Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Фарғонада анорчилик ривожланмоқда

Фарғонада анорчилик ривожланмоқда

Бунинг учун вилоятимизда замонавий мезонлар асосида барча шарт-шароитлар яратиляпти

Президентимиз ташрифидан сўнг…Муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 12-13 июнь кунлари вилоятимизга ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Фарғонанинг эртанги кун истиқболи билан боғлиқ кўплаб эзгу ташаббусларни илгари сурган эди.

Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари дастлаб Қува туманидаги “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти билан танишгани бежиз эмас. Боиси мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида вилоятимизда боғдорчиликни ривожлантириш, мева-сабзавотлар экспортини ошириш мақсадида ўнлаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, бу борада салмоқли ютуқларга эришилмоқда.

Айни кунларда ташриф доирасида белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида “Фарғона анорчилик” агрофирмасида дунёга машҳур янги анор навларини яратиш, вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларида анорзорлар барпо этишга алоҳида эътибор қарата бошлади.

—    Белгиланган режага кўра, вилоят ҳокимлиги кўмагида шаҳар ва туманларимизда жорий йилнинг ўзида 5 минг гектар янги анорзорлар ташкил этиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, — дейди “Фарғона анорчилик” МЧЖ шаклидаги агрофирма раҳбари, Фарғона давлат университети фахрий профессори Мастурахон Сайфуддинова.

“Фарғона анорчилик” агрофирмаси қошида “Фарғона анорчилик мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Олтиариқ туманида жорий йилда 380 гектар ерда анорзорлар барпо этиш ишларига киришилди. Бунинг учун “Фарғона анорчилик” агрофирмасидан шартнома асосида 387 минг туп анор қаламчалари олиб келиш режалаштирилди. Айни кунларда эзгу ташаббусни рўёбга чиқариш учун 1 миллиард 72 миллион сўм маблағ зарурлиги ҳисоб-китоб қилинди.

Бугунги кунда Олтиариқ туманининг Қизилтепа массивида “Фарғона анорчилик” агрофирмаси мутахассислари томонидан намунавий тарзда анорзорлар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу юмушларнинг сифатли, белгиланган агротехник тадбирлар доирасида амалга оширилиши вилоят ҳокимлиги эътиборида. Ҳар бир жараён ҳаётий ва илмий тажрибани ўзаро уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилиши таъминланаяпти.

Бу йил Риштон туманида 300 гектар ерда анорзорлар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 649,7 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 250 минг тупга яқин анор кўчатлари экилади. Бугунги кунгача 40 нафар лойиҳа ташаббускорларидан аризалар олиниб, уларга ер майдонлари ажратилди. Ўз навбатида, 21 нафар лойиҳа ташаббускорлари билан белгиланган тартибда шартнома имзоланишига эришилди.

— Яқин истиқболда инвестиция дастурлари доирасида вилоятимизга Европадан қадоқлаш, маҳсулот қабул қилиш, ювиш ва саралаш ускуналари, музлатгич агрегатлари келтириб ўрнатиш режалаштирилмоқда, — дейди М.Сайфуддинова. — Натижада, нафақат анор етиштириш, шу билан бирга анор шарбати, сараланган анор доначалари, қадоқланган анор тайёрлаш ҳамда экспорт қилиш ҳажми йилдан-йилга ортиб боради. Бунинг учун вилоятимизда қулай иқлим шароити ҳамда ҳуқуқий ва иқтисодий асослари яратилган.

Ботир МАДИЁРОВ,

“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёш олимнинг янги нави

Ангор туманининг Карвон маҳалласида вояга етган Бахтиёр Амонов ёшликдан илмга қизиқди, олим бўлишни ният қилди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan