Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Энди қамиш ёндирилмайди

Энди қамиш ёндирилмайди

Воҳанинг даштлари, канал ва зовурлар, дарё бўйлари ва ботқоқликларда қамиш кўп ўсади. Бу ўсимлик октябрь-ноябрь ойларига бориб ўсишдан тўхтайди ва танаси қурийди.

Қамишдан одамлар янги қурилган уйлари, молхоналари ва бошқа иморатларини устини ёпишда фойдаланишади. Қамишнинг гул попуги ҳар хил зараркунанда ҳашаротлар қишлаши учун жуда қулай ва иссиққина ин. Шу боис, деҳқонлар ва боғбонлар зараркунандалар тухумига қирон келтириш мақсадида қиш ойларида қамишларга ўт қўйишади. Аммо, қамиш шундай ҳаракатчан ўсимликки, танаси ёқиб юборилгани билан илдизи сувга яқин жойда ёки ботқоқда тургани учун баҳорга келиб, яна яшнай бошлайди.

Бундан кейин воҳамизда қамиш ва қамишзорлар ёндирилмайди. Чунки вилоятимиз тадбиркорлари қамишдан уй-жой қуришда ишлатиладиган деворбоп ва полбоп панеллар тайёрлашни йўлга қўйишди.

Термиз шаҳридаги “Сурхон саноат қурилиш инвест” саноат корхоналари уюшмаси ишбилармонлари уюшма таъсисчилигида “SURXON KSP – GRAND” МЧЖни  ташкил этдилар. Янги корхонага уюшма ишбилармонлари сармояси ва банкдан олинган кредит ҳисобига Хитойдан замонавий технология келтириб, ўрнатилди.

Хитой давлатидан таклиф этилган мутахассислар маҳаллий муҳандислар ҳамкорлигида то асбоб-ускуналарни цехларга ўрнатишгунича Музработ даштларидаги қамишларни ўриб олиш учун маҳаллий аҳолидан икки минг нафар киши мавсумий ишга жалб қилинди. Қамишни қуритиш, ташиб келиш якунига етказилгунича цехларда жиҳозлар ўрнатиб бўлинди. Ўтган йилнинг сўнгги чорагида корхона цехларида замонавий жиҳозлар ёрдамида қамишдан деворбоп ва полбоп панеллар ишлаб чиқарила бошланди. Айни пайтда корхона цехларида кечаю кундуз иш тўхтамаяпти. Уч сменада меҳнат қилаётган 150 нафар киши сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўзаро беллашмоқда.

Корхонада ишчи-хизматчилар учун қулай иш шароити яратилган. 250 ўринга мўлжалланган замонавий ошхонада смена ишчиларига тажрибали ошпаз Вероника Гамолина бошлиқ хизматчилар ширин таомлар тайёрлашади. Смена бошлиғи Баҳодир Холмуродов, иссиқ пресс операторлари Умид Бўронов, Зафар Нурбоев, маҳсулотларга шакл бериш оператори Ольга Калентова, ишлаб чиқариш жараёни назоратчиси Дилшод Норсаидов каби ишчилар аллақачон корхонанинг фахрига айланишган. Улар ўзларини қониқтирадиган маошдан ташқари, қилган ишларига қараб, ойма-ой мукофотлар ҳам олишаётир. Корхонага ишга жалб қилинганларнинг бир қисми олис туманлардан бўлганлиги туфайли улар учун барпо этилган ётоқхонада барча қулайликлар мавжуд. Корхона цехларида йилига 30 куб метр қурилишбоп панеллар тайёрлаш имкони мавжуд. Ҳамжиҳатликда ишлаётган ишчи-хизматчиларнинг баракали меҳнати туфайли ўтган йилнинг охирги чорагида йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича белгиланган режанинг 25 фоизи миқдорида сифатли қурилишбоп материаллар тайёрланди.

— Хушхабарнинг қаноти бўлади, деганларидек Термизда янги корхонанинг очилгани тезда овоза бўлганлиги учун маҳсулотларимизга харидорлар сафи тобора ортиб бораяпти, — дейди МЧЖ раҳбарининг ишлаб чиқариш бўйича муовини Аббос Набиев. — Бугун тайёрланаётган маҳсулотларимиз республиканинг барча вилоятларига жўнатилмоқда. Термиз шаҳридаги қурилиш моллари билан савдо қилаётган дўконларда ҳам панелларимиз сотилаётир. Раҳбарият ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни қўшни Тожикистон ва Афғонистонга ҳам сотиш учун манфаатли битимлар тузган. Бозор талабидан келиб чиқиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўраяпмиз…

Мутахассисларнинг фикрича, янги корхона цехларида иш тўхтаб қолмаслиги учун бир йилга етадиган хомашё захира қилинган. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, келгуси йил Термиз тумани ҳудудидаги ва Амударё бўйларидаги қамишларни ҳам йиғиб олиб, сифатли ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Ўз мухбиримиз

 И. АМИРҚУЛОВ
суратга олган

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE