Бош саҳифа / Жамият / Елкамизга офтоб тегди

Елкамизга офтоб тегди

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилади”, деган ибора бугун ҳаётда ўз исботини топяпти. Буни яқиндагина вилоят ҳоки-мининг Шўрчи туманида ўтказган сайёр қабули мисолида ҳам кўриш мумкин.

Унда вилоят раҳбари юзлаб одамларнинг дардини, муаммоларини тинглади. Ноҳақликка учраб, раҳбарларнинг эшигида сарсон бўлиб юрган қанча инсонларнинг мушкулини осонлатди.

Ўғлим Ғайрат Эшмуродовнинг 22 йилдан буён яшаб келаётган 12 сотих томорқаси Шўрчи тумани “Лайлакхона” маҳалласидаги 7-умумтаълим мактабининг ғарб томонида жойлашган. Бу жой ўғлимга 1989 йилда Шўрчи тумани “Полвонтош” жамоа хўжалиги бошқарувининг 1998 йил 24 апрелдаги 4-сонли қарори, собиқ “Мичурин” совхоз дирекциясининг 1989 йил 20 сентябрдаги 40-сонли буйруғи, халқ депутатлари “Соҳибқирон” ижроия комитетининг қарорига асосан амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳолда берилган. Ўғлимнинг томорқаси мактаб чегарасига дахл қилмаса-да, мана беш йилдирки, уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини олиш учун ушбу ҳудудни давлат рўйхатидан ўтказолмай қийналаётган эдик. Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Шўрчи туман филиали раҳбари ҳамда туман ҳокимлиги асоссиз важларни келтириб, бизни сарсон-саргардон қилиб келаётган эди. 10 май куни вилоят ҳокимининг Шўрчи туманида ўтказган сайёр қабулида ушбу масала юзасидан мурожаат қилдим. Менинг бу мурожаатимни ўрганиш таҳририятингиз зиммасига юклатилди.

Шукрки, уч кун ичида ўғлимнинг уй-жойи кадастр рўйхатидан ўтказилиб, барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилди. Қўлимда ҳужжатим бўла туриб, бюрократизмнинг қурбони бўлишдан, раҳбарларнинг эшигида сарғайишдан чарчагандим. Бугун муродим ҳосил бўлганини кўриб, чиндан ҳам адолатнинг қарор топаётганидан, раҳбарлар халқ учун астойдил хизмат қилаётганидан жуда қувондим. Оиламнинг, ўғлимнинг қувончини айтмайсизми. Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган одилона сиёсатидан, вилоятимиз ҳокимининг халқпарварлигидан миннатдормиз. Оддий инсонларнинг елкасига офтоб тегаётгани рост бўлсин.

Эсон ЭШМУРОДОВ,
меҳнат фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Янги ўқув йилидан хорижий тиллар ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўланади

021 йил 19 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan