Бош саҳифа / Жамият / Фарзандингиз ясси оёқ бўлса…

Фарзандингиз ясси оёқ бўлса…

Кўпчилик ота-оналар фарзандининг оёқ кафтлари ясси эканини сезиб қаерга мурожаат қилишни билмай, шошиб қоладилар. Хўш, ота-оналарни қийнайдиган бу муаммога ечим бормикан? Ясси оёқлик ўзи қандай касаллик, у нима сабабдан келиб чиқади?

Вилоятимизда аҳоли орасида учрайдиган ортопедик касалликларнинг 35 фоизини ясси оёқлик ташкил этади. У кўпроқ болаларда учрайди. Ясси оёқлик туғма, яъни наслдан наслга, ота-онадан генетик ўтиши оқибатида фарзанд ҳам ясси оёқ туғилиш хавфи юқори бўлади. Ясси оёқликнинг яна бир тури эса орттирилган бўлиб, бунда бола кўп касалланиши, мушак-пай системасининг нимжонлиги ҳисобига ясси оёқ шакл ланади. Бола энди юра бошлаганда нотўғри оёқ кийимлардан фойдаланиш оқибатида ҳам бу касаллик орттирилади. Таг қисми юмшоқ, резина оёқ кийимлар кийганда ҳам бола оёғининг ички томонида гумбаз ҳосил қиладиган соҳасининг текисланиши юзага келади.

МУТАХАССИС
МАСЛАҲАТИ

— Иш фаолиятимиз давомида туғма ясси оёқликнинг учраш даражаси кўпроқ кузатилади, — дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлими ортопед-травматологи Акмал Тўқсанов. — Бола туғилганда илк кўрикдаёқ оёғи ясси экани сезилади. Баъзиларда бола икки ёшгача оёғи ясси бўлиши табиий ҳолат, деган нотўғри фикр юради. Бу фикрга қўшилган баъзи ота-оналар фарзандининг айни муолажа даврини ўтказиб юборади. Юқорида айтиб ўтганимдек, ясси оёқлик даражасини аниқлаш учун ўтказилган кўрикда, унинг кўндаланг ва узунасига яссилик даражаси аниқланади. Кўндаланг ва узунасига яссилик бирданига келиши ҳам мумкин. Икки даражанинг бир ҳолатда учраши оғир даража саналади ва уни даволаш узоқ вақт давом этади.

КАСАЛЛИКНИНГ
ОЛДИНИ ОЛАМИЗ

Ясси оёқликнинг олдини олиш учун она қорнидаёқ ҳаракатни бошлаш лозим. Бунинг учун бўлажак ота-она генида ясси оёқлик аниқланса, ҳомиладор аёл туғилажак боласини ясси оёқ бўлмаслиги учун икки карра ўзига эътибор қаратиши талаб этилади. Ҳомиладор аёл ўзини шамоллатиб қўймаслиги, гриппдан сақланиши, айниқса, токсикоз даврида ўз вақтида даволаниши лозим. Ичиш, чекишга ружу қўйганлар ҳам бу даврда ана шундай иллатлардан йироқроқ юрмоғи, ўзи учун тоза экологик ҳудудда истиқомат қилиши туғилажак боланинг ҳар томонлама соғлом дунёга келишининг гарови бўлиб хизмат қилади.

БЕМОРЛАР: ҚАЕРГА
ВА КИМГА МУРОЖААТ ҚИЛАЙЛИК?

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлими травматологлари вилоят кесимида туманлардаги барча қишлоқ оилавий поликлиникалари ва туғруқхоналарга бириктирилган. Улар ҳар ойда бир ҳафта давомида республика травматология ортопедия илмий текшириш маркази томонидан жўнатилган мутахассислар билан бирга ясси оёқликни аниқлаш бўйича янги туғилган чақалоқлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Шу тариқа ҳар ойлик ясси оёқликка чалинган беморлар сони аниқланади ва уларга керакли муолажа ва даво чоралари кўрилади.

Ота-она фарзанди ясси оёқ эканини сездими, дар- ҳол ўзи истиқомат қилаётган шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларига, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлимига мурожаат қилишлари шарт. Мазкур муассасаларда текширувдан ўтиб, баъзи беморларга республика травматология ортопедия илмий текшириш марказига йўлланма берилади. Текширув жараёнида бемор болаларнинг оёқ панжаси ва ошиқ-болдир бўғимининг анатомик тўғри жойлашганлиги, ҳаракатлар ҳажми ва панжа оғиши бурчаги, ёй ва мушакларнинг юк тушишига реакцияси, юришнинг ўзига хос хусусиятлари, пойабзалнинг емирилиш хусусиятлари ўрганилади. Шу тариқа улар махсус текширувдан, яъни плантаграмма таҳлилидан ўтказилиб, Фридланд индекси бўйича ясси оёқлик даражаси аниқланади ва даво режаси тузилади. Сўнг, физиотерапия бўлимларида муолажалар олиб борилади.

ДАВОСИЗ ДАРД БЎЛМАС: МУОЛАЖА
ВА МАШҚЛАР

—    Муолажалар босқичма-босқич амалга оширилиб, оёқ ёйини ушлаб турувчи мушакларни кучайтирувчи физиотерапевтик даво чоралари қўлланилади, — дейди ортопед-травматолог Акмал Тўқсанов. — Чақалоқликдан аниқланган ясси оёқлик учун оналарга махсус машқ ва массаж ўргатилади. Касалликнинг бошланиш даврида энг фойдали муолажа уқалаш бўлиб, у қон айланишини нормал ҳолатга келтиришга, товон бўғимлари ва пайлари ривожига яхши таъсир ўтказади. Бола юра бошлагач эса ортопедик оёқ кийим ёки махсус стелка тавсия қилинади. 2-5 ёшли ва ундан катта ёшдаги болаларда эса турли машқларни бажартириш, яъни бармоқ учи билан сакраш арқонда сакраш машқлари бажартирилади. Веломашқ амалиёти ҳам фойдали бўлиб, унда бола велосипеднинг педалини олиб ташлаган ҳолатда ялангоёқ айлантириши талаб этилади. 8 ёшдан катта болаларга эса махсус оёқ кийим буюрилади. Бу уларнинг ясси оёқлигини даволаш учун эмас, балки касаллик сабабли келиб чиқадиган оғриқни бартараф этиш учунгина, холос. Даражаси бўйича жуда оғир турга кирувчи беморлар жуда кеч мурожаат қилишганида эса баъзи ҳолларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Ясси оёқ бўлган беморларнинг даволанмаслиги умуртқа поғонасининг қийшайишига, бир сўз билан айтганда, қоматнинг бузилишига сабаб бўлади. Айниқса, бемор кўп тик ҳолатда тура олмайди ва бел соҳасида доимий оғриқ кузатилади. Шундай экан, ясси оёқликни вақтида аниқлаб, керакли даво чораларини кўриш рисоладагидек қомат ва соғлом турмуш тарзининг гарови бўлиб хизмат қилишини унутмайлик.

Э С Л А Т М А

  • Бошқа бировнинг оёқ кийимларини кийиш ҳам касалликнинг оғирлашишига олиб келади. Кўп кийилган пойабзал оёққа тушадиган юкни нотўғри тақсимлайди. Шунинг учун кичкина бўлиб қолган дея, уриниб қолган пойабзалларни бошқаларга берганда, биз билмаган ҳолда зиён етказишимиз мумкин. Болалар пойабзаллари кичикроқ пошнали, орқаси қаттиқ ва рессор супинатор — оёқлар остида ўзига хос “тошлар” ва “бўртмалар” билан бўлиши керак. Пойабзал оёққа мос келиши, тор ҳам, катта ҳам бўлмаслиги лозим.
  • Аёлларнинг баланд пошнали пойабзалда юриш пайтида юкнинг қайта тақсимланиши содир бўлади: у товондан кўндаланг ёй соҳасига силжийди, ёй уни кўтара олмай, деформацияланади, натижада кўндаланг ясси оёқлик ривожланади.
  • Катталарда, кўпинча, оёқларга ортиқча юк тушиши билан боғлиқ бўлган статик ясси оёқлик бўлади. Бунинг асосий сабаби, энг аввало, ортиқча вазндир. Касб-ҳунарлари узоқ вақт оёқда туришни талаб қиладиган одамлар — сартарошлар, сотувчилар, станок операторларининг ҳам бу касалликка чалиниш эҳтимоли юқори бўлади.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Разрабатывается новый Трудовой кодекс

Разрабатываемый Трудовой кодекс в новой редакции станет гибким и ориентированным на интересы бизнеса, сообщил в …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan