Бош саҳифа / Сиёсат / Эркинлигимиз кафолати

Эркинлигимиз кафолати

Маълумки, ҳар бир суверен ва мустақил давлатнинг ўз қомуси – Конституцияси бўлади. Таъбир жоиз бўлса, нотинч ва уруш ҳаракатлари давом этаётган айрим давлатлар бундан мустас-но. Нотинч элда қандай қилиб қонун ҳукмрон бўлиши мумкин?

Конституция мамлакатда барча қонунларни тартибга солувчи бир манба сифатида ҳам биз учун ниҳоятда қадрлидир. Шубҳасиз, Конституциямиз халқимизнинг асрий анъаналари ва урф-одатларига таянган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик, ҳалоллик, мардлик ва сабр-бардош, адолат ва билим, маърифатга интилиш ҳиссини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Қонун ҳужжатларини тубдан янгилаш жараёни мамлакатнинг асосий қонунини яратишдан бошланади.

Конституциямиз бизнинг қанотимиз, номусимиз, суянчимиздир. “Конституция” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “ўрнатиш”, “тузилиш” деган маъноларни англатади. Ҳозирги кунда инсон, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар томонлама тартибга соладиган, олий юридик кучга эга, бошқа қонунларга асос, мамлакат мустақиллигининг кафолати бўлиб хизмат қиладиган қонун ҳужжати маъносида ишлатилади.

Конституция – давлатнинг асосий қонуни бўлиб, конституциявий тузум, давлат ва жамият қурилиши асослари, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлат рамзларини белгилаб беради.

Конституциямизда эзгулик ва адолатга ишонч, аждодлар хотирасини эъзозлаш, инсонпарварлик, тинч ҳаётга интилиш, Ватанни севиш ва эъзозлаш, ҳозирги ва келажак авлодлар олдида масъулиятни англаш, аждодларнинг маданий меросини асраш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати мустақиллик ғояси ва қонун устуворлиги каби умуминсоний қадриятлар ўз аксини топган. Айниқса, вояга етмаган ёшлар, ота-оналар, кексалар — барчанинг ҳуқуқ ва бурчлари Конституцияда белгилаб қўйилганки, ҳеч ким эътибордан четда қолмаган. Масалан, 64-моддада: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, дейилган бўлса, 66-моддада: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, дея белгилаб қўйилган. Конституциямизда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам алоҳида моддаларда акс этган. Масалан, 18-моддада: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, дея кўрсатилган. Конституциямизда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларимиздан ташқари фуқаролик бурчларимиз ҳам ўз аксини топган. Биз асосий қонунимизда кўрсатилган бурчларимизни бажаришга мажбурмиз.

Конституция – давлатнинг ҳуқуқий асоси, пойдевори. Асосий қонунимиз биз учун ғурур-ифтихор манбаидир. Унда белгилаб берилган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларимиздан фойдаланган ҳолда ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлар сари интиламиз. Минг шукурки, юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланади. Мен шундай улуғ, тинч ва осойишта юртда туғилиб улғаяётганимдан, билим олаётганимдан, шундай халқнинг фарзанди эканлигимдан хурсандман. Ота-онам, Ватаним, бебаҳо халқимиз, бахтимиз пойдевори бўлган Конституциямиз билан фахрланаман. Ва бу туйғуни ўз шеъримда шундай ифодаладим:

Бу шундай улуғ китоб,
Халқимиз ифтихори.
Бизнинг Конституция –
Бахтимиз пойдевори.

Унда этилгандир жам,
Ҳуқуқлару бурчимиз.
Устувор бизда қонун,
Ҳимояда кучлимиз.

Шаҳрибону Турсунова,
Музработ туманидаги
7-умумтаълим мактаби ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Электрон рўйхат афзаллиги нимада?

Бугун давлат ва жамият ҳаёти ахборот технологияларидан айри ҳолда ривожлана олмайди. Замонавий ахборот техноло-гияларидан фойдаланиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan