Бош саҳифа / Сиёсат / Энди заргарликка эътибор кучаяди

Энди заргарликка эътибор кучаяди

Президентмиз ва ҳукуматмиз иқтисодиётни жадал ривожлантириш, соҳаларни модернизация ва диверсификация қилиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш орқали мамлакат иқтисодий салоҳияти ва аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда. Маҳаллий заргарлик тармоғини тиклаш ва ривожлантириш шундай ишлардан бири ҳисобланади.

Шубҳасиз, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тармоқ ривожига хизмат қилади.

Фармонда таъкидланганидек, соҳада тизимли камчиликлар мавжудлиги, тармоқ эътибордан четда қолганлиги шу йўналишда фаолият юритаётган корхоналарни модернизация қилиш ва янгиларини ташкил этиш, замонавий заргарлик маҳсулотлари ҳажми ва экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилиб келаётганди.

Энди соҳа ҳар томонлама ривожланади. Мамлакатимизда сифатли ва рақобатбардош заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмлари тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорларга 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидаги имкониятлар яратилади: заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларнинг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга белгиланган намунадаги асллик даражаси белгиси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди. Ваҳоланки, шу пайтгача ишлаб чиқарувчининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини буюмга босиш шарти билан давлат асллик даражаси белгиси мажбурий равишда қўйиларди.

Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, шунингдек, аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни ишлаб чиқариш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил равишда белгилашади.

Яна бир имконият шуки, жисмоний шахсларга қиймати 5 000 (беш минг) АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади. Заргарлик буюмларининг чакана савдоси айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим объекти ҳисобланмаслиги белгиланди.

 Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари олтин изловчилик фаолияти доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларни таъминлаш учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Энг муҳими, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасида ихтиёрий асосда ягона ташкилотга бирлашиш орқали иштирок этган тақдирда, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шунингдек, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари татбиқ этилади.

Булардан ташқари, тижорат банклари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларидан қимматбаҳо металлни (олтин ва кумушни), шунингдек, 5 грамм ва ундан ортиқ бўлган оғирликдаги гранулаларни миллий валютада сотиб олиш, сотиб олинган қимматбаҳо металларни бошқа заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш ҳуқуқи берилди.Фармонга мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган миллий валютадаги тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ кредитлар бўйича 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмида қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилади.

Ўзбекистон Банклар ассоциациясига тижорат банклари билан биргаликда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни сотиб олишлари учун қисқа муддатли револьвер (қайта тикланувчи) кредитларни ажратиш амалиётини кенгайтириш топширилди.

 Фармонда белгиланган асосий жиҳатлардан бири, бу — тадбиркорларга солиқ ва божхона бўйича яратилган имтиёз ва преференциялардир. Жумладан, 2022 йилнинг 1 июлига қадар қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш обороти қўшилган қиймат ва акциз солиғидан, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.

2019 йил 1 июлдан бошлаб навбатдаги йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари шакллантирилаётганда миқдорини ҳар йили индексация қилган ҳолда, олтиндан ясалган заргарлик буюмларни чакана савдода сотганлик учун 1 грамига 1000 (бир минг) сўм миқдорида йиғим жорий этилади.

 Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бирида 2020 йилнинг охирига қадар камида иккитадан тайёр заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олувчи замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Воҳамизнинг Термиз шаҳри ва Денов тумани марказларида заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган тўлиқ жараённи ўз ичига олувчи замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш белгилаб олинди.

Соҳани ҳар томонлама ривожлантириш учун 2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини ривожлантиришни назарда тутувчи комлекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Шунингдек, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда заргарлик тармоғини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма маблағлари эса заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама, шу жумладан, истиқболли инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлаш, заргарлик тармоғи мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув марказларини ташкил этиш маҳаллий заргарлик брендларини илгари суришга, шу жумладан, мамлакатимизда ва хорижда заргарлик кўргазмалари ва ярмаркаларини ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг шундай тадбирларда кенг иштирокини таъминлаш орқали кўмаклашиш ўзини ўзи молиялаштириш шартларида, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмларини таҳлил қилиш ва асллик даражасини назорат қилиш шохобчаларини (мини-лабораторияларини) ташкил этишга сарфланади.

Аёнки, заргарлик бўйича соҳани мукаммал тушунадиган кадрлар тақчиллиги мавжуд. Шуни эътиборга олиб, фармонда таъкидланганидек, Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг буюртномалари асосида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат техника университетида “Заргарлик буюмлари дизайни” йўналиши бўйича алоҳида гуруҳларни ташкил этган ҳолда заргарлик тармоғи учун кадрлар, шунинингдек, касб-ҳунар коллежларида заргарлик тармоғи мутахассислари тайёрланиши белгиланди. Хуллас, мазкур фармон заргарлик тармоғини ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қилади.

Шоҳжаҳон АБДУЛЛАЕВ,
вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловга тайёргарлик

Маълумки, сайловга 2 ойдан сал кўпроқ вақт қолди. Мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар ўз электорати ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE