Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ерни боқсанг…

Ерни боқсанг…

Давлатимиз раҳбарининг аҳоли томорқаларига ва ғалладан бўшайдиган экин майдонларга такрорий экинлар экиш ва уни ташкил этиш ишига алоҳида эътибор қаратаётгани бежизга эмас. Ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг биринчи ташрифи Сурхондарё вилоятига бўлди.

Дастлаб, ишчи гуруҳ билан бирга оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам Ангор туманидаги хонадонларга ташриф буюрдик.

ДЕҲҚОНЧИЛИКДА МАШҲУР БАҲОРЛИКЛАР

Жумладан, тумандаги “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга ташриф буюрилганда, ҳудуд аҳолиси ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланаётгани, ўз томорқасидан қўшимча даромад кўраётганига гувоҳ бўлдик.

— Маҳалламизда 4109 нафар аҳоли 674 та хонадонда истиқомат қилади, — дейди “Баҳор” МФЙ раиси Панжи Маматқулов. — Экин майдонлари 261 гектарни ташкил этади. Ҳудуд аҳолиси азалдан ер билан тиллашган, айниқса, карам, гулкарам, лавлаги, саримсоқ пиёз, помидор ва бодринг каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эртачи етиштирадиган ва вилоятимизда энг кўп чет элга экспорт қиладиган меҳнаткашлардир. Мисол учун жорий йил биринчи экин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан қарийб 30 минг тоннага яқин маҳсулот Россия, Қозоғистон, Молдавия, Чехия, Словакия, Польша, Украина каби давлатларга экспорт қилинди.

Маҳалладаги Абдусалом Пирматовнинг хонадонига ташриф буюрганимизда ҳовли атрофидаги 20 сотих ер майдонининг бир қисмига саримсоқ пиёз, помидор, Голландиядан келтирилган экспортбоп маккажўхори нави экилганини, яна бир қисми эса ерёнғоқ экиш учун шудгорлаб қўйилганини кўрдик.

— Уйимизда уч жон яшаймиз, турмуш ўртоғим Афғон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ишлайди, — дейди Раъно Худойбердиева. — Аммо томорқадан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Қизим билан бирга доим у кишига ёрдам берамиз. Ахир, уйда бўш ўтиргандан кўра, озгина бўлса ҳам еримизга ишлов берсак, қўшимча даромадга эга бўламиз. Маҳалламиздагиларнинг аксарияти карам ва гулкарам етиштириш сирини пухта эгаллаган. Шу жумладан, биз ҳам ҳар йили биринчи экин сифатида ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ерга қадаймиз. Бу йил об-ҳавонинг яхши келиши ҳосилимизга барака берди. Биргина карам ва гулкарамнинг ўзидан 22 миллион сўм атрофида даромад олдик.

ЖАЙЛОВ ОТАНИНГ FАЙРАТИ

70 ёшни қаршилаган Жайлов Маматмўминов ҳам ёшим бир жойга борди деб, оёқ узатиб ётмайди. Томорқада ишламаса, ўзини тетик ҳис қилмайди. Ҳовлиси атрофида мавжуд 30 сотихча майдонда карам, бодринг, помидор, ловия, қовун, ошқовоқ, редисканинг дайкон тури каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиради. Ҳам рўзғорни бутлайди, ҳам қўшимча даромад. Тиниб-тинчимаган отахон иссиқхона ҳам ташкил қилган. Унинг ўрта қисмига лимон, мандарин, араб хурмоси кўчатларини ўтқазган. Ён қисмига эса помидор, яна турли гуллар эккан. Улар орасига эса редисканинг дайкон тури уруғларини ҳам қадаган. Бугун улар ҳосилга кирган.

— Асли касбим ўқитувчи, аммо деҳқончилик билан шуғулланишни болалигимдан ўрганганман, — дейди Жайлов ота Маматхўжаев. — Чунки ерга қанча ишлов берсак, меҳр берсак, у бизни шунча сийлайди. Биргина бу йил шу томорқанинг орқасидан набирамнинг суннат тўйини, ўзимнинг эса 70 ёш юбилейимни нишонлаш учун элга ош бериб, тўй қилдик. Уй-жойимизнинг кам-кўстини тўлдирдик. Улардан ортган даромадга эса кейинги йилга экиладиган экин уруғлари, озиқлантирувчи кимёвий препаратларни олишни мўлжаллаб қўйдик. Юртбошимизнинг томорқага эътибор қаратинглар, дея куюнгани, керак бўлса, аҳолига бу масалада ёрдам бераётгани биз деҳқонларни янада суюнтирди, ғайратимизга ғайрат қўшди. Чунки ана шу эътибор натижасида уруғларни узоқлардан излаб юрмаймиз. Маҳсулотларимизни эса экспортёрлар шу ернинг ўзидан олиб кетишадиган бўлишди. Бу йил нархлар ҳам кўнгилдагидек бўлди. Карамнинг бир килограммини 3000 сўмдан 7000 сўмгача олишди.

БИР ЖОЙДАН ИККИ ҲОСИЛ

Бир жойдан икки ҳосил олиш сирини биласизми? Билмасангиз, Халқ депутатлари Ангор туман Кенгаши депутати Камол Муҳаммадиевнинг хонадонига келинг. Унда кунгабоқар ҳамда маккажўхорининг экспортбоп нави тагида булғор қалампирини ҳам етиштириш мумкинлигига гувоҳ бўласиз. Чунки сояда яхши ўзгариб, мўл ҳосил берадиган булғор қалампирини кунгабоқар билан маккажўхори иссиқдан ҳимоя қилиб туради.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хонадон эгасининг 42 сотих ер майдонида яна помидор учун мўлжалланган иссиқхона ҳам бор.

— 20 сотих майдонга иссиқхона қуриб, помидорнинг “чента” навини етиштирамиз, — дейди Камол Муҳаммадиев. — Бу нав ҳосилдор бўлиб, унинг битта кўчатидан 7 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Помидорни ноябрь ойида ерга ишлов бериб, эккан эдик. Дастлаб, томчилатиб суғорилган кўчатлар ўзини ўнглагач, март ойидан бошлаб уларни оқова сув ёрдамида озиқлантирдик. Март бошланиши билан пишиб-етилган помидорларни ички бозорга етказиб беряпмиз. Энди июль ойида помидор кўчатлари ўрнига бодринг экамиз. Улар 45 кунда тайёр бўлади ва кузга қадар ҳосил беради. Бир жойдан йил давомида икки марта ҳосил ва даромад оламиз. Помидорнинг ўзидан ҳар йили 35 тонна маҳсулот етиштирамиз.

Республика ишчи гуруҳи вакиллари ўрганишлари давомида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланмасдан турган хонадон эгаларининг ер майдонларини ҳам кўздан кечиришди. Ушбу ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида тумандаги тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари жалб қилиниб, бўш турган ер майдонларига ишлов берилди. Керакли минерал ўғитлар, уруғлар, кўчатлар олиб келтирилиб, экин экиб беришда яқиндаш кўмаклашилди. Энг муҳими, томорқа қўшимча даромад манбаи эканлиги ҳар бир фуқарога тушунтирилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE