Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бугун барча ёшдаги кишиларнинг китобга бўлган муносабати тубдан ўзгариб бормоқда.
Музработ туманидаги “Қўнғирот” жамоа хўжалиги марказида жойлашган 8-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Фарзандимга китоб совға қиламан” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда маҳаллалардаги ота-оналар, ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этишди.
Тадбиркор Жўра Хурсанов томонидан намойишга қўйилган юздан ортиқ номдаги китоблар билан ота-оналар ва уларнинг фарзандлари яқиндан танишишди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир ота-она фарзандига биттадан китоб совға қилишди.
— Мен Ж. Румийнинг китобларини ўқишни орзу қилиб юрардим. Бугун ойижоним улуғ алломанинг “Ичингдаги ичиндадир” деб номланган фалсафий китобини совға қилди, — дейди Х. Нурматова.
Тадбир сўнгида мактаб директори Нормурод Жумаев китоб тарғиботи ва мутолаа маданиятига бағишланган анжуманда фаол иштирок этган барча қатнашчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Сафар ОМОН