Мактабимизда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, деган фан ўтиларди. Рус тили ўқитувчимизга бириктириб қўйишгани учун тузук-қуруқ дарс ҳам бўлмасди. Ўша соатни ўйин ўйнаб ўтказардик.

Лекин бугун ушбу фанни айнан ҳарбийликдан нафақага чиққан офицер-кадрлар ўтаётгани, дарсларда қурол-аслаҳалар ва бошқа кўргазмали қуроллардан фойдаланилаётгани ўқувчиларнинг қизиқишини оширмоқда.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда шаҳар ва туман умумтаълим мактабларидаги энг яхши Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари учун кўрик-танлов ўтказилди. Унда туман босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқитувчилар ўзаро беллашишди.

Иштирокчилар отиш тайёргарлиги, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш востиларини кийиш нормативи бўйича, саф тайёргарлиги, АК-74 автоматини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича ўқув моддий воситалари мавжудлиги ва бугунги кундаги ҳолати бўйича синовлардан ўтказилди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра иштирокчилар 2 та номинация бўйича тақдирланишди.

“Энг яхши Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси” номинацияси бўйича:
1-ўринни Узун тумани 1-касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси, резервдаги подполковник Отабек Шерматов,
2-ўринни Ангор туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, резервдаги подполковник Зафар Джумаев,
3-ўринни Сариосиё туманидаги 17-умтаълим мактаби ўқитувчиси, захирадаги лейтенант Нуриддин Абдуллаевлар олишди.
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича “Энг илғор таълим муассасаси” номинацияси бўйича:
1-ўрин Денов тумани 20-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Абдусамат Боймуродов,
2-ўрин Қумқурғон тумани 25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, резервдаги майор Йўлдош Холмўминов,
3-ўрин Қизириқ тумани 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, резервдаги майор Холмурод Ҳамраевларга насиб этди.
Кўрик-танлов ғолибларига вилоят ҳокимлиги ва мудофаа ишлар бошқармаси томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар берилди.
Тадбир сўнгида вилоят мудофаа ишлар бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси, захирадаги подполковник Неъмат Ёқубов 5 нафар фахрийга Мудофаа вазирининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғаларини топширди.
Акбар Аҳмедов, Термиз гарнизони, III даражали сержант