Бош саҳифа / Жамият / Эзгу амаллар фасли

Эзгу амаллар фасли

Ўтганлар хотирасини ёд этиш, қабристонларни ободонлаштириш ҳам халқимизнинг азалий эзгу қадриятларидан. Айниқса, Наврўз умумхалқ байрами, Хотира ва қадрлаш куни олдидан бу борадаги хайрли ишлар кўлами янада ортади.

Бу йил ҳам вилоятимиз аҳолиси мафтункор “Наврўз” умумхалқ байрамини, яшариш фаслини катта тадорик билан қарши олдилар. Айниқса, мавжуд қабристонларда олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳам инсонлар хотирасига ва бу сокин манзилга нисбатан алоҳида эътиборимиз намунасидир.

Биргина Жарқўрғон туман Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги 39 та қабристонда ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги давомида 600 дан ортиқ манзарали дарахт кўчати экилди. Айни кунда қуруқ ўт ва хаслардан тозалаш, қабрларни дафн этилганларнинг яқин қариндошлари ёрдамида сомонли лой билан суваш, дарахтларни оҳаклаш, шакл бериш ишлари амалга оширилмоқда.

— Тумандаги мавжуд қабристонларда ҳудудлар кесимида назоратчи-қоровуллар ажратилган бўлиб, улар учун хоналар ташкил этилди, — дейди туман Ободонлаштириш бошқармасининг объектларни сақлаш бўлими бошлиғи Абдумалик Маматов. — Шунингдек, зиёратга келувчиларга шароит яратиш мақсадида 19 та айвон қурилди. Бундан ташқари, ўтган давр  мобайнида аҳоли ва ҳомийлар томонидан қурилиш ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Пистамозор” қабристони атрофига тўлиқ ғишт тўсин кўтарилди. Кираверишда шарқона меъморчилик усулида дарвоза, кўркам мақбара ва тиловатхона қад ростлади.

Айниқса, ушбу хайрли ишларга ҳисса қўшаётган ёшларни кузатар экансиз, бу каби ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари ўзининг тарбиявий жиҳати билан қанчалик аҳамиятли эканлигини англаб етасиз.

— Мени қувонтирадиган жиҳати, “Наврўз” умумхалқ миллий байрамимиз олдидан кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларига келаётган ҳашарчи ёшларимизнинг жуда фаоллигидир. Ўтганлар хотирасига нисбатан бу ҳурмат ва эъзоз уларнинг қанчалик гўзал хулқ эгаси эканлигидан далолатдир, — дейди “Исмоилтепа” МФЙ ҳудудида жойлашган “Бешшаҳид” қабристони қоровули Ўрол Яҳёев ва “Сурхон” ҳудуди бўйича объектлар назоратчиси Рашид Исмоилов.

Жорий йилда туман Ободонлаштириш бош- қармаси туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда маҳаллаларда вақтинча ишсиз юрган 21 нафар фуқаро мавсумий ишга яъни туман ҳудудидаги қабристонлар, йўллар ва йўл четларини ободонлаштириш учун ишга қабул қилинди.

Тумандаги “Камолхонхожи”, “Абдужабборхон эшонбобо”,“Қизилмозорота” каби қабристонларда ҳам ободонлаштириш ишларининг гувоҳи бўласиз. Зеро, асрлар оша бардавом келаётган бу анъана кишиларнинг бир-бирига бўлган чексиз муҳаббати  инсон қадр-қимматининг қанчалик улуғ эканлигига ишора.

Алиёр  РАЖАБОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan