Бош саҳифа / Маданият / Эзгуликни боғлаган эгиз миноралар

Эзгуликни боғлаган эгиз миноралар

Жаҳон архитектурасида ёнма-ён қурилган эгизак бинолар ноёб меъморий ечимга эгалиги билан сайёҳлар эътиборини тортиб келади. Аммо икки давлатда жойлашган эгизак миноралар ҳақида эшитганмисиз? Яна улар турли даврларда, турли меъморлар томонидан қурилган бўлса-чи?

Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон минораси кўпчиликка яхши маълум. Бу қадимий минора Жарқўрғондаги Минор қишлоғида жойлашган бўлиб, унинг пештоқида сақланиб қолган ёзувлар иншоотнинг 1108-1109-йиллар оралиғида қурилганидан далолат беради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, унинг умумий баландлиги 50 метрга яқин бўлиб, ҳозир миноранинг омон қолган қисми 21,6 метрни ташкил этади. Жарқўрғон минораси қурилишида оддий ғишт, равоқлар ва эпиграфик ҳошиялар жуда усталик билан қўлланилган, миноранинг 8 қиррали курси марказида равоқли тахмончалар ишланган, эшик орқали минора ички қисмидаги айланма зинага чиқилади. Равоқлар устида куфий ёзувли белбоғ ҳошия бор. Афсуски, минора тепаси сақланмаган.

Жарқўрғон минораси меъморий-бадиий ечимига кўра, Шимолий Ҳиндистон ва Хуросон минораларига яқин туради. Хуросон меъморчилик мактаби анъаналари асосида барпо этилган. Ёнида бир вақтлар пишиқ ғиштдан қурилган жомеъ масжид бўлган (сақланмаган). Худди шундай минора дарёнинг нариги томонида, Афғонистон Ислом Республикасининг Балх вилоятида ҳам мавжуд. Зодиён минораси (баъзи манбаларда Зоҳидон), Балх яқинидаги Давлатобод шаҳридан 11 километр узоқликдаги Зодиён қишлоғида жойлашган бўлиб, минора тахминан Х асрда (сомонийлар даври) қурила бошланиб, ХII асрнинг иккинчи ярми (ғазнавийлар даври) да давом эттирилган. У Афғонистондаги ҳозиргача сақланиб қолган энг қадимий миноралардан бири ҳисобланади. Манбаларга кўра, дастлаб, анча баланд бўлган бу миноранинг баландлиги ҳозирда 17.74 метр бўлиб, айланаси 16, диаметри 4.70 метрни ташкил этади. Минора тепасига чиқиш учун 64 та зинани босиб ўтиш керак.

Минора пишган ғишт ва ганчдан қурилган бўлиб, пастки ва юқори қисмларидаги ғиштларнинг терилиши турлича. Айнан шу жиҳати билан ғазнавийлар даври меъморчилигидаги бошқа намуналарга, жумладан, Жом минорасига ўхшаш. Миноранинг пастки қисмидаги ёзувларни ўқиш бугунги кунда анча мушкул, аммо миноранинг юқори қисмидаги ёзувлар ғиштлар воситасида жуда маҳорат билан ёзилгани туфайли деярли зарар етмаган ҳолда бизгача етиб келган.

Миноранинг бош меъмори Абдураҳмон бин Абду Раҳимнинг исми юқори қисмида куфий хат билан ёзилган. Минора ҳовлисида жомеъ масжиди ҳамда ҳазрат Солиҳ номли шайхнинг гумбазли мақбараси жойлашган бўлиб, маҳаллий аҳоли орасида у исломий қадамжолардан бири ҳисобланади. Аммо қабрнинг юқори қисми қибла томонда жойлашганлигига эътибор берган Балх университети профессори, доктор Саид Махдум Раҳин баъзи манбаларда салжуқий саркардалардан бирига тегишлилиги кўрсатилган ушбу мақбаранинг исломдан олдинги оташпарастларга тегишли эканини таъкидлайди.

Ривоятларда келтирилишича, Маҳмуд Ғазнавий Амударё яқинида карвонсарой ва кўприк қурдиради ва Бухородан келадиган карвонлар кечаси йўлдан адашмасликлари учун ушбу минорани барпо эттиради ҳамда томига машъалалар ёқиб қўйишни буюради. Бугунги кунда зиёратчилар билан гавжум бўлган Зоҳидон минорасининг юқори қисмида атрофни томоша қилаётган сайёҳларни кўриш мумкин. Дарёнинг нариги қирғоғидаги ўзбек халқини биз билан нафақат миллат, тил, дин, маданият, қолаверса, миноралар ҳам боғлаб туради.

Саид Жалолиддин Саодатзода,

Афғонистон фуқароларини

ўқитиш маркази талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият фестивали

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE