Бош саҳифа / Жамият / Эрталабки бадантарбия

Эрталабки бадантарбия

Одатда яқинларимиз, танишларимизга “Ҳар куни эрталаб гимнастика машқларини бажарасизми?”, дея савол берганимизда “Ҳа, бажараман”, дейдиганлар кам топилади.

Чунки аслида соғлом бўлишимизнинг энг биринчи омили бу бадантарбия машғулоти эканлигини била туриб эринчоқлик қиламиз. Ёки бутун танамизни чиниқтириб, қон айланишини яхшилайдиган эрталабки машқлар бизнинг кун бўйи тетик бўлиб юришимизни, турли оғриқлар ва хасталиклардан ҳоли бўлишимизни таъминлаши ҳақидаги тиббий билимга эга эмасмиз.

Яқинда вилоят ҳокимининг Денов ва Шўрчи туманларида ўтказган сайёр қабулида аҳолидан саломатлигини тиклаш ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти ҳаёт давомида орттирилган турли хасталиклардан халос бўлиш умидида бепул даволаниш учун имтиёз сўрашди. Мурожаатчиларни кузата туриб, улар шикоят қилаётган хасталиклар деярли ҳаракатсизлик, соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик оқибатида орттирилганини фаҳмлаш мумкин. Уларнинг айримларидан, “Тиббий кўрикдан ўтиб турасизми ёки эрталабки гимнастика билан шуғулланасизми?”, деб сўраб ҳам кўрдик. Афсуски, “Бунга вақтим йўқ, рўзғор ташвиши билан овора бўлиб аҳамият қилмабман”, деган жавобларни эшитдик. Бундан кўриниб турибдики, одамларимизнинг аксарияти ўз саломатлигига бефарқ қарашади.

Қизиқ, соғлигимиз ўз қўлимизда эканлигини била туриб яна шифохонаю табибга, дорихонага югурамиз. Ўзимизда ишлаб чиқарилганига қаноат қилмай, хориждан келтирилган дори-дармонларни истеъмол қиламиз. Лекин қачондир улар танамизнинг бирор аъзосига зарар келтиришини асло ўйлаб кўрмаймиз. Аммо, ҳар куни мунтазам равишда эрталаб 20 дақиқа бадантарбия билан шуғулланган кишининг кам касал бўлиши ҳақида ҳам кўп эшитганмиз.

Самарқанд вилоятининг Тайлоқ тумани “Равот” маҳалласида яшовчи 90 нафар аёллар, кекса онахонлар “Жозибали аёллар” соғломлаштириш гуруҳини ташкил қилиб, ҳар тонгда чигил- ёзди машқларни бажаришади. Шунданми, улар орасида бетобман, деган аёлни учратмайсиз. 70 ёшдан ошганлари ҳам ҳали анча тетик. Хўш, нега бизда ана шундай гуруҳлар тузилмайди? Ёки бунинг имкони йўқми? Ахир соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг ҳеч андишали жойи йўқ-ку.

Албатта, ҳамма ҳам кунига 4-5 километр югуриш ёки ўйингоҳларга бориб, волейбол, теннис каби ҳаракатли ўйинлар билан машғул бўлишнинг иложини тополмас. Аммо нима бўлганда ҳам соғлиғини ўйлаган одам ҳеч бўлмаганда эрталаб бирозгина бадантарбия билан шуғуллангани маъқул. Ҳар тонг 10-15 дақиқа вақт ажратсангиз, саломатлигингиз ҳам, кайфиятингиз ҳам яхшиланади, кун давомида ўзингизни яхши ҳис қиласиз.

Япония ва Жанубий Кореяда, ҳатто, давлат идораларида ҳам ходимлар эрталаб ишга келгач, ўн дақиқа гимнастика, у-шу машқлари билан шуғулланар экан. Бу эса кундалик иш коэффицентини 65-70 фоизга кўтариши исботланган. 15 дақиқа бадантарбия қилган кишининг хотираси тиниқлашиб, ақли ва кўзи ўткирлашади, ҳаракат-таянч тизими фаолияти яхшиланади. Бош ва орқа мия ўртасидаги суюқликлар айланишини меъёрга солади. Шунингдек, ошқозон-ичак касалликлари билан оғримасдан юриш кафолатланади.

Хўш, сизнинг хонадонингизда спорт бурчаги ташкил этишнинг иложи борми? Ёки ўзингиз фарзандларингизга ўрнак бўлиш учун ҳам бирор марта гимнастика машқларини бажариб кўрдингизми? Ишхонангизда-чи? У ерда ҳеч бўлмаса стол тенниси ташкил этишнинг имкони бордир. Ҳадеб, тиббиёт муассасалари эшигини қоқавермай, балки шулар ҳақида ҳам ўйлаб кўрарсиз?

Феруза
РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE