Бош саҳифа / Жамият / Етказилган зарарлар ундирилди

Етказилган зарарлар ундирилди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида: “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас,” — деб битилган.

Термиз туманидаги Навоий маҳалласида яшовчи фуқаро Айнахол Мўминова 2002 йилда “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ вилоят филиали Учқизил почта тармоғига қарашли “Намуна” алоқа бўлими хабарчиси вазифасига ишга қабул қилинган. Унга қарши Термиз туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди, 207-моддасининг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва 2014 йил 12 октябрь куни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда 2014 йил 24 ноябрь кунига қадар Термиз шаҳрида жойлашган 8-сонли тергов ҳибсхонасида сақланган.

ЖИБ Қизириқ туман судининг 2014 йил 24 ноябрдаги ажримига кўра, Айнахол Мўминовага Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори қўлланилиб, қарорнинг 5-бандига асосан жиноят иши ҳаракатдан тугатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан озод этилган.

ЖИБ Қизириқ туман судининг 2018 йил 3 декабрдаги (мулкий зиённи ундириш тўғрисидаги) ажримига асосан фуқаро А.Мўминованинг фойдасига 5 миллион 150 минг 009 сўм моддий зарарни ундириш ҳақидаги қарор қабул қилинган ва етказилган маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Фуқаро А.Мўминовага етказилган 5 миллион 150 минг 009 сўмлик моддий зарар (мулкий зиён) ҳам туман адлия бўлими аралашуви билан Термиз туман молия бўлими орқали ундирилишига эришилди.

2018 йил 9 август куни жиноят ишлари бўйича вилоят суди оқлов ажримига асосан Айнахол Мўминова айбсиз, деб топилган ва реабилитация йўли билан оқланган. Бироқ унга етказилган маънавий зарар ундирилмасдан қолиб кетган.

Термиз тумани адлия бўлими Мўминова Олий судга ва бошқа юқори идораларга ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун мурожаат этиш мақсадида бир неча маротаба Термизга ва Тошкентга қатнашга мажбур бўлган ва 50 миллион сўм миқдорида маънавий ва моддий зарар кўрган деб ҳисоблаган. Фуқаро А.Мўминованинг манфаатини кўзлаб, ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳамда соғлигини йўқотганлиги ва шаъни, қадр-қиммати камситилганлиги учун етказилган 50 миллион сўм маънавий зарарни ундириш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан мазкур фуқаролик иши кўриб чиқилди ва фуқаро А.Мўминова фойдасига жавобгар Термиз туман молия бўлимидан маънавий зарар учун 30 миллион сўм ундирилиши ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Музаффар ТУЛЯБАЕВ,

Термиз туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE