий қисм командири ҳузурига чақириб “30 нафар ўзбек йигитлардан саралаб, Москва шаҳар, Дзержинский майдонида жойлашган бутуниттифоқ “Билимлар уйи”да Ўзбекистон Республикаси ташкил этилганлигининг 40 йиллигига бағишланадиган тантанали кечага қатнашасизлар” деди.

Биз аскарлар тантанали маросимга қатнашдик. Ш.Рашидов қисқагина табрик нутқи сўзлади. У инсоннинг камтарлиги ва олийжаноблигини қарангки, “асосий фикрни яхшиси соҳа вакиллари баён этишсин” деди. Ўзбекистоннинг босиб ўтган йўли тўғрисида академик И.Мўминов маъруза қилди. Ўзбекистонда фан равнақи бўйича академик У.Орифов, физика- математика фанлари равнақи бўйича академик С. Сирожиддинов, кимё фанлари ютуғи тўғрисида академик Ж.Саидов , биология фанлари бўйича академик Ё. Тўрақулов, ўзбек адабиёти бўйича Комил Яшин, олий таълим бўйича олий таълим вазири, академик Т.Саримсоқов ва ТошДУ ректори академик О.Содиқовлар чиқиш қилишди. Ўзбекистон санъат усталари ва Москва театрларининг энг номдор артистлари ижросида катта концерт берилди. Тадбир 5 соатдан ортиқ давом этди.

Шароф Рашидов илм аҳлини ниҳоятда қадрлар эди. Фикримнинг исботи учун қуйидаги далилни келтирмоқчиман. 1969 йил Самарқанд давлат университетида ишлар эдим, физик олим Муса Мўминов вафот этди. СамДУ мажлислар залида видолашув маросими ўтказилди. Шароф ака ўша пайтда ЎзР Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. М.Мусахонов раислигида дафн этиш бўйича ҳукумат комиссиясини тузиб, шахсан ўзлари 2-қаватдан тобутни кўтаришиб кўчага чиққанлари, ёмғирга қарамай то Шоҳизинда қабристонига қадар (билмадим бу гапга ҳозирги одамлар ишонармикин?-Ш.С.) пиёда борганларининг гувоҳи бўлганман. Худди шундай воқеа 1971 йил СамДУ ректори Орифжон Икромовнинг дафн маросимида ҳам такрорланганди. Бу ҳақиқий фазилатли раҳбарнинг устозлар ва фан вакиллари хизматини қадрлаш борасида ибрат мактаби, деб ўйлайман.

Шароф аканинг энг буюк фазилатларидан бири олимлар билдирган таклиф ва илмий хулосаларга ниҳоятда ва эътибор билан қараганлигидир. 1974 йили Ўзбекистон шароитида махсус мутахассислик тайёрловчи маданият институти ташкил этиш зарурлигини; шунингдек, мактабгача тарбия муассасалари учун олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш зарурлигини матбуотга олиб чиққанман. Сўнг ўз таклифларимни умумлаштириб Ш. Рашидовга мурожаат қилганман. Бу таклифларим Шароф ака туфайли амалга ошганди.

1975 йили ҳозирги ТерДУда биология, жисмоний тарбия бўлимлари бўйича қабул тўхтатилди. Институт декани сифатида, Ш. Рашидовга ва маориф вазири С.Шермуҳамедовга мурожаат қилдим. Биология, жисмоний тарбия бўлимларига қабулни тиклаш, тарих бўлими учун махсус кафедра ташкил этишни сўраганман. Мурожаатим эътиборга олинди. ТерДПИ да биология, жисмоний тарбия бўлимларига қабул тикланди. Тарих бўлими учун махсус кафедра ташкил этилди. Натижада бу бўлимлар базасида кейинчалик алоҳида факультетлар шакл- ланди

Ш.Рашидов собиқ иттифоқда тан олинган энг обрўли фан, адабиёт, санъат, маданият арбоби эди. Дунё тан олган атоқли олим, иттифоқ фанлар академияси вице-президенти П.Федосевнинг кириш сўзи ва раҳбарлигида Ш.Рашидовнинг 5 томлик “Сайланма” асарлар тўпламининг рус тилида Москвада чоп этилиши бунинг исботидир. Шу вақт- га қадар собиқ иттифоқ таркибига кирувчи республика раҳбарларидан ҳеч ким бу даражага кўртарилмаган эди. Бу Ўзбекистон учун фахр!

Кўп йиллар Москвадаги “Просвешение” нашриётида директор бўлиб ишлаган Д.Зуев (мен у билан шахсан суҳбатда бўлганман-Ш.С.) шундай эслайди:— 1978 йил собиқ КПСС МК Сиёсий Бюроси йиғилишида “Рус тили — халқларнинг ўзаро алоқа қилишида буюк ва қудратли восита” номли китоб яратиш вазифаси қарор билан шахсан Шароф Рашидовга юклатилди. Топшириқни бажариш мақсадида — деб эслайди Д.Зуев, — Тошкентга, Ш.Рашидовнинг ҳузурига йўл олдим. Ш.Рашидов ўта бандлигини айтиб узр сўради ва бу ишни соҳани мукаммал биладиган зукко олим ва ўзининг суюкли шогирди, ЎзР Маориф вазири С.Шермуҳамедовга юклашини, ўзи эса сўзбоши ёзишни,бу масалада Л.И.Брежневни ҳам кўндирганини билдирди.

1980 йил 5 ойлик малака ошириш курсини М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети қошида ўтайдиган бўлдим. Китобнинг корректураси тайёр бўлган экан. Аммо, делегация бошлиғи бўлиб С.Шермуҳамедов Варшавага жўнаб кетаётган экан.

Нашриёт директори Д.Зуев ва китобга муҳаррирлик қилган Г.Карпенко зудлик билан корректурани ўқиб бериш, айниқса манбаларни синчковлик билан солиштириш масаласини юқорига билдирган экан.

Шароф ака собиқ Олий Совет сессиясига қатнашиш учун Москвага келган эканлар. Устоз Саид ака Варшавага кетишлари керак. Шунда: “Устоз, Сиз ҳижолат чекманг. Шу ишни менга топширинг. Мен уни қулинг ўргилсин қилиб бажараман”, дедим. У киши хурсанд бўлдилар. Шароф акага қўнғироқ қилди. Эрталаб вақт топиб нашриёт директори билан учрашадиган бўлдик. Шароф ака депутатлардан ЎзР Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Яшин ва СамДУ ректори академик А.Отахўжаев билан бирга эканлар. Саид ака, Д.Зуев, Г.Карпенко ва мен бирга бордик. Нашриёт томонидан талаб қилинган корректура муаммосини зиммамга оладиган бўлдим. Шароф ака жуда мамнун бўлиб, раҳмат айтдилар.

Шу тариқа 1980 йилда Ш. Рашидовнинг сўз бошиси билан Саид Шермуҳамедовнинг “Рус тили-халқларнинг ўзаро алоқа қилишида буюк ва қудратли восита” номли монографияси “Просвешение” нашриётида чоп этилди. Тезлик билан китобнинг иккинчи тўлдирилган нашрига буюртма берилди. Бу иш ҳам бажарилди. Аммо, 1982 йили Л.Брежнев, 1983 йили Ш.Рашидов вафот этди. Китобнинг иккинчи нашри корректурасини устоз С.Шермуҳамедов билан биргаликда ўқиб берганман. И.Усмонхўжаев ва Р.Абдуллаева каби ношуд раҳбарлар китобдан Шароф Рашидов сўз бошисини олиб ташлашни талаб қилишди. Саид ака бунга рози бўлмади. Шу тариқа корректураси ўқиб берилган китобнинг 2 – нашри чиқмай қолди. Аммо Саид ака бунга афсус қилмади. У шогирд сифатида устозга содиқлигини исботлади. Устознинг пок номи оқланишига ишонарди. Халқимизда: “Селлар ўтар тош қолар, ўсма кетар қош қолар”, деган пур маъно нақл бор. Адолат, ҳақиқат тантана қилди…

Шомат САМАТОВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE