Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Эртачи чилпиш – мўл ҳосил гарови

Эртачи чилпиш – мўл ҳосил гарови

Ҳар йилгидек бу йил ҳам пахтакорларимиз мўл ва сифатли ҳосил етиштириш ниятида ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишаяпти. Воҳа деҳқонлари жорий мавсумда 74078 гектар майдонда ғўза парваришлашаётир. Аввалги йиллар билан таққослайдиган бўлсак, пахта етиштириладиган далалар 25-30 минг гектарга қисқариб кетди. Аммо юқори сифатли, рақобатбардош пахта етиштириб, даромадни кўпайтириш масаласи долзарблигича қолмоқда. Айтишади-ку, “Оз бўлсин-у соз бўлсин”, деб.

Далаларимизда ҳар хил нав чигит экилган. Вилоят бўйича 28951 гектар майдонда ўрта толали ғўзанинг “Султон”, 20304 гектар далада “Бухоро-102”, 6501 гектар ерда “Наманган-77”, 3676 гектар майдонда “Бешқаҳрамон” ҳамда 6635 гектар далада ингичка толали ғўзанинг “Иолатан-14 А” ва 8011 гектар ерда ҳар хил янги ҳамда истиқболли навлар ғўзаси парваришланаётир. Ғўза навларини бежиз санаб ўтмадик. Чунки агротехник тадбирлар, хусусан, чилпишни ўтказишда нав хусусияти муҳим аҳамият касб этади. Навнинг талабидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни амалга оширган деҳқон фақат ютади.

 Бугун вилоятимизнинг кўпгина фермер ва кластерлари далаларида парваришланаётган ғўзаларда ҳосил нишоналари тобора кўпаймоқда, шоналар гулга, гул кўсакка айланмоқда. Ҳар бир туп ғўзада кўсак янада кўпайишида чилпишнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши муҳимдир. Сабаби — чеканка қилинган ғўза қуёш, ер, озуқа ва сувдан олган кучини бўйига эмас, танасидаги кўсаклар кўпайиши ва йириклашувига сарфлайди. Шунинг учун чеканка қанча барвақт ўтказилса, ғўза шу қадар серҳосил ўсади, кўсаклар эртачи очилиб, пахтаси сифатли бўлади.

Бу мавсум вилоятимиз хўжаликлари далаларида чигит ҳар йилгидан 18-20 кун эртачи экилди. Айнан шунинг учун ҳам ғўзалар ривожи баравж, шоналаш, гуллаш ва ҳосил тўплаш фазалари кам деганда ярим ой илгарига жадаллашган. Мониторинглардан аён бўлишича, ўртача ҳар бир тўп ғўзада 30-35 та ҳосил элементи шаклланган, 3-4 тадан кўсак пайдо бўлган. Ғўза эртачи бўлганлиги сабабли иссиқ ҳаво, гармсел ва сўрувчи ҳашаротлар (қандала, ўргимчак кана) камроқ таъсир қилаяпти.

Деҳқонларимизнинг шу кеча-кундуздаги асосий вазифаларидан бири бу — далаларида парваришланаётган ғўзанинг хусусияти ва ҳолатидан келиб чиқиб, ўсув нуқтасини чилпишга эртачироқ киришишдан иборатдир. Чеканка уч усулда амалга оширилади.

Гарчанд чилпишнинг кимёвий ва механизмлар ёрдамида бажариладиган усули мавжуд бўлсада, вилоятимиз деҳқонлари азал-азалдан чеканкани қўлда бажаришга одатланишган. Асосий майдонлардаги ғўза қўлда чеканка қилинади. Ҳар эҳтимолга қарши чилпишни механизмлар ёрдамида ўтказадиган фермер хўжаликлари раҳбарларига тавсиямиз шуки, ғўзанинг бўйи бир метрга етганда ва ундан ошганда, тракторларга тақилган механизмлар ёрдамида чеканка қилинади.

Кимёвий усулда чеканка қилишда “Сожеан” ёки “Этожеан” препаратларидан фойдаланилади. Бу усулда чеканка қилаётганда мутахассислар билан маслаҳатлашилади ва ғўзанинг ривожи, ҳолатига эътибор қаратилиб, юқорида номлари айтилган препаратлардан граммлаб сувга эритилиб, шамол бўлмаган, ҳаво салқин кезларда аппаратлар билан ғўзага пуркалади. Бу препаратлар ғўзага бирданига таъсирини кўрсатмайди, 15-20 кунда ғўзани тўқ яшил ҳолатга келтиради, ҳосил элементлари тўкилиб кетишидан сақлайди.

Чеканкани қўл кучи ёрдамида бажарганда ғўзанинг ўсув нуқтаси юлиниб, фартукларга солинади ва даланинг бир четига ўра қазилиб кўмиб ташланади. Шундай қилинганда ҳашаротлар сони ва зарари камаяди. Ҳар тўп ғўзада ҳосил бўлган шона, гул, кўсакни кўпроқ сақлаб қолиш учун чеканкани эртачи ва сифатли ўтказиш лозим. Бир даладаги ғўза ниҳоллари чеканка қилиб бўлингач, иккинчи ва учинчи марта қилинса, ҳосилдорлик янада ошади.

М.ТОЖИЕВ,
қишлоқ хўжалик фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE