Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Фаровонлик манбаи

Фаровонлик манбаи

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Тадбиркорлик қилиш учун кенг йўл очилди. Меҳнат қилган одам шунга яраша даромад олиб, фаровонликка эришаяпти. Бундай ижобий ўзгаришларни ҳар бир қишлоқда кўриш мумкин.

“Ёш ғайрат” Шўрчи туманидаги маҳаллалардан бири. Бу ерда 3849 нафар киши истиқомат қилади. Қишлоқ аҳлига, хусусан, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури асқотди. Ўн саккиз оила 15 миллион сўмгача 7 фоизлик имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

— Юртимизда тадбиркорлик ҳар томонлама қўллабқувватланмоқда. Бунинг учун қулай муҳит яратилган. Одамлар фақат меҳнатдан қочмаса бас. Фаоллар билан уйма-уй юриб, аҳолига шуни тушунтирдик,— дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўрол Шерхонов. — Ҳозирги пайтда 38 та хонадонда иссиқхона бор. Уларда турли хил деҳқончилик маҳсулотлари етиштирилаяпти. Чорвачилик билан шуғулланаётганлар ҳам анчагина.

—    Битта-иккита мисол келтирсангиз.

 Ҳамсуҳбатим ўйланиб ўтирмади:

— Ёзинг, — деди у,— Тоғай Мирзатов ва Баҳодир Хўжақуловлар иссиқхона қуришган. Кўкат, помидор етиштиришади. Алишер Қаршиев, Шерқобил Назаровнинг ҳар бири 40-50 бошгача қорамол боқади. Бизда ҳеч ким бекор юрмайди. Биров товуқ боқса, биров картошка ёки сабзи экади. Ҳамма қандайдир иш билан банд. Албатта, ҳар ким меҳнатига яраша фойда кўради-да. Ана шундай эзгу амаллар, саъй-ҳаракатлар туфайли одамларнинг турмуш шароити тобора яхшиланиб, фаровонлиги ошиб бораяпти. Қишлоқ обод бўлмоқда. Тоза ичимлик суви, табиий газ бор. Йўлларимиз равон.

2018 йил 1 январь ҳолатида маҳалламизда битта ҳам кам таъминланган оила қолмади. Бу борада маҳалламиз фуқаролар йиғинининг нуронийлар ва ёшлар бўйича маслаҳатчилари Зоҳиддин Ёқубов ҳамда Садоқат Исоқова, шунингдек кўчабошиларимиз яқиндан ёрдам беришмоқда.

Қурбон ЖЎРАНАЗАРОВ,
журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хорижий ишбилармонлар билан учрашув

Яқинда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Пўлатов Германия, Австрия, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Россия, Белоруссия, Афғонистон …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan