Бош саҳифа / Таълим / Энди абитуриент бадиий асар ўқишга мажбур

Энди абитуриент бадиий асар ўқишга мажбур

2019-2020 ўқув йилида олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонларига тайёрланиш учун тасдиқланган дарсликлар рўйхатига ўн номдаги бадиий асар ҳам илова қилинди.

Абитуриентлар учун тавсия этилган асарлар ХХ аср адабиётининг энг сара намуналаридан иборат. Рўйхат аввалида «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Юлдузли тунлар» романлари санаб ўтилган.

Бу тавсиялар ёшларни оммавий тарзда китобхонликка жалб қилишнинг энг самарали усули бўлади. Чунки абитуриент энди фақат дарсликда берилган мазкур асарлар парчасида акс этган портретлар, қаҳрамонлар нутқини ёд олиш билан чекланиб қолмай, асар мавзуси, ғояси, сюжети, қаҳрамонларининг ички кечинмалари ҳақида ҳам ўз қарашларига эга бўлади.

Ёшларимиз аввал адабиёт деб аталган гулшаннинг атрофида айланиб юрган бўлса, энди шу гулшанниг ичига кириб, унинг бор жозибасини ҳис қила олади. Бу эса, аввало, китобхон абитуриентнинг нутқ равонлигини оширади, дунёқарашини кенгайтириб, маънавий салоҳияти юксалишига хизмат қилади.

«Соҳибқирон», «Мирзо Улуғбек», «Абулфайзхон» драмаларини ўқиш орқали эса шонли ўтмишимиз ва тарихий шахслар ҳақида чуқурроқ билиб оладилар. Мажбурият юзасидан бошланган бу китобхонлик ўзининг ижобий самарасини беради, албатта. Негаки, ўнта сара асарни мутолаа қилган ўқувчи энди бу сирли оламдан шунчаки чиқиб кета олмайди.

Бугун кутубхоналар анча гавжум. Ўсмир йигит-қизлар қўлида «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Дунёнинг ишлари» каби роман ва қиссаларни кўриш нақадар завқли. Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси бўлган бадиий адабиёт оламига хуш келибсиз, қадрли абитуриентлар.

Хуршида ЖАЛИЛОВА,
Бойсун тумани, ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Устамани устаси олсин

Газетамизнинг сўнгги сонларини ўқиб бораётган муштарийлар сезганки, таълим масканларидан муаллифлар фаол. Таътил бошланиб, фаолиятида танаффус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan