Эмлашнинг аҳамияти

0
72

Вирусли гепатитнинг «А» тури — юқумли касаллик бўлиб, вирус, асосан, жигар ҳужайраларини шикастлайди. Вирус оғиз ҳамда сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали организмга тушади. Шунингдек, касалликнинг гепатит билан оғриган беморлардан юқиш эҳтимоли катта.

Бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечак, ўйинчоқлар, сўрғичлар ҳамда бемордан қолган овқат қолдиқлари вирус  билан заҳарланган бўлиши мумкин. Яъни тозаликка риоя қилмаслик оқибатида касаллик юзага келади. Шу сабаблими, касаллик кўпроқ болаларда учрайди. Айниқса, пашшалар касалликнинг юқишида етакчи роль ўйнайди. Пашша қаноти ва танасида миллионлаб касаллик қўзғатувчи микробларни ташийди.

Организмга вирус тушгач, касаллик бирданига бошланмайди. Вирус дастлаб организмда кўпаяди. Бу даврда касаллик белгиларсиз кечади ва бу касалликнинг яширин даври, дейилади. Яширин давр гепатитнинг «А» ва «Б» турларида 3-6 ҳафтагача давом этиши мумкин.

Касаллик ҳолсизланиш, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айниши, овқатдан кейин қайт қилиш каби белгилар билан бошланади. Шундан сўнг, касалликнинг сариқлик даври бошланади. Бунда кўзнинг шиллиқ қавати, тери сар ғая бошлайди.

Касалликнинг  яққол сариқлик белгиларисиз турларида бемор атрофдагилар учун, айниқса, хавфли бўлади. У ўзи билмаган ҳолда оила аъзоларига юқтириб қўйиши мумкин. Беморга бадандаги сариқлик ўтгунча одатдагидан кўра кўпроқ суюқлик ичиринг. Унга газланмаган сув, наъматак дамламаси, унча ширин бўлмаган компотлар, оддий қайнатилган сув ичириш тавсия этилади. Бунда болага турли ширин тижорат ичимликлари (Кока-кола, фанта ва бошқалар)ни бериш мумкин эмас. Беморга қайнатилган ёки буғда димлаб пиширилган таомлар беринг. Қовурма таомлар, думба, чарви каби ҳайвон ёғларидан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Парҳезга қатъий риоя қилиш зарур. Тўғри ташкил этилган парҳез жигарни зўриқтирмайди ва фаолиятини тиклашда ёрдам беради.

Касалликни юқтирмаслик учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш зарур. Қўлларни совунлаб ювиш, мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш, фақат қайнатилган сув ичиш касалликнинг олдини олишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Болаларда бармоқлар, ўйинчоқлар ва бош- қа турли буюмларни oғизга солиш, қўлларни сўриш, тирноқларни тишлаш каби одатлар шаклланишига йўл қўйманг. Болаларни сўрғичга ўргатманг. Ҳожатхоналарни ошхона ва умумий хоналардан камида 25 метр узоқликда қуринг. Пашшаларнинг кўпайишига йўл қўйманг. Беморнинг идиш-товоғини алоҳида тутинг. Шуни унутмангки, барчамиз фарзандларимизнинг соғлиги учун масъулдирмиз.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг эътирофича, вирусли гепатит «А»га қарши энг мақбул профилактика — бу эмлашдир.

Шу сабабдан  эмлашни  касаллик мавсумигача олиш талаб этилади. Бугунги кунда профилактик эмлаш вилоятимизнинг барча оилавий поликлиникаларида   ташкил этилган «Эмлаш бригада»лари  томонидан амалга оширилмокда.

Х. ХЎЖАНАЗАРОВ,
вилоят ДСЭНМ врач-эпидемиологи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг