Бош саҳифа / Жамият / Элнинг суюкли фарзанди

Элнинг суюкли фарзанди

Президентимизнинг “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қароридан барча юртдошларим қатори мен ҳам қувондим.

Эсимда, 1967 йилнинг саратонида, “Ҳазорбоғ”да пахта қатор орасига тракторим билан ишлов бераётган эдим.

Кун қизиган, соат ўн бирлар чамаси. Денов томондан икки “Уваз” машинаси дала бошига келиб тўхтади. Биринчи машинадан уч киши тушди, Деновнинг биринчи раҳбари Эгамберди Мавлонов. Иккинчиси, котиб Золотарёв. Кейингисини танимадим. Кейинги машинадагилар “Ҳазорбоғ” совхози директори Эргашев Эшпўлат, бош зироатчи Ҳаким Эшонов. Бош муҳандис Валентин Николаевичлар бўлиб чиқишди.

Уларнинг яқинидан даланинг бошига чиқиб, тракторни қайтариб, навбатдаги жўякларга эндирган ҳам эдимки, директор “тўхта” ишорасини қилди.

Мен билан биринчи, ўша, мени танимаган одам кўришди. Қўлларим мой бўлганлиги учун тортиниб енгимни узатдим.

—     Қўлингга нима қилган? — жилмайди ҳалиги киши.

—     Кечирасиз, — қўлларимни очиб кўрсатдим.

—     Биз учун шунақа қўллар қадрли, энди кўришсак бўладими? — деб мойли қўлларимни қаттиқ сиқиб кўришди.

—     Биз танишмизми? — деб сўради.

Ёш эдим. Бу сиймони газетада кўргандим. Англаб қолдимки, бу одам — Шароф Рашидов…

—     Сиз бизнинг Шароф Рашидовимиз бўласиз, шеърларингизни ёддан биламан…

Суҳбатга райком аралашди.

— Шароф ака бу йигит тракторчи бўлгани билан шеърият ва адабиётга қизиқади. Мақолалари, шеърлари газеталарга чиқиб туради…

—     Ўқишга бормадингми?

—     Отамнинг касбини олдим, — мулзам бўлиб ерга қарадим.

—     Ота касбини олганлар барака топади, — чўнтакларидан авторучкасини чиқариб бердилар. — Менга хат ёзсанг, ўзим ёрдам қиламан…

Ш. Рашидов ана шундай самимий, меҳнаткашни қадрлайдиган инсон эди. У кишининг вафотидан сўнг ушбу шеърни ёздим:

Тирноғим остидан кир излаганлар,
Қўйнимга қўл солиб, сир излаганлар,
Курси талашгану сиз-сизлаганлар,
Мен ўтгач, ортимдан тошлар отмангиз…

Мансабим ҳурмати дўст тутинганлар,
Қўлимга кўз тикиб, гоҳ ютинганлар,
Молу жон сизники, деб югурганлар,
Мен ўтгач, ортимдан тошлар отмангиз…

Ғанимлар  дастидан озурда юрак,
Шусиз ҳам минг чилдир ҳар бутун сўнгак,
Дўст излаб топмадим элимдан бўлак,
Мен ўтгач, ортимдан тошлар отмангиз…

Не ишники қилдим, юртим деб қилдим,
Халқимни севдиму онам деб билдим,
Юрт учун туғилдим, юртим деб ўлдим,
Мен ўтгач, ортимдан тошлар отмангиз…

Очил ҳожи АСЛАНОВ, Денов тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan