Бош саҳифа / Жамият / Энди… эътирозга ўрин қолмайди!

Энди… эътирозга ўрин қолмайди!

Фуқароларни арзон нархларда зарур дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилишининг муҳим шарти ҳисобланади.

Шу муносабат билан соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини арзон дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, шунингдек, уларнинг нархларини сунъий ошириб юбориш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқаро сифат стандартларининг жорий этилиши натижасида мамлакатимиз фармацевтика корхоналарининг экспорт салоҳияти ошди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган айрим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари дунёнинг 20 дан ортиқ давлати, жумладан, МДҲ, Европа иттифоқи мамлакатлари ва АҚШга экспорт қилинмоқда.

Бугунги кунда ушбу соҳада эришилган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд. Кейинги вақтда беморларга рецепт ёзишда мавжуд меъёр қоидаларини бузиш, маҳаллий маҳсулотлар қолиб, чет элда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситаларини буюриш ҳолатлари кўпайган эди. Қолаверса, дорихоналарда дори воситалари баҳосининг турлича экани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу эса нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқишни талаб қилиб қўйди.

Ушбу масалаларни ҳал этиш мақсадида Президентимиз томонидан 2016 йил 31 октябрда «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Ушбу қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Тиббиётда кенг қўлланиладиган 343 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар ташкил этилган республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланиб борилади.

Шунингдек, 2017 йил 17 июль куни аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш, сунъий равишда тақчилликни вужудга келтириш ва нархларни оширишга йўл қўймасликка йўналтирилган Президентимизнинг навбатдаги, “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 августдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш истисно тариқасида “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иктисодий давлат корхонаси томонидан тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича республика комиссияси тасдиқлайдиган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар бўйича тендер савдолари ўтказилмасдан амалга оширилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиб, аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш уларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

М.Абдураҳимов, Бош прокуратураси ҳузуридаги
СВОЖЖДЛҚК Департаменти вилоят бошқармаси катта инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сафар хулосалари ижобийми ёки салбий?

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов эрта тонгдан поездда Термиздан Сариосиё станциясигача бўлган темир йўл атрофидаги, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan