Бош саҳифа / Жамият / Эркли элнинг меҳнатсевар фарзанди

Эркли элнинг меҳнатсевар фарзанди

Ҳаёт йўлингизда одимлай туриб, бироз тин олинг-да, ортга боқинг. Ўтмиш хотиралари кино тасмаларидек бир-бир кўз ўнгингизда гавдаланади. Айни ўша дамда қилган ишларингиз ва танлаган йўлингиздан афсусланмасангиз, демак, сиз тўғри йўлдасиз.

Бугун олтмиш баҳорни қарши олиб, ана шундай хаёллар билан одимлаётган замондошимиз Худойберди Жумаев бутун бир ҳаётини педагогика соҳасига бағишлади.

Ёш Худойберди отасидаги қатъият ва темир иродани, шу билан бирга меҳр ва ғамхўрликни кўрганида ўқитувчилик касбига муҳаббат уйғонгандир балки. Ўша куч уни Термиз давлат педагогика институтига етаклаган бўлса, ажаб эмас.

1980 йилда Олий ўқув юртини тамомлаб, Термиз туманидаги 5-сонли мактабда биология ўқитувчиси сифатида фаолиятини бошлаган Х. Жумаев бир йил ўтар-ўтмас вилоят халқ таълими бошқармасида меҳнат таълими бўйича лаборатория мудири лавозимида ишлай бошлади. Сўнг, Термиз давлат педагогика институтининг кимё-биология кафедрасида бир неча йил талабаларга сабоқ берди.

Қаҳрамонимизнинг ўзига нисбатан талабчанлиги боисми, ё касбига меҳри сабабми фан сирларини билишга бўлган иштиёқи уни Ленинград шаҳридаги Россия фанлар академиясига қарашли ботаника институтига чорлади. У ерда ёш педагог тад- қиқотлар олиб борди, аспирантурада ўқиб, “Ўзбекистон жанубида ўсувчи мармарак ва тоғрайҳон ўсимликларининг онтогенези, антекологияси ва улардан унумли фойдаланиш йўллари” мавзусидаги фан номзодлиги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб қайтган Худойберди Жумаев ўзини яна фанга бағишлади. Термиз давлат университетида катта ўқитувчи, декан ўринбосари, Термиз тумани Халқобод педагогик-ижтимоий касб-ҳунар коллежида ва ТерДУ қошидаги 2-сонли академик лицейда директор, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида директор ўринбосари бўлиб ишлаганда ҳам масъулиятли раҳбар, талабаларнинг жонкуяр устози, куюнчак отасидек бўлиб қолди.

Х. Жумаев қаерда ишламасин, раҳбарият уни қаерга раҳбар этиб тайинламасин, у ўзидан яхши ном қолдиришга, фаолияти давомида юқори натижаларга эришишга ҳаракат қилди. Бу ҳаракат ва изланишлар эса ўз самарасини бермай қолмади, албатта. Кўпгина ўқувчилари устоз юзини ёруғ қилиб, фан олимпиадаларида, спорт мусобақаларида республика миқёсида ғолибликни қўлга киритишганини эътироф этмасликнинг иложи йўқ.

Айни дамда эса Х. Жумаев Термиз давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида директор лавозимида ишлаб келаётир.

Ташаббускор раҳбар ўз жамоасига меҳрибон ва ғамхўрлиги, инсонпарварлиги боис атрофдагиларнинг алоҳида ҳурмат ва эҳтиромига сазовор. Замонамиз қаҳрамонининг қилган ишлари, фаолиятидаги фаоллиги давлатимиз томонидан ҳам муносиб равишда рағбатлантирилиб келинмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 ва 25 йиллиги” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишонларига муносиб кўрилган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланган.

Иши ва оиласини бир маромда бошқариб, муваффақият ва бахтга эришиш ҳам бир санъат. Ана шундай санъат ярата олган Худойдерди Жумаев вафодор жуфти ҳалол, икки ўғил ва икки қизнинг меҳрибон отаси ҳамдир. Қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Лола Абдураҳмонова ҳам узоқ йиллардан буён шаҳардаги 7-умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилиб келади.

Меҳнат орқали эришилганларнинг юки бўлмаса, ҳаёт кемаси шамол ва бўронларга бардош бера олмайди. Эришган ютуқларининг юки ва залвори орқали ҳаёт кемасини оғиштирмай, бугунги ёруғ кунларга етказишда ўзида куч ва жасорат топа олган қаҳрамонимиз қадр топди, мартабага эришди.

Норбой САФАРОВ,
ТерДУ ҳузуридаги вилоят халқ таълими ходимларини
қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази
катта ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan