Бош саҳифа / Жамият / Фаол фахрийлар

Фаол фахрийлар

Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси вилоят бўлими ҳам  1979-1989 йиллар афғон урушида иштирок этган 9 минг 410 нафар жангчи фахрийни ўз сафига бирлаштирган бўлиб, улар давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимоя қилиб келинмоқда.

Вилоятимиздан қаттол шўро сиёсатининг қурбонига айланган 98 нафар ёш  йигитларимиз афғон тупроғида ҳалок бўлишди. Ота-оналар қалбини беаёв жароҳатлаган мудҳиш воқеаларни юртдошларимиз ҳали ҳануз изтироб билан эслашади. Айни пайтда она юртига омон қайтган жангчи йигитларимиз турли соҳаларда мамлакатимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. 

Ҳар йили афғон юртини жангчи аскарларимиз тарк этган кун — 15 февралда ҳалок бўлганларни хотирлаб, нафақадаги фахрийларимиз жангларда ҳалок бўлган қуролдошларимизнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Тинчлик-хотиржамликнинг улуғ неъмат эканлигини қалбан ҳис этадиган фахрий   жангчиларимиз иштирокида таълим муассасаларида шу мавзуда давра суҳбатлари олиб борамиз. Яқинда Термиз тумани ҳокимлиги томонидан 16-умумтаълим мактабида ўтказилган “Ҳарбий ватанпарварлик — юртга садоқат” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам бўлинмамиз аъзолари иштирок этишди. Шунингдек, Термиз шаҳрида яшовчи афғон уруши фахрийси, I гуруҳ ногирони Муҳиддин Рўзиевнинг хонадонида бўлишди.

Бу каби тадбирларимиздан мақсад ёшларимиз онгу шуурига хотиржам ҳаётнинг бебаҳо неъмат эканлигини синг-дириш, бўлимимиз аъзоларининг турмуш шароитларини янада яхшилаш ва маънавий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

Ногиронлиги бўлган фуқароларимизни эҳтиёжидаги протез-ортопедия тиббий ускуналари билан таъминлаш, уларга соғломлаштириш масканларига йўлланмалар бериш, МДҲ давлатлари ҳудудида ҳаво, сув, темир йўл ва автобус транспортларида ҳаракатланишда, коммунал тўловларда имтиёзли чегирмалар, ер, мол-мулк солиғидан тўлиқ озод этилиши давлатимиз қонунчилигида фахрий жангчи ва ногиронларга яратилган имтиёзлар жумласидан.

Бундай ғамхўрликка жавобан инсонпарварлик тамойилларига асосланган ислоҳотлардан мамнун бўлинмамиз аъзолари мамлакатимизда  барқарорликни таъминлаш, ёшлар ўртасида маънавий муҳитни соғломлаштириш,     бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшишга доим камарбастадир.

Бахтиёр Ходжаназаров,
Ўзбекистон “Ветеран” жангчи
фахрий ва ногиронлари бирлашмаси
вилоят бўлими раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Uchovlonning to’rtinchisi

Ommaviy axborot vositalari odatda to‘rtinchi hokimiyat sifatida tilga olinadi. Jurnalistlar esa bevosita jamiyatda mavjud uch …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan