Бош саҳифа / Жамият / “Еттинчи камерадаги мўъжиза”

“Еттинчи камерадаги мўъжиза”

Кўпдан буён бирор-бир фильм ҳақида ёзишни кўзлаб юргандим. Аммо асар юрагингни ёндирмаса, қалбингни ҳис-ҳаяжонга тўлдирмаса, унда ёзганларинг бекор, сув кўпикдай бир гап. Лекин жўяли фикр айтишга арзирли санъат асари бўлсачи?

Унда у ҳақда ёзмасликнинг иложи йўқ. Назаримда, Корея маданият кунлари доирасида намойиш этилган режиссёр Ли Хван Гён томонидан суратга олинган “Еттинчи камерадаги мўъжиза” фильми ана шундай кино асар бўлибди.

Аввало, фильм сюжетига тўхталсак. Бироз ақли заифроқ бўлган Кореядаги кичикроқ даҳада ёлғизгина олти яшар қизчаси билан камтаргина ҳаётидан бахт топиб яшаётган ота — Ли Ён Гу бехосдан нотўғри айблов билан озодликдан маҳрум этилади. Бунга кўчада кетаётиб сирпаниб йиқилиб, бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган қизча сабаб бўлади. Ли Ён Гу қизчага ёрдам бериш мақсадида сунъий нафас олдираётганида атрофдагилар кўриб, уни қизчага тажовуз қилиш ва таҳқирлаб ўлдирганликда айблашади. Бахтга қарши вафот этган қизалоқ полиция комиссарининг қизи бўлиб чиқади. Табиийки, бундан аламзада марҳуманинг отаси Ли Ён Гуни агар айбини тан олмаса, ўзининг қизи Е Син орқали ўч олишини таъкидлайди. Ли Ён Гунинг ақлий заифлигидан фойдаланган терговчилар эса уни “агар айтганларимизни қилсанг, қизинг Е Син билан кўришасан” дея алдаб, халқнинг олдида жиноятчи қилиб кўрсатишади ва иш ёпилади.

Зийрак қизалоқ Е Син эса ёлғиз қолиб кетади.

ТАСОДИФИЙ ЁНҒИН

Қамоқхонага тушган к.ё ўз камерасидаги маҳбуслардан бирини жонига суиқасд қилинаётган вақтда қутқариб қолади. Бу яхшиликнинг эвазига эса камерасидаги маҳбуслар Ли Ён Гунинг қизи Е Синни бир амаллаб қамоқхонага олиб келишади. Еттинчи камерада ота ва қиз кўришишади. Қизалоқ бир неча кун шу ерда қолиб кетади ва еттинчи камерадаги маҳбус амакиларнинг ҳам унга меҳри тушиб қолади. Бундан хабар топган соқчилар бошлиғи қизчани кетказиб юбормоқчи бўлади, аммо у отасидан айрилишини билгач, тоби қочади, Ли Ён Гу эса қаттиқ тартибда жазоланади. Бу орада қамоқхонада ёнғин содир бўлади ва Ли Ён Гу соқчилар бошлиғини олов ичидан олиб чиқиб, ҳаётини сақлаб қолади.

Соқчилар бошлиғи Ли Ён Гунинг ақлий заиф бўлсада инсонпарварлигини кўриб, унинг айблови хулосаси билан қизиқади. Чунки бундай инсон ёш гўдакнинг жонига қасд қилиши мумкин эмаслигини англаб етади. Хуллас, соқчилар бошлиғи Ли Ён Гунинг иши бўйича қайта суд бўлишига эришади, аммо Ли Ён Гу яна жондан азиз фарзанди Е Синнинг ҳаётига таҳдид солишларини ўйлаб, имкониятни бой бериб, судда яна айбига иқрор бўлади. Аммо бу гал суд уни қатл қилишга қарор чиқаради…

Қатлдан сўнг, соқчилар бошлиғи Е Синни фарзанд қилиб олиб, уни адвокатликка ўқитади. Орадан йиллар ўтиб, етук адвокат бўлиб етишган Е Син отасининг қайта оқланишига эришади. Аммо унинг қалбида жамиятдаги эътиборсизлик, ўз касбига сидқидилдан ёндашмаслик каби иллатлар таъсирида тузалмас жароҳат қолади.

ҲАҚИҚАТ АЧЧИҚ,
АММО ЮРАККА ЯҚИН

Очиғи, жамиятда учровчи ҳаётий аччиқ ҳақиқатни очиб бера оладиган кучли сюжетга эга мазкур фильм ота ва фарзанд ўртасидаги илиқ меҳр, корейс менталитетига хос бўлган фазилатлар тасвири орқали томошабиннинг қалбини забт эта олади. Айниқса, актёрларнинг бор ички имкониятларини ишга солган ҳолда роль ижро этиши томошабин ва фильм ўртасида табиий майдон ҳосил қилади. Гўё фильм воқеалари ичида сиз ҳам иштирокчига айланасиз. Қаҳрамонлар кулса, куласиз, йиғласа, беихтиёр кўз ёш тўкасиз.

Фильмда кичкина қизалоқни таҳқирлаш билан айбланган жиноятчига бошқа маҳбусларнинг нафрат билан қараши, айбсиз бир инсоннинг оқланишига ёки қатл сабабли қиз билан отанинг ажралишини истамаган маҳбусларнинг Ли Ён Гуни қутқариб қолишга уриниши, қаровсиз қолган қизалоқнинг тақдирига куюнчаклик — буларнинг барчаси одамийликнинг бир кўриниши сифатида акс эттирилган. Демак, гарчи киноасар корейсларники бўлсада инсоний фазилатлар, меҳр каби тушунчалардан барча бирдек ибрат олиши мумкин.

СЎНГИ ИМКОН

Баъзида ҳаётда шундай қийин синовларга дуч келганда тушкунликка тушиб қоламиз. Бироқ барча эшикларини ёпган тақдир покдомон инсонларга кичик дарчасини очиб қўйишини унутамиз. “Еттинчи камерадаги мўъжиза” фильми эса сўнгги лаҳзаларда инъом этилган имкониятни илғаб қолишга, ўша дарчани топишга ундайди бизни.

Фильмни кўргач, беихтиёр шундай ўй ўтди хаёлимдан: бугун кинотеатрларга томошабинларни қайтаришнинг минг бир йўлини излаяпмиз. Балки мана шундай ҳеч ким ошкора айта олмайдиган ҳақиқатнинг бўйини кўрсатувчи фильмлар керакдир томошабинга.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE