Бош саҳифа / Жамият / Фарзандларимизга эътибор

Фарзандларимизга эътибор

Инсон борки, эртанги кунини фарзандлари тимсолида кўради. Шу боис зурриёдининг келажаги порлоқ бўлиши учун барча шароитларни яратиб беришга интилади. Ота-онанинг “болам деб” қилаётган саъйи-ҳаракатлари уларнинг умрига мазмун бағишлаш билан бирга, ўғил-қизларининг ҳаётдаги ўрнини белгилаб беради.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан ёш авлоднинг таълим-тарбияли, билимли ва маърифатли инсонлар бўлиб етишиши йўлида беқиёс имкониятлар яратиб берилмоқда. Яратилаётган ана шундай шароитлардан ўз ҳаётини зиёлантириб, Ўзбекистоннинг буюк келажаги сари интилаётган ўғил-қизларимиз сафида 1 миллион 150 мингдан ортиқ Сурхон ёшлари ҳам борлиги юрагимизни чексиз қувончга тўлдиради.

Беш ташаббус жилоси

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган ва ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг ёрқин намунаси бўлиб майдонга чиққан 5 та ижобий ташаббус бугунги кунда воҳамиз ёшлари ҳаётига ҳам файз бағишламоқда. Хусусан, ушбу муҳим ташаббуснинг биринчи йўналиши бўйича олиб қарайдиган бўлсак, маданият ва санъат йўналишида турли тўгаракларда ижод қилаётган ёшларимиз сони йил якунига қадар 214 220 нафарни ташкил этиши кўзда тутилмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ёшларимизнинг санъатга ташналигини ҳисобга олиб, халқаро бахшичилик фестивали олдидан бахшилар кўрик-танловини ўтказиш анъанага айланган. Ҳар икки йилда бир марта ўтаказилиб келаётган бу танловда ўнлаб ёш бахшилар ўз маҳоратларини намойиш қилиб келмоқдалар.

Маълумки, спорт ёшларимизнинг энг севимли машғулотларидандир. Беш ташаббуснинг ёш авлодни жисмонан чиниқтириб, иродасини тоблайдиган бу йўналиши фарзандларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши учун вилоятимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда вилоятимизда 1009 та спорт иншооти ёшлар хизматида, уларда 44 минг 105 нафардан ортиқ ёш спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу хайрли ишларда касаба уюшмаларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Жумладан, бирлашма соврини учун ташкил этилган “Спорт, — мустаҳкам оиламиз пойдевори”, “Отам-онам ва мен” мусобақалари ҳамда “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётган мини-футбол, шахмат ва шашка мусобақалари ёшларни спортга жалб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, ўтган ёз мавсумида халқ таълими ва касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларида 20 минг нафарга яқин ёшлар соғликларини мустаҳкамлаб олдилар. Кейинги йилларда вилоятимизнинг 200 дан ортиқ қишлоқларида ёш тадбиркорлар томонидан мини-футбол майдончалари қурилиб, ёшлар турли хил спорт мусобақаларини ўтказиб келмоқдалар. Вилоятимиз тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиб, воҳадаги 800 дан ортиқ қишлоқларда ана шундай спорт майдончалари қурилишига эришилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бугунги кунда ҳаётимизни ахборот коммуникация технологияларисиз, интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бинобарин, 3-йўналиш аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологияларидан ҳамда интернетдан фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилган. Бу борада йил якунига қадар Термиз шаҳри ва туман марказларида жами 13 та рақамли технологиялар ўқув марказлари фойдаланишга топширилади ва бу марказларга 7 мингдан зиёд ўқувчи, мактабларда ташкил этиладиган компьютер тўгаракларида эса 214 мингдан зиёд ёшлар қамраб олиниши режалаштирилган.

4-йўналиш – китобхонлик! Очиғини айтадиган бўлсак, бугунги ҳаётимиз китобсиз тасаввурга сиғмай қолди. Машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор бекорга “Адабиёт – атомдан кучли!”, демаган. Китоб қўлтиқлаб бораётган ёшларга тез-тез кўзингиз тушади. Бугунги кунда ажойиб анъанага айланиб қолган “Ёш китобхон” республика танловида иштирок этиш учун 2017 йилда 8 минг 562 та ариза келиб тушган бўлса, 2018 йилда 34 241 нафар, жорий йилда бу кўрсаткич 48 288 нафарни ташкил этди.

“Касаба уюшмалари – болаларга!” шиори остида болалар оромгоҳларида ўтказилган “Китоб — менинг дўстим” тадбирларида 20 мингга яқин ёшлар иштирок этишди. Биз мактабларга, маҳаллалар кутубхоналарига китоблар тақдим этмоқдамиз. Олтинсой тумани марказида туман аҳолиси учун маданият уйи ва кутубхона қурилишини янги йилгача тугатамиз.

Фаолиятимизда дастуриламал

Бешинчи йўналиш бўйича бирлашмамиз қошидаги “Зодиак Касаба Сайр” шўъба корхонасида федерациянинг 34 миллион сўмлик маблағи ҳисобига тикув машиналари сотиб олиниб, 14 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган 26 нафар хотин-қизга 40,5 миллион сўмлик тикув машиналари олиб берилди. Кейинги 3 йилда касаба уюшмалари маблағига Термиз шаҳрида 200 ўринли “Амударё” болалар оромгоҳи, Термиз туманида 160 ўринли “Термиз Марвариди” санаторийси қуриб, ишга туширилди. Уларда 100 нафардан ортиқ хотин-қиз ишли бўлди. Ҳозирда Олтинсой туманида 200 ўринли 5 қаватли “Хўжаипок” санаторийси қуриб битказилмоқда. Янги йил арафасида бу ерда ҳам 100 нафардан ортиқ хотин-қиз ишга жойлашади.

Бу кўрсаткични вилоят миқёсида олсак, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида шу кунгача 506 нафар, меҳнат ярмаркалари ўтказилиши ҳисобига 3 846 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. Беш ташаббусни аҳоли, жумладан, ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириш – бутун вилоят жамоатчилиги, жумладан, бирлашмамиз фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади.

Муаммо ва таклифлар…

Масалага таҳлилий кўз билан қарайдиган бўлсак, бу борада муаммолар ҳам йўқ эмас. Вилоятимизда мавжуд маданият уйлари ва марказларнинг баъзилари таъмирга муҳтож, замонавий моддий-техник базасига эга эмас.

Таълим муассасаларининг спорт анжом ва жиҳозлари етарли эмас. Агар мактаб ёшидаги болаларимизнинг 55 фоизи якка кураш турларига қизиқишини ҳисобга олсак, шаҳар ва туманларда гимнастика спорт жиҳозлари, полвонларимизга татамилар, жойларда бокс рингларини ташкил этишга эҳтиёж борлиги аён бўлади.

Шу билан бирга вилоятимизда тренер-мураббийлар етишмаслиги ёшларни спортга жалб этишда муаммоларни юзага келтирмоқда. Мактаблардаги маънан эскирган компьютерлар ҳам юқори тезликда интернетдан фойдаланиш имкониятини бермайди. Ёшларни китобхонликка кенг жалб қилишда ҳам муаммолар бор. Кутубхоналарнинг китоб фонди етарли эмаслиги, китоб дўконларининг маҳаллалардан йироқлиги бу борада қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Хулоса шуки, эртамиз эгалари бўлмиш ёш авлодга ғамхўрлик ҳамиша зиммамиздаги муқаддас бурч бўлмоғи шарт. Зеро, ёшлар қалби оппоқ қоғоз мисоли. Унга катталар томонидан қанча эзгуликлар битилса, келажак китоби шунчалар нурли бўлади.

Абдукарим АҲМЕДОВ,
вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоят ҳокими аҳоли билан юзма-юз учрашмоқда

Вилоят ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида бўлиб, тумандаги «Наврўз», «Сурхон соҳили», «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan