Бош саҳифа / Жамият / Эпчил қиз ўзига иш топди

Эпчил қиз ўзига иш топди

Тикувчилик, тўқувчилик хотин-қизларга, айниқса, уйда ўтирган аёлларга эрмак. Термиз туманидаги “Қорахон” маҳалласида яшовчи аёллар кийим-кечак тиктирмоқчи бўлсалар тикувчи излашмайди. Қишлоқда бир эмас, уч хонадонда яхши бичувчи, абжир тикувчи бор. Қишлоқ ёшлари бу ҳунарни Нодира Абдулова-дан ўрганишган.

Қўли-қўлига тегмай чеварчилик қиладиган Нодирахоннинг ҳозирда маҳалладаги шогирдлари сони бир этак.    Тикувчи бўламан, деганнинг ҳаммаси узоққа бормайди-да, Нодирахоннинг этагидан тутишган. Орзигул Эштўхтарова ҳам унинг эпчил шогирдларидан.

Орзигулнинг  орзулари   бир олам эди. Келгусида тарбиячи бўлиш, меҳнаткашларнинг ўғил-қизларини боғчада тарбиялашни ният қиларди. Шy мақсадда “Янгиариқ” касб-ҳунар коллежининг бошланғич ва мактабгача таълим бўлимида таҳсил олди. Коллежни битиргач, иш сўраб бош суқмаган ташкилоти қолмади. Ҳаммасидан: “Бизда штат йўқ”, деган гапни эшитарди.

Орзигул тушкунликка тушмади, руҳан эзилмади. Аввалдан онасига тикиш-бичиш ишларига ёрдам бериб юрган Орзигул қишлоқдаги номдор тикувчи Нодирахон Абдуловага шогирд тушди. Унинг мақсади — онасидан ўрганганларини яна ҳам бойитиш, маҳоратини ўстириш, ҳозир урф бўлган замонавий бичимларга мос кийим-кечаклар тикиш эди. Тажрибали устоздан тикувчиликнинг анча сир-синоатларини ўрганган Орзигул, аввалига, янгаларининг либосларини тикди. Улар эса хушбичим либосларни кийиб, қўни-қўшниникига сувга, сутга чиқса, бозор-ўчар учун маҳалладаги дўконга, бозорга борса, қўшни овулнинг аёллари: “Устингиздаги кийимни ким тиккан, бунча чиройли чиқибди, ҳавасимиз келди, ижодкори ким, айтасиз” деб ҳоли-жонига қўйишмасди.

Уйдаги қайнсингилнинг бутун қобилиятини янгалари ён-атрофга “ёйишди”. Аввал дугоналари, сўнгра қўшни аёллар Орзигулга либосларини тиктира бошлади. Қарабсизки, уч ой деганда Орзигул устози Нодирахондек моҳир чеварга айланди. Энди қишлокда ундан ўтадиган тикувчи кам. Қиш  ойлари бошландими, қишлоқ аёллари адрас матодан нимча, тўн тиктиришади. Баҳор, ёз, куз мавсумида мижозлари янада ортди. Орзигулнинг буюртмаси шунчалар кўпки, кечаю кундуз тикиш қилса ҳам улгуролмаганидан янгалари, дугоналари Дилором, Пардахол, Меҳринисо, Саломат, Кароматлар унга ҳам ёрдамчи, ҳам шогирд.

Эпчил тикувчи ўзи тикаётган ҳар бир кўйлак, тўнга суқланиб боқаркан гап очди:

— Дадам бир миллион сўмга тикув машинаси олиб берганда “катта пулга олдирдинг”, деб бироз оғрингандилар. Олти ой, деганда тикув машинанинг пули йигирма баравар бўлиб рўзғорга қайтганидан ҳозир оғзилари қулоғида… Ҳунарли одам ҳеч нимага зориқмаскан, иш сўраб ҳеч бир ташкилотнинг эшигини тақиллатиб юрмаскан. Бир пас ёстиққа бош қўйишга ҳам вақтим йўқ. Одамларнинг берган пулига қаноат қилганим учунми, кийим-кечакларини тиктириш учун ҳамма хотин-қиз менинг олдимга келади. Ўзимча ўйлаб қоламан, нафақат ҳар бир қишлокда, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ўз тикувчиси бўлса ҳам иш топилади, — дейди абжир ҳунарманд Орзигул Эштўхтарова.

Усмонали
НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE