Бош саҳифа / Жамият / Эртак эшитмаётган болалар…

Эртак эшитмаётган болалар…

Одатда ёзувчи ёки журналистликка даъво қилмайман. Аммо,  бир воқеа қўлимга қалам олишга мажбур қилди.

Чунки юрагимни ёндираётган, менга тинчлик бермаётган фикрларни тўкиб солмай, хотиржам бўлолмадим.

Бир куни ўғлим “Ота мен қўшимча дарсдан келгунимча усталар кетиб қолишади, устахонадан ноутбукимни олиб қайтинг” дея, илтимос қилди. Шундан сўнг, “Юбилейний”  савдо маркази олдидаги компьютер тузатиш устахонасига бордим. Ичкарига кириб, 4-5 ёшлар атрофидаги болакайнинг жазавага тушиб, қаттиқ бақириб йиғлаётганининг устидан чиқдим. Касбим болалар шифокори бўлганлиги учун ундан  “Нима бўлди, бирор нарса чақдими?” деб сўрасам, болакайнинг ёнида ўтирган аммаси “Ҳа йўқ, телефонини уста олиб қўйгани учун жанжал қилаяпти қўяверинг” деб, бепарво жавоб берди. Ўзи эса қўлидаги телефон билан овора эди.  Ҳалиги болани овутмоқчи бўлиб, “Кел, сенга эртак айтиб бераман” десам,  аммаси “Ундан кўра телефонингизни бериб туринг, ўйнаб туради”  деди. Мен эса “Қизим ҳали ёш экансиз, жиянингизга бирор маротаба эртак ўқиб берганмисиз?” десам, у менга таажубланиб қараб қўйди. Мен эса яна “Қизим ўзингиз охирги марта қачон китоб ўқигансиз?” деб сўрадим. У энди чиндан хам мени  жиннихонадан қочиб чиққан бемор деб ўйлади шекилли, индамай орқасини ўгириб ўтирди. Шу вақт уста ҳам ноутбукнинг тайёр бўлганлигини айтиб қолди. Устахонадан чиқиб, орқамда ўша болакайнинг худди болари чаққандай чинқираб йиғлаётган овози ҳамон эшитилиб турарди.

Уйга боргунча йўл-йўлакай унинг йиғиси сира хаёлимдан кетмади. Унинг болалигини ўғирлаётган телефонга лаънат айтгим келди.

Қизиқ, ахир биз ҳам иш юзасидан компьютерда ишлаймиз, болаларим ҳам бундай замонавий техника воситаларидан фойдаланади. Лекин, биз ҳам вақти-вақти билан улардан чарчаймиз ва дам оламиз. Бироқ, ҳалиги болакай “iРhone” телефонида қанча вақт ўйин ўйнади экан-а!? Уста тузатиб бўлгунча сабр қила олмаётган болакайнинг ота-онаси ёки ёнидаги аммаси қаёққа қарашди экан-а?

Болалик вақтларимизда бобо-момоларимиз, ота-онамиз ҳар куни бир-иккита эртак ёки ривоят айтиб бермаса, хархаша қилиб, ухламас эдик. “Эгривой ва тўғривой”, “Бўри билан қўзичоқ”, “Уч оға-ини ботирлар”, “Алпомиш”, “Гўрўғли” ва яна шунга ўхшаш минглаб эртак ва ривоятларни, достонларни эшитмаган катта ёшли кишини топиш қийин бўлса керак. Аммо ҳозир тарбиялаётган болаларимиз “zombie”, “Mortal Kombat”, “Spiderman” каби  менинг тилим келмайдиган, одамзодни даҳшатга соладиган ўйинлар ўйнаб катта бўлса, биз қариганимизда улардан нима кутамиз?

Азиз ота-оналар, момо-боболар, фарзандларингизга, набираларингизга эртак айтиб беринг. Агар эртак билмасангиз, сиз сотиб олиб бераётган қимматбаҳо телефоннинг пулига 1000 дона эртак китоб беради.  Жилла қурса, шуни ўқиб беринг. Зора, жигарбандингизнинг мурғак қалбида ўйинлардаги қаҳрамонларнинг ёвуз нуқси эмас, эртаклардаги ботирлар, мардлару оқилларнинг эзгу фазилатлари ин қурсин.

Фазлиддин МУҲАММАДИЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE