Бош саҳифа / Жамият / Эзгулик ёзар қанот

Эзгулик ёзар қанот

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Шўрчи туманида “Юриш сайли” ҳамда “Қушлар ва гуллар байрами” бўлиб ўтди.

Тадбирлар эрта тонгдан “Мустақиллик” кўчаси бўйлаб “Юриш” марафонидан бошланди. Туманнинг ёшу қариси, туман ҳокимидан тортиб, корхона, ташкилотларнинг ходимлари бўлган 2 минг нафар иштирокчи юриш марафонида қатнашдилар. Халқимизда неча қадам пиёда юрсанг, шунчага умринг узаяди, деган ҳикматли гап бор. Шу боис, тонгнинг мусаффо ҳавосида иштирокчилар қарийиб 3 километрлик масофани юриб ўтишди. Сўнгра асосий тадбирлар бошланди. Туман халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимлари, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, маданият бўлими ва тадбиркорлар томонидан “Гуллар ва қушлар байрами”, ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати кўргазмалари намойиши ташкил қилинди.

“Чароғон” истироҳат боғида ўтказилган мазкур тадбир аввалида туман ҳокими Б. Алимов сўз олиб, юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёзаётган 5 муҳим ташаббус ва унинг амалий аҳамияти ҳақида гапирди. Айтиш жоизки, мазкур ташаббус йўналишларида туман ёшларининг 31 мингдан ортиғи банд бўлиб, улар ҳудуддаги “Баркамол авлод” маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, мусиқа ва санъат мактаби ҳамда маданият бўлими қошидаги тўгаракларда фаол иштирок этишмоқда. Ушбу тадбир ана шу тўгаракларда ўз қобилияти ва истеъдодини намойиш қилаётган ўқувчи-ёшларимиз учун ўзига хос ҳисобот бўлди. Кимдир ўзи парваришлаётган қушларни, яна кимдир ранг-баранг гулларни намойиш қилмоқда. Шунчаки намойиш эмас, уларни озиқлантириш, кўпайтириш ва турли касалликлардан сақлаш бўйича қизиқувчиларга маълумотлар беришди. Амалий санъат тўгараги аъзолари эса ўзлари тиккан кашталар, ясаган тақинчоқлар ва буюмлар кўргазмаларини ташкил этди. Мусиқа ва рақс, спорт тўгараги иштирокчилари ҳам йиғилганларни ўз чиқишлари билан мамнун этишди. Ёш китобхонлар ёшларимиз маънавияти учун муҳим озуқа бўлган асарлар, улар ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашдилар.

         — Мен туманимиздаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактабида рақс санъати сирларини ўрганиб келаман, — дейди Ҳилола Очилдиева. — Президентимизнинг ташаббуслари биз каби ёшларни янада руҳлантириб, санъатга бўлган қизиқишимизни оширди. Ҳозирда миллий рақсларимизни пухта ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Келажакда чет элларда ҳам миллий рақс санъатимизни тарғиб этишни истайман.

Бешта муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши доирасида туман алоқа бўлими билан ҳамкорликда кўргазма ташкил этилди. Унда ахборот технологияларига қизиқувчи ёшларимиз иштирокида компьютерларни йиғиш, таъмирлаш бўйича семинар тренинг бўлиб ўтди. “Хотин-қизларни иш билан таъминлаш” йўналиши бўйича туман хотин-қизлар қўмитаси, бандликка кўмаклашиш маркази томонидан кўргазмалар ва бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ўтказилди. Иш сўраб мурожаат қилганлар меҳнат шароитлари ва маошлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди. Туман ҳунармандлари, тадбиркорлари ва нуронийларининг кўргазмалари, ташкил этган уч авлод мулоқотлари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

— Ўқувчи-ёшларимизнинг ёзги таътил вақтларини мазмунли ўтказиш ва ижодий қобилиятларини намоён этишга қаратилган ушбу тадбирлар барчада катта қизиқиш уйғотмоқда, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Анвар Раҳмонов. — Ёшларимиз орасида шунча истеъдодлар борлиги ҳаммамизни қувонтираяпти. Умид қиламизки, уларнинг келгусидаги ютуқлари янада юксак бўлади.

Дарҳақиқат, ўсиб келаётган ёшларимиз орасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатик ва бирдамликни оширишга хизмат қилажак бу каби тадбирлар янги истеъдодларни ҳам кашф этади. Негаки, Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси моҳиятан ана шу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариб, ёшларимизнинг юксак парвозига қанот бағишлайди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE