Бош саҳифа / Спорт / Элга таниқлилар билан учрашув

Элга таниқлилар билан учрашув

Термиз шаҳридаги 1-сон футбол бўйича давлат ихтисослашган мактаб-интернатида вилоятнинг ҳамма гўшаларидан 170 нафар бола тарбияланмоқда. Уларга ўрта таълим фанлари ўқитилиши билан бирга футбол алифбоси ҳам мукаммал ўргатилади.

Ёшларга ўз даврида олий ва биринчи лига клубларида ўйнаган ҳамда мураббийлик қилган Ботир Кошкенбоев, Рустам Ражабмаҳмудов, Азамат Жўрамуродов, Абдулазиз Аллақулов каби тренерлар миллионлар ўйини сирларини ўргатишаяпти.

Мактабда ўйин назариясидан ташқари, бўлажак футболчилар вилоят ҳамда қўшни вилоятлардаги спорт мактаблари ўқувчилари билан ўзаро мусобақалашиб туришади, маҳоратларини ошириб боришади. Яқинда, 2003 йилда туғилганлар ўртасида ўтказилган вилоят биринчилигида мактаб тарбияланувчилари (мураббийи Р. Ражабмаҳмудов) ғолиб бўлди. Болалар лигаси баҳсларида футбол мактабининг 2004 йилда туғилган болалар жамоаси (тренери В. Муртазоев) биринчи ўринни эгаллади.

Вилоят раҳбариятининг  ғамхўрлиги туфайли футбол мактабининг моддий техника базаси йил сайин яхшиланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида 50 ўринли ётоқхона барпо қилинди, мактаб синфхоналари таъмирдан чиқарилди, “ISUZU” автобуси ажратилди. Яратилган шароитларга яраша мураббийлар меҳнати билан мактабдан иқтидорли футболчилар авлоди камол топаяпти.

Ташкил қилинганидан буён ихтисослашган мактаб катта футболга бир неча  иқтидорли  ёшларни тарбиялаб берди. Ҳозирда мактабнинг собиқ тарбияланувчилари Қувондиқ Рўзиев Тошкентнинг “Локомотив”, Сардор Абдураимов Муборак шаҳрининг “Машъал”, Нажмиддин Нормуродов  Термизнинг “Сурхон”,  Жаъфар  Исмоилов Норин туманининг “Ҳаққулобод”  клубларида  ўйнашаяпти. Шунингдек, Орзубек Бўриев, Ўрол Чориев, Азиз Шамсуддинов, Диёр Ибрагимов каби ўнлаб иқтидорли болалар футбол мактабини битиргач, ҳозирда Тошкентнинг “Бунёдкор”,“Пахтакор”, Қаршининг “Насаф” жамоалари футбол академиясида тарбияланиб, катта футболга ўтиш учун пухта ҳозирлик кўришаяпти.

Мактаб маъмурияти ва мураббийлари футболсевар ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш, маҳоратини ошириш, дунё футболи оламидаги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида тез-тез номдор ва таниқли спортчилар билан учрашувлар ташкил қилишаяпти. Яқинда Қаршининг “Насаф” клуби ҳужумчиси Илҳом Шомуродов, “Сурхон” жамоаси ўйинчиси Санжар Шомуродов, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Россиянинг “Ростов” жамоаси ўйинчиси Элдор Шомурдовлар футбол мактабида ўқувчилар билан учрашув ўтказишди. Савол-жавоб тарзида ўтган учрашувда тажрибали футболчилар ўқувчиларга катта футболдаги ўзгаришлар, ўзларининг ҳаёт тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди.

— Бу тарздаги учрашувлар шубҳасиз ёшларнинг футболга бўлган қизиқишини янада оширади, — дейди футбол мактаби директори Шуҳрат Холиёров. — 2018 йил бундай учрашувлару нуфузли мусобақаларни кўпроқ ташкиллаштиришни режалаштирганмиз…

У. НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Шахматчилар оромгоҳда тўпланишди

Сариосиё туман ҳокимлиги ва вилоят шахмат федерацияси ташаббуси билан “Сардор Парвин” оромгоҳида анчадан буён анъанавий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan