Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ер берилди, унга нима экмоқчисиз?

Ер берилди, унга нима экмоқчисиз?

Бандихон туманида 2080 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган. Улар ораси деҳқончилик қилиш истагини билдирган 748 нафар ёшга йил давомида 748 гектар ер майдони ажратиш белгиланган. Айни вақтгача 237 нафарига 47,5 гектар сувли, унумдор ер майдонлари ажратиб берилди.

Жумладан, деҳқончилик қилиш истагидаги 50 нафар ёшга “Сарой” маҳалласида жойлашган “Бандихон ғурури” фермер хўжалиги ҳудудидан 10 гектар ер 20 сотихдан бўлиб берилди. Туман ҳокимлигининг ёрдами билан ер экинга тайёрланди.

Деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги бандихонлик бу йигит-қизлар билан учрашган Сурхондарё вилояти ҳокими ёшлар бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, деҳқончилик қилиш учун ажратилган экин майдонларидан оқилона фойдаланиш эвазига мўл ҳосил олиш, даромад топиш, халқимиз дастурхонини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш зарурияти ҳақида сўз юритди. Йигит-қизларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида ёшларга экин майдонидан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ниятига эришган, даромад манбаига эга бўлган йигит-қизлар катта куч-ғайрат билан ишни бошлаб юборишди.

— Шу кунга қадар ишсиз эдим. Мана бугун кўплаб ишсиз тенгдошларим қатори менга ҳам унумдор экин майдонидан 20 сотих ер ажратишди, — дейди Муслима Ёқубова. —  Оила аъзоларим билан биргаликда бу ерга биринчи ҳосил учун картошка экдик. Июнь ойида картошка ҳосилини йиғиштириб олиб, ер ёнғоқ экишни ният қилганмиз. Ерга меҳр билан қараб, астойдил меҳнат қилиб, иккита ҳосилдан жами 15 миллион сўм соф даромад олишни мўлжал қилиб турибмиз.

Шу тариқа, бир йилда икки марта ҳосил олишни кўзлаган йигит-қизлар ўзларига ажратилган ер майдонларида ҳозир картошка экишган бўлса, иккинчи экин сифатида ер ёнғоқ экишни режалаштиришаяпти.

Муҳими, улар “ерга экин эксаму, ҳосил яхши бўлмасачи ёки сотолмасамчи” деган шубҳалардан холи равишда, ишонч билан ҳаракатга киришган. Ахир берилган имкониятдан унумли фойдалангангина кўзлаганига етади.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Motokultivatorli bo‘ldim

 Yoshlarni ish bilan ta’minlash borasida oltinsoyliklar ham ildamlar safiga kirish harakatida. Chunki, mutasaddilar ishsiz, ijtimoiy …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan