Бош саҳифа / Маданият / Эски Термизнинг ер ости йўли бўлганми?

Эски Термизнинг ер ости йўли бўлганми?

Буюк Ипак йўли чорраҳасида ғарбга—Бағдодга, жанубга-Ҳиндистонга, шимолда-Самарқандга, Шошга, Сайрамга, Россияга, шарқда-Хитойга олиб борувчи йўл устида жойлашган Термиз шаҳри тарихида жаннатдан оқиб чиқувчи тўрт дарёдан (Нил, Дажла, Фурот ва Амударё) бири ҳисобланувчи Жайҳун дарёсининг роли ва аҳамияти катта.

Бу дарё Термиз вилояти ҳудудидаги боғ-роғларни, экин майдонларини, шаҳар ва қишлоқларни оби ҳаёт билан таъминлабгина қолмасдан жанубдан тўсатдан бостириб келадиган душман йўлини тўсувчи улкан ҳимоя қўрғони ролини ўйнаган. Ундан ўтишда Эрон аҳмонийлари, Александр Македонский бошлиқ юнон аскарлари, хусусан, араб босқинчилари катта қийинчиликларга дуч келишган. Бу серсув, тез оқар, асов ва таги кўчма қумлардан иборат дарё душманлар юрагига ваҳима солган. Қўшинлар баъзан ундан йигирма кун, бир ой давомида меш ва гупсарлар, сол, қайиқ ва кемаларда ўтишган. Бунгача Моварауннаҳр ва Термиз қўшинлари улар келаётганлигидан огоҳ бўлиб, қаттиқ қаршилик кўрсатган.

Қадимда Амударё устида доимий кўприк бўлмаган. Босқинчилар ва Амир Темур, Шоҳрух, Бобур, Шайбонийхон, Абдуллахон 11, Убайдуллахон ва бошқа ҳукмдорлар қўшинлари соллар, кема-қайиқлар, бир-бирига занжирлар билан туташтириб боғланган қайиқлар устига қурилган вақтинчалик кўприклардан ўтишган.

Албатта, ана шундай бир шароитда Амударё тагидан лаҳм кавлаб, йўл ўтказса, бўлмасмикан, деган масала ҳамиша аждодларимизни ҳам, босқинчиларни ҳам ўйлантириб келган. Баъзи ривоятларга қараганда, Термиздан дарёнинг сўл соҳилига олиб чиқувчи ана шундай лаҳм-ер ости йўли бўлган. Афсуски, бу борада олиб борилган тадқиқот-изланишлар натижа бергани йўқ.

Маълумки, Эски Термиз шаҳри таги қаттиқ —менг бўлган баландлик устига жойлашган. Амударё ҳар қанча асов, тез оқар бўлмасин, бу баландликни юва олмай, минг-минг йиллардан бери айланиб оқади. Таг заминининг ана шундай менг-қаттиқлиги боис Термиз ҳудудида вайрон қилувчи зилзилалар бўлмаган. Тўғри, менг қатлам ора-ораларида нисбатан юмшоқ тупроқли жойлар учрайди. Буни ал Ҳаким ат Термизий мақбараси ҳудудидаги ер ости сунъий ғорлари, зоҳидлар хилватгоҳлари, Қоратепадаги будда ер ости эҳромлари тасдиқлайди. Аммо улар қуруқ ерда жойлашган ва ер қазувчиларнинг эркин ҳаракат қилишлари-бир жой бўлмаса, бошқа ердан ғор қазиш имкониятлари мавжуд бўлган. Сув остидан ўтадиган, камида ўн метр чуқурликда (Амударёнинг чуқурлиги ҳам 4-5 метрдан ошади), тўғри йўналишда қазиладиган лаҳмда бундай имконият жуда кам, албатта. Шунинг учун ҳам 1879 йилнинг август ойи бошида Термизга келган Чор Россияси Самара илмий экспедициясининг Амударёда кўприк қурилганми, ер ости йўли борми каби саволларга жавоб топишга бўлган уринишлари (гарчи экспедиция номи Самара бўлса-да) самарасиз кетди. Чор Россиясининг мақсади Ҳиндистоннинг ҳеч қачон музламайдиган денгиз портларига чиқиш бўлиб, икки нарса қизиқтирарди. Бири — бир пайтлар Амударё Каспий денгизига оққанми, унинг эски ўзани қаерда? Иккинчиси, Амударёдан Афғонистонга ўтадиган осон йўл борми? Аммо ҳар қанча уринишларга қарамай, бу саволлар ўшанда жавобсиз қолди.

Амударё остидан ўтадиган йўлни қидириш Шўролар даврида ҳам давом этган кўринади. 1973 йилда Вадим Адамович Козловский бошлиқ Сурхондарё вилояти ўлкани ўрганиш музейи илмий ходимлари Эски Термиз ҳудудида жойлашган қалъада археологик қазиш ишларини олиб бордилар. Натижада, қалъа остидан узунлиги 9 метр, баландлиги 1,64 метр, эни 1 метру 10 сантиметр келадиган, 40 даражали бурчак остида Амударёга қараб қазилган ер ости йўлаги топилди. Йўлак 9 метрга етиб, тўхтаб қолган. Бунинг асосий сабаби, назаримизда, ер ости қатламининг ниҳоятда қаттиқлиги бўлса керак. Кейинчалик ушбу ғордан хазина сифатида ва қамал пайти шоҳ ва амирлар, ҳокимлар оила аъзоларининг яшириниш жойи сифатида фойдаланган бўлишлари мумкин. Ҳозирча Амударёга қараб қазилган бошқа ер ости йўлаги топилганича йўқ.

Муҳаммад АЗИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“СУРХОН ТАБИАТИ МЎЪЖИЗАЛАРИ” ТАДБИРИ

Кейинги пайтларда Саодат Иноятова раҳбарлик қилаётган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ўз фаолиятини яхшилаш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE