Бош саҳифа / Маданият / Энг нодир эҳсон

Энг нодир эҳсон

Жарқўрғон туманида бир янгилик тарқалди. “Узумзор” маҳалласида яшовчи Ҳамза Юсупов ўзи ўқиган 48-мактаб ўқувчиларига 56 номдаги бадиий китоблар совға қилармиш. Китоб бериладиган кун мактабда катта тадбир ташкил этилди.

Ажиб китоблар кўргазмасидаги туҳфаларга бир-бир кўз югуртирар эканман, барчаси ўқишли, бари нодир. Ўқувчилар дунёқарашига хос ва мос асарлар экан. Ҳазрат мир Алишер Навоийдан тортиб, Саид Аҳмад, Абдулла Орифу Эркин Воҳидов, Тоғай Муроду Худойберди Тўхтабоев каби атоқли шоир ва адиблар қаламига мансуб энг сара асарлар жамланган.

Бугунгидек дориломон кунларда ёшлардан фақат ва фақат ўқиш, изланиш талаб этилаётган бир пайтда муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг ўзида китоб нашри, савдоси, тарқатиш ва тарғиботи, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган фармойиш ва қарорлари китобхонликка кенг йўл очиб берди. Ўз навбатида, китоб савдоси ўз ўрнига тушди. Энди ўқиш қолди, холос. Бу борада мактаб директори И. Абдумўминов ва маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари Н. Турсуновлар ҳам тўлқинланиб гапирдилар.

Тадбир давомида саховатпеша инсон Ҳ. Юсуповга сўз навбати берилганда, у камтарлик билан сўз қотди:

— Турмуш тақозоси билан Россия Федерациясида бўлганимда рус халқининг китобга бўлган меҳрини кўриб қойил қолганман. У ерда ёшу қари вақт топди, дегунча китоб ўқийди, газета-журнал варақлайди. Шу сабабдан ўз мактабимга китоб  совға қиламан, дея кўнглимга тугиб қўйгандим, — дея фикрини тугатаётган бу камтар инсон, совғани овоза қилмаслигимизни илтимос қилди.

Турмушнинг залворли юкини кўтариш учун узоқ ўлкаларга меҳнат қилиб, топган сармоясининг бир қисмини яхшилик йўлида сарфлаган оддийгина бу йигит ибрати таҳсинга лойиқ. Ваҳоланки, одамлар бор қўша-қўша иморатлар солиб, бир нечта автомобилларга эга  (бундан-да давлатлари зиёда бўлсин!) бўла туриб, ҳатто фарзандларига биттагина китоб совға қилишни хаёлига келтирмайди…

Рўзи МИРЗО

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE