Бош саҳифа / Жамият / Еру кўкда қувонч садоси

Еру кўкда қувонч садоси

Термиз туманидаги “Отчопар” мажмуасида вилоят
Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтди

Бир муддат Наврўз байрами тадбирлари амфитеатр ва ўйингоҳларда  ўтказиларди. Нари борса бир ярим минг одам қатнашарди. Бу ҳам маъруза ва концерт билан тугарди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан икки йилдирки, Наврўз тантаналари халқ сайли сифатида ўтказилиб, унда фольклор дасталари, бахшилар, санъаткорлар, қизиқчилар, дорбозлар чиқишлари, спорт мусобақалари, кураш, кўпкари, варрак учириш, қўрғонлар танлови, қадимий осори-атиқаларимиз, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати намуналари, миллий қадриятларимизни ўзида акс эттирувчи кўргазмалар намойиши халқимизни, хусусан, ёшларимизни ўтмишга ҳурмат, миллий қадриятларимизга садоқат, келажакка ишонч руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.

Президентимиз шу йил 23 февралда “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам бу байрамнинг ўтказилиш тартиби, унинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ташкил этилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Воҳамизда ҳам бу йилги Наврўз тантаналари ҳар йилгидан бошқачароқ, кутилмаган совғаларга бой бўлди. Биз байрамдан олдинги кунлари тайёргарлик ишларини кўриш мақсадида “Отчопар” мажмуасида бўлганимизда юзлаб кишилар ўтов тикиш, қўрғон қуриш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, оқлаш, ободонлаштириш ишлари билан маш ғул эканлигига гувоҳ бўлдик.

Ҳамкасбларим билан мажмуа ўртасида жойлашган тепаликка чиқдик. Бир томони Амударё, Пайғамбар ороли, Музработ адирлари, Учқизил ва Ангор манзаралари шундоқ ястаниб, кўз олгудек бўлиб турибди. Бу ерни бирпас кузатган киши кетгиси келмайди.  Шунда шоирнинг

Қоракўзим, онамсан, қошим Сурхондарёмсан,
Саждагоҳим, бешигим, қўшим Сурхондарёмсан,
Гарчи минг-минг ёшдасан, ёшим Сурхондарёмсан,
Гоҳи мағлуб, гоҳ ғолиб, бошим Сурхондарёмсан,

— деганда нималарни назарда тутганлигини яна бир карра ҳис этдик.

15 март эрта тонгдан “Отчопар” мажмуаси нафақат  Термиз туманидаги “Лимонзор” маҳалласини, балки бутун Сурхон воҳасини карнай-сурнай ва шодлик садолари билан ўзига чорлай бошлади. Қуёш чиқмасданоқ бир неча гектарни эгаллаган майдон одамлар билан тўла бошлаган эди.

Одамлар дарё бўлиб Наврўзга келмоқда. Қўлларида Ватан байроғини тутган ёш ўспиринлар оппоқ либосларда пешвоз чиқади: “Наврўзингиз муборак бўлсин!”. “Ўзларингизга ҳам”, деймиз.  Ёшлар иттифоқи аъзолари байрамга келаётганларни ана шундай кутиб олишмоқда эди. Байрам тантаналари ўтадиган “Отчопар”га яқинлашамиз. Олисдан ҳали Термиз осмонида кўрмаганимиз улкан  рангли шар ҳайратимизни оширади. Атрофида эса юзлаб варраклар лочинлардек ҳавода муаллақ турарди.

­— Ана шарни қаранг онажон, у бунчалар катта. Шуни олиб беринг, ­— дейди 5-6 яшар болакай ҳавога қўлини чўзиб.  Ҳозир онасининг қўлидан чиққудек, шарнинг ёнига учгудек беҳузур бўлади.

­— Болам, албатта олиб бераман, худди шунақасидан… Бола онаси изидан итоаткорона эргашади. Биз ҳам байрам сайли томон ошиқамиз. Дарё каби йўлни тўлдириб бораётган юртдошларимизнинг сафи узун. Гўё бу сафнинг бир томони шаҳардаю яна бир томони “Отчопар”да. Амударё тарафлардан эса майин шаббода эсаётир.

Бу ерда вилоятимиздаги барча шаҳарлар, туманлар, олий ўқув даргоҳлари, бошқармалар, миллий маданий марказлар, йирик корхоналар ўз қўрғонларини бунёд этишган. Вилоят ҳокими Э. Турдимов байрам муносабати билан тикланган қўрғон ва ундаги кўргазмаларни кўздан кечиришни Термиз туманидан бошлади. Ҳар бир туман қўрғонига кириб, кўргазмага қўйилган буюмларни кўздан кечирди.

Айни жараёнлар телекамералар нигоҳида узилмай турган онда яқинимизда турган кишининг телефони жиринглаб қолди. Суҳбатдан маълум бўлишича, воқеликлар биринчи маротаба жонли эфирда “Сурхондарё” телеканали орқали намойиш этилаётган экан. Қандай яхши, байрамга боролмадим, деб бироз ўксинаётган воҳадошларимиз уйларида ўтириб, биз билан бирга, ёнма-ён Наврўзни кўриб туришибди.

Бойсун тумани қўрғонига яқин келдик. Не кўз билан кўрсак, меҳмонларни от минган Алпомиш ва Барчинойимиз кутиб олмоқда. Ичкаридан эса “Шалола” фольклор-этнографик ансамблининг машҳур “Яққу-яққу”лари эшитилмоқда. Қўшиқнинг сеҳрли оҳанглари жанда матосини тўқиётган Мадина Қудратованинг ҳам ғайратини оширмоқда эди. Тилла- камарлик Амир Аллаёровнинг кулол сурнайидан, Тўхтагул момонинг чанқовузидан таралаётган дашт садолари келганларни бир зум шу кенгликлар сари бошлаб кетди.

Кайвони онахонлар қиёмига етиб пишган сумалакни очиб беришни сўрашди. Вилоят раҳбари ихлос билан дошқозонни очар экан, уни яхши ниятлар билан ковлаб элимизга, юртимизга яхшилик тилаб ният қилди. Қизириқ қўрғонининг тўрида  Ўзбекис- тон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов бошчилигида бахшилар термаю достонларни жўшиб куйлашаётибди.  Айниқса, Термиз шаҳар, Қумқўрғон, Денов, Жарқўр- ғон туманлари қўрғонлари томошабинларда катта қизиқиш уй- ғотди. Шунингдек, “Бахшилар маркази”, Тошкент аграр университетининг Термиз филиали, Термиз давлат университети,  Афғон фуқароларини ўқитиш таълим маркази, тожик, туркман, рус миллий маданият марказлари ташкил этган қўрғонлар кўпчилик эътиборини тортди.

Вилоятмизда янгидан фаолиятини бошлаган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қўрғонидамиз. Афғонис тоннинг тоғли Жавзижон вилоятидан келган Муҳаммад Захад бизни ичкарига бошлаб, афғон миллий таомлари, халқ ўйинлари ва ҳунармандчилик намуналари билан таништирди:

­— Йигитларимиз ҳозир “Миллий атан” рақсини намойиш этишмоқда. Мана бу ерда эса миллий таомларимиз. Сабзи ҳолвани еб кўрганмизсиз, жуда мазали. Юртимизда яна Қобули ўзбеки, ойхоним, ишликки, сутли патир, паковра каби баҳорий таомлар севиб истеъмол қилинади. Гўзал юртингизнинг Наврўз тантаналарида биринчи бор иштирок этаяпман. Биз томонларда, аниқроғи, Мозори Шарифда ҳам Наврўзга ўхшаш бўлган “Гули сурх” байрами нишонланади. Мен гувоҳи бўлаётган байрамингизга минглаб одамлар келганидан жуда ҳайратландим.

Афғонистон Ислом Республикаси ва Тожикистон давлатидан келган делегация вакиллари карнай, сурнай садолари остида вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари томонидан тантанали кутиб олинди. Вилоят ҳокими меҳмонларни қўрғонлар ва кўргазмалар билан яқиндан таништирди.

Байрам сайлига келганлар ўзлари истаган мусобақа, концерт, томоша ва кўргазмаларни завқ билан кузатишди. Бир томонда сариосиёлик дорвозлар барчани ўзига чорлаб, ҳайратланарли чиқишлар қилишса, бир томонда вилоят “Ватанпарвар” ташкилоти ва унинг туманлардаги бўлимлари томонидан ташкил этилган варрак сайли мусобақаси ёшларни бефарқ қолдирмади. Варрак мусобақасида Термиз автомобиль мактаби спортчиси Бекзод Тошпўлатов биринчи ўрин соҳиби бўлди. Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Асадбек Ашуралиевга иккинчи, Шеробод туман ўқув-спорт техника клуби спортчиси Сардор Нуралиевга учинчи ўрин насиб этди. Ғолиблар  пул мукофоти билан тақдирланишди.

Айниқса, вилоятимиздаги энг номдор халқ фольклор дасталари, болалар ансамблларининг чиқишлари байрамга файз бағишлади. Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Номозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Сайёра Қозиева ва Сайёра Қосимоваларнинг чиқишлари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.

Эрталабдан бошланган кураш мусобақаси кечгача давом этди.  “Наврўз” сайли муносабати билан эр йигитлар астойдил куч синашишди. Кураш мусобақаси якунига кўра биринчи ўрин Бекмурод Олтибоевга насиб этди. Ғолибга “Матиз” автомашинаси топширилди. Иккинчи ўрин соҳиби қашқадарёлик полвон Шерали Жўраев 15 миллион сўм билан мукофотланди. Шунингдек, байрам муносабати билан истеъдодли курашчимиз Муҳсин Ҳисомиддинов халқаро мусобақалардаги фаол иштироки учун вилоят ҳокимлиги томонидан “Равон” енгил автомашинаси билан тақдирланди. Сорвин ва мукофотларни вилоят ҳокими Э. Турдимов тантанали равишда топширди.

Тан олиш керак, кўкламни, баҳорни, “Наврўзни” шунчалик соғинган эканмизки, байрам шодиёналаридан юраклар энтикиб кетди. Меҳмонлар бир-биридан гўзал, бир-биридан нафосатли, бир-биридан назокатли кўргазмаларни, қўрғонларни, баҳорий таомларни, мусобақа ва беллашувларни кўриб ўз ҳаяжонларини яшира олишмади.

— Россия давлатининг Рязань шаҳридан келин бўлиб келганман, — дейди Музработ туманидан келган ўқитувчи Света Жумаева. — Ҳар йили умр йўлдошим Мамаюсуф Жумаев ва фарзандларим билан Наврўз байрамини илҳақ кутамиз. Турли баҳорий таомлар тайёрлаймиз, яхши тилаклар айтамиз. Мана бу йил ҳам вилоятнинг Наврўз сайлида тумонат одам. Ҳамманинг чеҳрасида бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат. Ўзимни ана шу бахтли одамларнинг бири деб ҳисоблайман.

— Наврўз аслида қуёшнинг ҳамал буржига кирадиган, бутун орзу умидлар ушаладиган биринчи куни,  — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Чори Жумаев. — Унда ота-оналар, қариндошлар даврасига ошиқасан. Барчанинг дилида уйғонган эзгулик ҳарорати уйғунлашиб кетади. Бугунги сайлда ёшларимизнинг қувончини айтмайсизми, атрофда акс этган миллий анъаналар, халқ ўйинлари уларга чин маънода ибрат мактаби, десак муболаға бўлмайди.

Наврўз тантаналари унда иштирок этган сурхонликлар ва меҳмонлар қалбида келгуси Нав- рўзгача садо бериб туришига шубҳа йўқ.

Сафар ОМОН,
Баҳром НОРМУРОДОВ,
Алиёр РАЖАБОВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan